ИНВЕСТИЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИ ТАЪСИРИДА ҲУДУД СОЛИҚ ПОТЕНЦИАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛЛАРИ
Abstract
Мақолада инвестиция жараёнларининг ҳудуд солиқ потенциалини ривожлантиришдаги аҳамияти таҳлил этилган. Шу билан бирга, солиқ маъмурчилигидаги камчиликлар, имтиёзларнинг шартсиз берилиши ва солиқ маданиятининг пастлиги тўсиқ сифатида кўрсатилган. Ишда солиқ имтиёзларини мақсадли йўналтириш, маъмурий ислоҳотлар ва рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали ҳудуд солиқ потенциалини барқарор ривожлантириш йўлларини таклиф этилган.
Full text
INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 544 ИНВЕСТИЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИ ТАЪСИРИДА ҲУДУД СОЛИҚ ПОТЕНЦИАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛЛАРИ Эргашев Умиджон Ибрагимович Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали, ассистент https://doi.org/10.5281/zenodo.17270800 Аннотация. Мақолада инвестиция жараёнларининг ҳудуд солиқ потенциалини ривожлантиришдаги аҳамияти таҳлил этилган. Шу билан бирга, солиқ маъмурчилигидаги камчиликлар, имтиёзларнинг шартсиз берилиши ва солиқ маданиятининг пастлиги тўсиқ сифатида кўрсатилган. Ишда солиқ имтиёзларини мақсадли йўналтириш, маъмурий ислоҳотлар ва рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали ҳудуд солиқ потенциалини барқарор ривожлантириш йўлларини таклиф этилган. Калит сўзлар: инвестиция жараёни, ҳудуд солиқ потенциали, солиқ маъмурчилиги, солиқ имтиёзи, модернизация. Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида инвестиция жараёнлари барқарор ўсиш ва иқтисодий модернизациянинг асосий драйвери сифатида намоён бўлмоқда. Инвестициялар нафaқat янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, балки инновацияларни жорий этиш, иш ўринларини кўпайтириш ва ҳудудий иқтисодий ривожланишни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ҳудудий иқтисодиётнинг молиявий барқарорлиги кўп жиҳатдан солиқ тушумлари ва уларнинг самарали бошқарилишига боғлиқ. Солиқ потенциали – ҳудуднинг мавжуд иқтисодий имкониятлари асосида олиниши мумкин бўлган максимал солиқ тушумлари йиғиндиси сифатида таърифланиб, унинг ривожланиши инвестиция жараёнлари билан узвий боғлиқдир. Чунки инвестиция ҳажмининг ортиши ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиради, янги тадбиркорлик субъектларини шакллантиради ва шу орқали солиқ базасини кенгайтиради. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳудудий инвестиция сиёсатини такомиллаштириш, хорижий ва ички сармояларни жалб қилиш, солиқ имтиёзлари ва преференциялар орқали инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ ҳали ҳам ҳудудлар кесимида солиқ тушумлари ўсиши ва инвестиция оқимлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, инвестиция жараёнларининг ҳудуд солиқ потенциалига таъсирини ўрганиш, унинг ривожланиш йўлларини белгилаш ва амалиётга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш замонавий иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларнинг асосида иқтисодиётни модернизациялаш жараёнлари ётади. Модернизациянинг бош мақсади – миллий иқтисодиётни янгилаш, устувор тармоқларда илм-фан ютуқларини тадбиқ этиш орқали инновацион ривожланиш йўлига ўтказиш, мамлакат рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришдан иборатдир.
INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 545 Ҳар қандай шароитда солиқ муносабатларини такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки солиқ тизими иқтисодий фаолиятни тартибга солиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Солиқ муносабатларининг самарали йўлга қўйилиши, аввало, миллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, солиқ тизимини оптималлаштириш ва уни инвестиция жараёнлари билан уйғун ҳолда ривожлантириш ҳудуд солиқ потенциалини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади [1]. Инвестиция оқимлари орқали янги ишлаб чиқариш базалари ташкил этилиши, инновацион тармоқларни ривожланиши ва янги иш ўринларининг яратилиши солиқ базасини кенгайтириб, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш имконини беради. Иқтисодиётни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларига хизмат қиладиган солиқ сиёсатини тартибга солиш масалалари мамлакатимизда стратегик аҳамият касб этади. Бу жараён, энг аввало, илғор технологиялар билан жиҳозланган, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлайдиган, рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги саноат корхоналарини ташкил этишга хизмат қилади. Шу орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт-импорт салоҳияти тартибга солинади, янги иш ўринлари яратилади ва ҳудудий иқтисодий барқарорлик таъминланади. Сифати ва нархи жиҳатидан жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳамда янги маҳсулот турларини ўзлаштириш молиявий ва солиқ муносабатларини самарали йўлга қўйиш орқали амалга оширилади. Демак, иқтисодий модернизация жараёнлари тўғридан-тўғри солиқ тизими ва унинг потенциалини ривожлантириш билан узвий боғлиқдир. Модернизация атамаси замонавий жамиятда “замонавийлаштириш” маъносини англатиб, ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг янги босқичга ўтишини ифода этади. П. Штомпканинг таъкидлашича, модернизация турли кўринишларга эга: • биринчидан, у жамият олдинга силжиётган пайтда прогрессив ижтимоий ўзгаришлар йиғиндиси сифатида намоён бўлади; • иккинчидан, қолоқ ёки орқада қолаётган жамиятларни ривожланган мамлакатлар даражасига етказиш воситасидир; • учинчидан, у замонавий жамиятнинг марказий тараққиёт йўналишлари бўйлаб ҳаракатини англатади [2]. Шу маънода, иқтисодий модернизация кенг маънода жамиятда янгиланиш ва ривожланиш жараёнларини қамраб олади. У меҳнат тақсимоти ўсиши, ишлаб чиқариш жиҳозлари самарадорлигининг ошиши, фан ва инновацияларни ишлаб чиқариш кучига айлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни рационал бошқаришни такомиллаштириш орқали чуқур иқтисодий такрор ишлаб чиқаришни таъминлайди. Шу тарзда, иқтисодиётни модернизация қилиш жараёни инвестиция фаолияти билан биргаликда ҳудудларда янги солиқ базаларини яратади, бу эса ўз навбатида солиқ потенциалини ошириш ва уни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади. Модернизация жараёнлари товар-пул муносабатларини ривожлантириш, миллий ва трансмиллий бозорларни шакллантириш ҳамда капитал айланишини таъминлайдиган иқтисодий шакл ва институтларни яратишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Бу
INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 546 жараёнда мамлакат иқтисодиётини жаҳон иқтисодий ҳамжамияти билан интеграция қилишда хорижий инвестициялар алоҳида ўрин тутади. Модернизация анъанавий жамиятдан саноатлашган ва йирик машиналашган ишлаб чиқаришга асосланган ҳамда ижтимоий жараёнларни қонунларга таянган ҳолда оқилона бошқаришга қаратилган жамиятга ўтиш жараёнини англатади. Назарий жиҳатдан модернизация “анъанавий ёпиқ жамият”дан “замонавий очиқ жамият”га ўтиш жараёни сифатида изоҳланиб, унда саноатлаштириш, урбанизация, умумий таълимнинг ривожланиши, сиёсий институтларнинг шаклланиши ва ҳудудий ҳамда ижтимоий сафарбарликнинг кучайиши каби омиллар муҳим аҳамият касб этади. Бироқ модернизация жараёнларида солиқ ва божхона имтиёзларининг самарадорлиги пастлиги сезилмоқда. Бундай ҳолат, асосан, имтиёзларнинг ҳеч қандай шартларсиз тақдим қилиниши ва қайтариб олинмаслиги билан боғлиқ. Натижада имтиёзлардан фойдаланувчи корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ёки экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича мажбурият олмайдилар. Шу боис, ҳукумат қарорлари билан бериладиган имтиёзларни қисқартириш, уларнинг ўрнига эса аниқ тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган мақсадли солиқ кредитларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Бу, бир томондан, давлат бюджетига қўшимча маблағларни жалб қилиш ва иқтисодиётдаги солиқ юкини пасайтириш имконини берса, иккинчи томондан, соғлом рақобат муҳитини кучайтиради. Шу тариқа, солиқ имтиёзларини мақсадли йўналтириш орқали инвестиция жараёнларининг самарадорлиги ошади, ишлаб чиқариш қувватлари кенгаяди ва ҳудудий солиқ базаси мустаҳкамланади. Бу эса ўз навбатида ҳудуд солиқ потенциалини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, инвестиция жараёнлари ҳудуд солиқ потенциалини ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Инвестициялар орқали янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади, инновацион технологиялар жорий этилади, янги иш ўринлари ташкил этилади ва шу орқали солиқ базаси кенгаяди [3]. Бу эса маҳаллий бюджет даромадларининг ошишига ва ҳудудий иқтисодий барқарорлик таъминланишига хизмат қилади. Бироқ, амалиётда солиқ ва божхона имтиёзларининг шартларсиз тақдим қилиниши, солиқ қонунчилигининг беқарорлиги, солиқ маданиятининг пастлиги ва солиқ маъмурчилигининг етарлича самарали эмаслиги ҳудуд солиқ потенциалидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда. Шу боис, инвестиция жараёнлари ва солиқ сиёсати уйғунлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида намоён бўлмоқда. Шу йўсинда қуйидаги таклифларни шакллантирдик: - Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш – инвестиция жараёнларига тўсқинлик қиладиган ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, электрон хизматларни кенгайтириш. - Мақсадли солиқ имтиёзлари – солиқ ва божхона имтиёзларини шартли равишда тақдим этиш, яъни сармоядорлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифат ва экспорт кўрсаткичларини яхшилаш бўйича мажбурият олган тақдирдагина имтиёз бериш. - Инвестиция муҳитини яхшилаш – хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб қилиш учун барқарор ва шаффоф солиқ сиёсати юритиш.
INTERNATIONAL SYMPOSIUM “ADVANCED RESEARCH IN ECONOMICS AND BUSINESS MANAGEMENT”, SEPTEMBER 19, 2025 547 - Ҳудудий инфратузилмани ривожлантириш – солиқ тушумларини кўпайтириш мақсадида саноат зоналари, логистика марказлари ва инновацион кластерларни ташкил этиш. - Солиқ маданиятини ошириш – тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида солиқ тўлашнинг аҳамияти ҳақида тарғибот ишларини кучайтириш. - Инновация ва рақамли иқтисодиёт – инвестицияларнинг самарадорлигини ошириш учун рақамли технологиялардан фойдаланиш ва бу орқали янги солиқ тушумлари манбаларини яратиш. ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 1. Ахроров З. О. Солиқ муносабатларини тартибга солиш ва бюджет даромадларини оширишда солиқ тўлов потенциалининг роли ва аҳамияти //Scienceproblems. uz. – 2020. – Т. 1. – №. 1. – С. 49-61. 2. Sztompka, P. (2015). Modernization as social becoming: 10 theses on modernization. In global modernization review: New Discoveries and Theories Revisited (pp. 25-31). 3. Abdullaev Z. Ҳудуднинг солиқ потенциалини баҳолаш масалалари //Economics and Innovative Technologies. – 2023. – Т. 11. – №. 3. – С. 356-363.