БАДИИЙ АСАРЛАРДА ФОЛЬКЛОР АНЪАНАЛАРИ
Full text
22 БАДИИЙ АСАРЛАРДА ФОЛЬКЛОР АНЪАНАЛАРИ Бекчанова Сайяра Базарбаевна Нукус ДПИ Ўзбек адабиёти кафедраси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент [email protected] DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17268105 Аннатоция: Мазкур мақолада қорақалпоқ фольклори ва ёзма адабиётига салмоқли ҳиссасини қўшган олима ва адиб Саригул Баҳадированинг «Ҳаяллар» повестида фольклордан ижодий фойдаланиши масаласига эътибор қаратилган. Ёзма адабиёти тараққиётида фольклор асарлари, уларнинг мавзу ва ғоявий мотивлари, сюжет ва образлари, адабий услуб ва тил бойлиги асосий манба сифатида хизмат қилганлиги масалалари ушбу асар мисолида таҳлилга тортилди. Калит сўзлар: фольклор анъаналари, жанр, ёзма адабиёт, мақол, миллий қадриятлар, повесть. Annotation: This article examines the creative use of folklore in the story „Hayallar“ by scientist and writer Sarygul Bakhadirova, who made a significant contribution to Karakalpak folklore and written literature. In the development of written literature, the main source of analysis using the example of this work was folklore works, their themes and ideological motives, plots and images, literary style and linguistic richness. Key words: Key words: folklore traditions, genre, written literature, proverb, national values, story. Аннотация: В данной статье рассматривается творческое использование фольклора Сарыгуль Бахадировой, учёным и писателем, внёсшим значительный вклад в каракалпакский фольклор и письменную литературу, в повести «Ҳаяллар» В развитии письменной литературы основным источником анализа на примере данного произведения послужили фольклорные произведения, их тематика и идейные мотивы, сюжеты и образы, литературный стиль и языковое богатство. Ключевые слова: фольклорные традиции, жанр, письменная литература, пословица, национальные ценности, повесть. Фольклор ва ёзма адабиётнинг бир-бирига бўлган таъсири бадиий тафаккур тарихининг жуда қадимий анъаналаридан бири ҳисобланади. Ҳар бир давр адабиёти фольклорга хос эстетик эҳтиёжлар, бадиий имкониятлар ва талаблари даражасида муносабатда бўлиб келган. Фольклор орқали ёзувчи ва шоирлар миллий қадриятларнинг мавзу ва ғояларидан, сюжет ва образларидан ҳаётни тасвирлаш усул ва услубларидан ижодий фойдаландилар. Бу эса яратган асарларининг халқчил бўлишига, уларнинг китобхон қалб қўридан жой олишига замин ҳозирлайди. Миллий қадриятлар ва ёзма адабиёт орасидаги муносабат анча мураккаб ва кўп қирралидир. Бу ҳақда профессор Б.Саримсоқов шундай ёзади: «Маълумки, миллий қадриятлар ва ёзма адабиёт муносабати ўз ичига ижодкор
23 асаридаги оддий миллий қадриятларимиздан тортиб, ижодий метод муносабати, халқчиллик, миллийлик, ижодкорнинг миллий қадриятлардан ижодий фойдаланиш йўллари ва усуллари, у ёки бу санъаткор маҳоратининг йўналиши ва унда миллий қадриятлар анъаналарининг таъсири каби масалалари билан биргаликда бадиий шакл соҳасидаги ўзаро таъсир масалаларигача қамраб олади» [2:37]. Халқ оғзаки ижоди намуналари орқали ёзма адабиёт намояндаларини халқнинг дили ва тили, ҳаёт тарзи, ички курашлари, дунёқараши ва урфодатлари, ташвиши ва орзу-истаклари билан яқиндан таништиради. Шоир ва адибларнинг миллий қадриятларимиздан, халқ оғзаки ижодидан асарларида ижодий фойдаланиши ёзма адабиётнинг тараққиётига, шу билан бирга, халқ асарларининг сақланиб қолишига уларнинг янгича умр кўришига хизмат қилади. Саригул Баҳадирова туркий фольклоршуносликда йирик олима сифатида илмий-адабий жамоатчилик эътиборига, қорақалпоқ насрида эса повестлари билан кенг китобхонлар назарига тушган адибдир. Олима чин маънода фольклоршунос сифатида танилиб, унинг ҳар бир асарида қорақалпоқ миллий калорити бўй кўрсатади. Ёзувчи сифатида ҳам Саригул Баҳадирова қорақалпоқ адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ижодкордир. У ҳамиша ўқиб ўрганишга чанқоқ, ҳаётнинг кўплар эътибор бермайдиган ички томонларини билишга, кузатишга доимий равишда ҳаракат қиладиган, ўз сўзи, ўз йўли, ўз услубини ярата олган аёл ижодкордир. Ёзувчининг асрлар оша давом этиб келаётган анъаналаридан бири халқ маънавий бойлиги – фольклордан ижодий фойдаланишидир. Ёзма адабиёти тараққиётида фольклор асарлари, уларнинг мавзу ва ғоявий мотивлари, сюжет ва образлари, адабий услуб ва тил бойлиги асосий манба сифатида хизмат қилганлиги масалаларини Саригул Баҳадированинг «Ҳаяллар» повести мисолида таҳлил қиламиз. Адабиёт миллат кўзгусидир. Ҳар бир миллат ёки мамлакат адабиётини ўқиб кузатар эканмиз, асардаги қаҳрамонлар орқали ўша миллат маданиятини ҳам кўз олдимизга келтирамиз. Қолаверса, белгиланган мавзулар ва умуминсоний қадриятлар барча миллатларга таъсир қилади. Турли муаллифларнинг бу борадаги асарлари халқ оғзаки ижоди билан биргаликда ҳар бир халқнинг кейинги авлодлари учун адабий мерос сифатида хизмат қилади [3:44].
24 Саригул Баҳадирова бу повестида фольклор анъаналаридан жуда чиройли тарзда, ўрнида ва жойида фойдаланган. Аёлларнинг кийимлари, уларнинг дастурхонга тўқиган нақшлари, меҳмон кутиш, қўл ювдириш, саломлашиш одоблари, образлар ҳатти-ҳаракати ва психологиясига ёзувчи томонидан моҳирона сингдирилган. Асарда шундай келтиради: «Олардиң алдына жақында озим қураған гулжайды қурақли дастурханды жайдым. - Пай -пай - па усы қарақалпақтың қызларының кестеге шебере-ай деп қонақ жигиттиң дастурханға ықласы кетты, - бул қурақлары бир сыйырға алса турады» [1:153]. Бу ўринда қорақалпоқ қизларининг гулжайды қурақли дастурханига жуда юқори баҳо беради. Қорақалпоқ халқининг асарда тилга олинган озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг тайёрланиши, китобхонда ушбу халқ ҳақида тўла тассавур ҳосил қилишга замин ҳозирлайди. Бу асарда тасвирланган воқеаларни бевосита фольклордан ўсиб чиққан, халқ оғзаки ижодининг замонавий ёзма бир кўриниши дейишимиз мумкин. Негаки, ёзувчи ўз асарида нафақат халқ мақоллари ва маталлари, ибораларидан фойдаланади, балки халқона мушоҳада юритади, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни халқона кўз билан кўриб, улардан халқона бир аёл нигоҳи билан хулосалар чиқаради. «Ҳаяллар» повестидаги мақолларга назар ташласак уларнинг нақадар тарбиявий аҳамиятга эга эканлигига гувоҳи бўламиз. Мақол жанрини чуқурроқ ўрганар эканмиз унда кўпроқ моддийликдан кўра маънавий эҳтиёж устунлик қилганини кўриш мумкин. Асарда қўлланилган мақоллар ҳам қорақалпоқ халқи донишмандлигининг намунаси сифатида яққол намоён бўлади. Масалан: «Туртурдан хабар келсе, уйқыдан маза қашар», «Елдиң көрки ел менен, көлдиң көрки суў менен», «От ишинде, пахта аман қалар», Ҳәм дайымды көрип қайтайын, ҳәм тайымды уйретип қайтайын»[1:153] каби мақолларни учратамиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу мақолларда айнан моддийликдан кўра маънавий эҳтиёж устунлик қилади. Бундан ташқари асарда қорақалпоқ уруғлари ва уларнинг урф-одатлари ҳақида ҳам келтириб ўтади. Айниқса, бессары уруғи, уларнинг ўзига хос жиҳатларини асарда шундай келтиради. «Аўылды бәри бир урыўлы бессарылар болғанлықтан аўыл бойынша бир ҳаялға да ауыл адамларының атын айтыў үрдис болмаған. Бессарылар қарақалпақлардың ишинде қыз алыспайтуғын урыў, ҳәмме бир-бирине аға, ини, апа-сиңли еди»[1:155].
25 Миллий қадриятларимиз билан боғлиқ асарда тўй тасвирининг берилиши, қорақалпоқ халқининг бошқа халқларда учрамайдиган жиҳатларини очиб беришга хизмат қилади. Ўртага ўт ёқиб, қур бўлиб ўтириб, дўмбира жўрлигида бахши айтиши, қиз-йигитларниг тарафма-тараф бўлиб бахшига ҳар-хил ўзларининг мақсад ва ниятлари билан боғлиқ қўшиқларни ижро қилишни сўраб ҳар-хил тартибда совға-саломлар улашиши ҳолатлари асарга ўзгача миллий руҳ бағишлайди. Асарда ҳикоя ичида ҳикоя қилиш усулидан ҳам жуда чиройли тарзда фойдаланган. Қадимгиларнинг сўзларини келтириб воқеаларга изоҳ берилиш ҳолати ҳам асар сюжети, тасвирланган воқеалар баёнини, китобхон кўз ўнгида тўла намоён бўлишига хизмат қилган. «Ғаррылардың айтыўына қарағанда бурынлары усы көлде жолбарыс келип қумның артындағы әулийеге түнеп кеткен деседи»[1:161]. Яна бир жойида шундай келтиради. «Жаздың усы айы ғаррылардың айтыўына қарағанда сүйир шыбынның бири жуз, жузи мың болатуғын қусайды»[1:167]. Хуллас, ёзувчи ўз ғоявий нияти, маҳоратига қараб фольклор материалига турлича муносабатда бўлади. Яъни бу ўринда у фольклор материалини айнан ишласа, яна бир ўринда уни шу даражада ўз асарининг руҳига сингдириб юборадики, уни оддий фольклоризмни қайд этиш йўли билан аниқлаб бўлмайди. Хулоса қилиб айтганда, Саригул Баҳадирова сўз қўллаш, халқона йўналишда тасвирлаш ва бадиий далилаш санъатини жуда нозик нуқталари билан ўзлаштирган. У қисқа жумлалардан фойдаланса ҳам уларга теран маъно юклай олган. Шунинг учун ҳам ёзувчи ижодини кенгроқ йўсинда батафсил ўрганиш ҳамда илмий-назарий умумлашмалар чиқариш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Саригул Баҳадирова асарларида халқ оғзаки ижоди, унинг ранг-баранг жанрлари, кенг кўламда акс эттирилган бўлиб ижодий изланишлари ҳаётий материаллар асосида рўёбга чиққан. Унинг деярли барча асарларида инсон шахси, ҳис-туйғулари ва унга эътибор масаласи асосий диққат марказида туради. Бу муаммоларни ифодалашда ижодкор кўпгина бадиий тасвирий воситалардан, фольклор анъаналаридан фойдаланади. Унинг ҳар бир асарини ўқиб фольклорнинг нақадар чуқур билимдони эканлигини англашимиз мумкин. Фойдаланган адабиётлар: 1. Баҳадырова С. Қарақалпақ қандай халқ. – Ташкент: Наврўз, 2017. 2. Саримсоқов Б. Фолклор ва ўзбек адабиёти муносабатларига доир изланишлар. Тoшкент: Ўзбек тили ва адабиёти, 1975. 5-сон, 35-37-бетлар. 3. Конрад Н.И. К вопросу о литературных связях // Запад и Восток. — М., 1966. – C. 43–52.