scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

АДАБИЁТ НАЗАРИЯСИНИНГ БЕБАҲО МАНБАСИ

Боқижон Тўхлиев

Full text

214 АДАБИЁТ НАЗАРИЯСИНИНГ БЕБАҲО МАНБАСИ Боқижон Тўхлиев ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти “Адабиёт назарияси ва адабий алоқалар” бўлими мудири, филология фанлари доктори, профессор DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17271981 Annotatsiya: Mazkur maqola adabiyot nazariyasi, adabiy ta’sir va adabiy aloqalarning mumtoz namunalari tahliliga bagʻishlanadi. Shuningdek, Алишер Навоийнинг “Хамса”сидаги илк достон – “Ҳайрат ул-аброр”даги бир ҳикоя ва “Якка Аҳмад” достонидаги бир эпизод tahlili orqali folklor va yozma adabiyot, yozma adabiyot va folklor oʻrtasidagi adabiy ta’sir, oʻxshashlik va takrorlar haqida soʻz yuritiladi. Kalit soʻzlar: adabiyot nazariyasi, adabiy ta’sir, adabiy aloqa, “sayyor sujetlar”, tatabbu, nazira, ustoz-shogirdlik an’anasi. Аннотация: Статья посвящена анализу классических примеров литературной теории, литературного влияния и литературных связей. В ней также рассматриваются литературное влияние, сходства и повторы между фольклором и письменной литературой, а также письменной литературой и фольклором на примере анализа сюжета из первой поэмы «Хамса» Алишера Навои – «Хайрат ул-аброр» и эпизода из эпической поэмы «Якка Ахмад». Ключевые слова: литературная теория, литературное влияние, литературная коммуникация, «путевые сюжеты», татаббу, назира, традиция наставничества. Annotation: This article is devoted to the analysis of classical examples of literary theory, literary influence, and literary connections. It also discusses the literary influence, similarities, and repetitions between folklore and written literature, and written literature and folklore, through the analysis of a story in the first epic poem in Alisher Navoi's "Khamsa" - "Khayrat ul-abror" and an episode in the epic poem "Yakka Ahmad". Keywords: literary theory, literary influence, literary communication, "traveling plots", tatabbu, nazira, tradition of mentorship. Адабиёт назарияси адабий ҳодисаларнинг пайдо бўлиши, уларнинг тараққиёти, равнақи ва таназзули ҳақида жуда бой тасаввур ва тажрибалар галареясига эга. Бу ерда адабий таъсир, устоз ва шогирдлик анъаналари, ўзаро яқин (қардош) ва узоқ (қардош бўлмаган) адабиётлар ўртасидаги алоқа ва таъсирлар муаммоси ҳам мавжуд. Буларнинг ёнида “сайёр сюжетлар” [4: 243] деган тушунча ҳам борки, бу адабий ҳодиса ҳам кўплаб ўзига хосликлар ва мураккабликларга эга. Биргина мумтоз адабиётнинг ўзида татаббу, назира, жавобия ва бошқа тушунчалар мавжуд. Татаббу араб тилига оид сўз бўлиб, “эргашиш”, “издошлик” маъноларини беради [5: 224-226]. 215 “НАЗИРА (араб.) – Шарқ адабиётидаги анъанавий усуллардан бири; ўтган ёки замондош адиб асарига ўхшатма тариқасида ёзилган асар. Нaзирани мумтоз шоирлар татаббу деб ҳам юритишган. Навоий ўз «Хамса»сининг Низомий «Панж ганжи»га татаббу деб атайди. Истеъдодли назирагўй адиблар маълум бир асарга ижодий ёндашиб, шу асар мавзуини бойитиш ва ривожлантириш, янги муаммо ва ғоявий мотивларни кўтариш, янги образ ва характерлар яратишни мақсад қилган. Ўтмиш шоирларининг яхши асарларига назира ёзиш ўзбек адабиётида ҳам учрайди. Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий ва б. шоирлар назиралар битганлар” [3: 243]. Ўзбек (туркий) фольклор ва ёзма адабиёт, хусусан, мумтоз адабиёт ўртасидаги боғланишлар бу соҳага жуда бой матеиал бера олади. Мақолада Алишер Навоийнинг “Хамса”сидаги илк достон – “Ҳайрат улаброр”даги бир ҳикоя ва “Якка Аҳмад” достонидаги бир эпизод ҳақида сўз боради. “Ҳайрат ул-аброр”нинг XXXVI боби саккизинчи мақолатни бошлаб беради. Унга “Вафо бобидаким, «вов»и симурғ «син»ининг зимнида даҳякидек ниҳон дурур ва «фо»си Қоф тоғи остидағи «фо»дек аён ва «алиф»и кимё тубидаги «алиф» нишонаси ва нуқтаси меҳригиё бутасининг донаси. Бас буларни тамаъ килғон кишининг иши сув сатҳида югурмак бўлғай ва қаро ерда кема сурмак” деб сарлавҳа қўйилган [1: 176]. Унга илова тарзида келтирилган ҳикоят эса “Икки вафолиқ ер бир-бириси вафосига бошларидин кечгани ва алар баракатидин юз минг бош қиличдин ва қилич қиндин қутулгани, балки қинга тушгани” деб номланган [1: 185-187]. Алишер Навоий воқеаларнинг юз бериш ҳолатини тарихий жараён –Амир Темур фаолияти билан боғлаган. Ҳиндистон воқеанинг содир бўлиш жойи. У ерда қаттиқ жанг бўлди: “Андоқ эшиттимки шаҳи комрон, Тўрт улус хони Темур кўрагон. Фатҳи ақолимга қилғонда азм. Ҳинд саводида қатиқ бўлди разм”. Ёв енгилди. Уларда тегишли талаб ва қонунларга зидлик сезилганидан кейин юртда қатли ом – ёппасига қирғин эълон қилинади: Фатҳ ила нусрат чу анга берди даст, Чарх адув қалбига солди шикаст2. 216 Чунки адув куфр эли эрди тамом, Бек дедиким қилсун улус қатли ом. Касратидин даштни тутғон қатил, Қон ила шингарфдин оқизди Нил3. Бош тушуб ул рўдда сой тошича, Бош кесибон ҳар киши ўз бошича. Ҳар сари қон тўкмак ила тиғи тез. Жумлаи оламда солиб рустахез. Ёв томонидагилар орасида икки қадрдон дўст ҳам бор эди. Аскарлар уларнинг тепасига келганида жуда кутилмаган бир ҳол юз беради. Навкарлар қайси бир маҳбуснинг те5пасига бориб қилич солмоқчи бўлса, унинг шериги аскарларга қараб, аввал ўзининг бошини кесишларини илтимос қилади, ялинади, ёлворади: Ушбу маҳалда ики бечора ёр Бўлди қитол аҳлиға ногаҳ дучор. Тушти сипоҳи бирисин чопқали, Шоҳ ёсоқидин амон топқали. Қатл ишига чун ёнидин чекти тиғ, Бошин анинг чопмоқ учун бедариғ. Кўрди чу тиғ остида қўлдошини, Ёри шафиъ ўлди очиб бошини, Ким санга мақсуд агар бош эрур, Қўй ани, бу бош анга подош эрур4. Чун анга юзланди қўюб ёрини, Ёри ҳам этти бу сўз изҳорини. 217 Қайсиға айлай деса ул зулм фош, Ёри қўяр эрди аёғиға бош. Тунд бўлуб қотили пўлод чанг, Деди: Иккингизни чопай бедаранг. Қай бирининг қатлиға қилғач шитоб, Ёна бири айлар эди изтироб, Ким мени қатл айла бурун тез бўл, Токи мен ўлгунча тирик бўлсун ул. Базл қилурлар эди бир-бирга бош, Бошлариға тиғ учун эрди талош. Худди мана шу маҳалда яна бир кутилмаган ҳодиса рўй беради – қатли омни тўхтатиш ҳақида буйруқ келади. Макс эди бу навъ арода бир замон, Ким эл аро тушти нидо ал-амон5. Бир-бирига кечти алар жонидин, Шоҳ доғи кечти улус қонидин. Фош этиб ул сидқу маваддат хавос, Ҳам элу, ҳам ўзлари бўлди халос. Муаллиф, яъни Алишер Нaвоий ундан қуйидагича хулоса чиқаради: Берса Навоий, санга ёре худо, Сен доғи қил бошингу жонинг фидо. Соқий, олиб кел кадаҳе ёр эсанг, Меҳру вафо шарти била бор эсанг. Оғзима жон етти даво қил манга, Ваъда неча эмди вафо қил манга Бундан келиб чиқадиган асосий хулоса шуки, инсон дўстлик қоидаоларига риоя қилиб яшаса, аҳил ва ҳамжиҳат бўлса, вафо ва садоқат унинг ҳақиқий 218 ҳаёт тарзига айланса, бунинг нафини бир ўзи эмас, балки бошқалар, аниқроғи “Ҳам элу, ҳам ўзлари” кўради, барча эрку озодликка мушарраф бўлади. Энди “Якка Аҳмал”га қайтамиз. “Ўзбек халқ достонларида энг мукаммал ишланган мотивлардан бири қаҳрамонона дўстликдир. Бу мотив ўзбек эпосининг бошқа бирор намунасида “Алпомиш” достонидагидек мукаммал ва гўзал ҳолатда учрамайди. “Якка Аҳмад” ҳам бундан мустасно эмас. Тўғри, достонда Аҳмад билан Балх шаҳзодаси Эрназар ва қирқ айёрнинг бири Алмуҳаммад дўстлиги берилади. Бироқ бу қаҳрамонона дўстлик бўлмай, эпос тараққиётининг кейинги босқичига хос дўст тутинишдир” [2: 12]. Биз учун масаланинг бошқа бир томони муҳим. Айни мотив ёзма адабиёт учун ҳам хос. Албатта, поэтик ҳодисаларнинг ҳодисаларнинг ташқи ўхшашлиги ёхуд уларнинг ўзаро яқиндиги адабий тажрибаларда оз учрамаса-да, ҳали бу яқинлик ва ўхшпшликларнинг асл моҳияти мутлақо бошқа-юошқа бўлиши ҳам мумкин. Бунинг ўзига хос бир шакли “Якка Аҳмадда кўринади. “достонда Аҳмад билан Балх шаҳзодаси Эрназар ва қирқ айёрнинг бири Алмуҳаммад дўстлиги берилади. Бироқ бу қаҳрамонона дўстлик бўлмай, эпос тараққиётининг кейинги босқичига хос дўст тутинишдир. Эрназар қирқ йигити билан овга чиқади. Зангилар уни тутиб банд этадилар. Аҳмад зангиларни ўлдириб, уларни озод қилади. Эрназар ва Аҳмад дўстлигига шу сабаб бўлади” [2: 12] “Қаҳрамоннинг қирқ айёрнинг бири Алмуҳаммад билан дўстлашувида эса, сўз кучи, психологик таъсир муҳим роль ўйнайди. Шоир бунда айёрларга банди бўлган Аҳмад тилидан унинг шаъну шавкати ва армонини ифодаловчи бадиий гўзал учта лирик монолог берадики, санъаткорона тасвирланган бу ички кечинмалар асносида душман Алмуҳаммад дўстга айланади ва қаҳрамонни ҳимоя қилишга уринади” [2: 12].Бунинг тафсилоти қуйидагича: “Душманларнинг зулми, таёғи ҳаддидан оша берди, Аҳмадбекнинг алами зиёда бўлиб” (59), ўз ҳолига ўзи қайғуриб қолади. Полвон Аҳмад қилди ададсиз армон, Иш бўлмас яратган ҳақдан бефармон, Айёрлар ичинда биров бор экан. Оти Алмуҳаммад, дини мусилмон. Алам тортиб банди бўғнин бўшлади, Во ҳасрато, хумор кўзни ёшлади. 219 Дини мусилмонди ҳурмат қилиб Алмуҳаммад, Аҳмаднинг устига ўзин ташлади”(61). У ўзининг шерикларига қараб шундай мурожаат қилади: Қулоқ солинг Алмуҳаммаднинг тилига, Булбул ошна бўлар боғнинг гулига, Мени ўлдир дўстимни озод айланглар, Мусофирдир, эсон кетсин элига! (61) ...Бобоайёр бадбахт Аҳмадбекка зулмлар қилиб турган вақтда, Алмуҳаммаддан бу сўзни эшитиб, дарқаҳр бўлиб, бу қандай ажали етган эди, – деб қошидаги айёрларга қараб бир сўз деди: Эсанкираб эси кетган ким бўлди, Бу ерда ҳисоби йитган ким бўлди, Аввал бошлаб Алмуҳаммадни ўлдиринг, Бу ерда ажали етган ким бўлди?! Армон билан билмаганин билдиринг, Ханжар чалиб қора бағрин тилдиринг, Бу ерда ажали етган ким бўлди? Аввал бошлаб Алмуҳаммадни ўлдиринг (61-62). Бобоайёр Алмуҳаммадни бойлаб, аввал унинг, бошини кесмоқчи бўлади. Шунда Аҳмадбек шундай дейди: Қулоқ сол, айёрлар, қилган додима, Қайтайин, етмай ўлдим мақсадима, Бир минолмай қолдим тулпор отима, Қўлим етмай қолди-да пўлатима. Бу ишда дўстимнинг йўқдир гуноҳи, Алмуҳаммад ўлмасин касофатима... Мени ўлдир Алмуҳаммадни қўйинглар, Даркор бўлса менинг бошим кесинглар, Шундай бўлди, менга ҳақнинг фармони, Кўнглимда кўп кетди қанча армони, Мени ўлдир, дойимни ўйгин армони (63). Мана шу жараён устига ғойибдан ҳам бир мадад етишиб Аҳмад бандиликдан озод бўлади. 220 Мана шу мисолнинг ўзиёқ адабий-эстетик ҳодисалар ўртасида қатор ўхшашлик ва такрорлар бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Албатта, конкрет ҳолда Алишер Навоий ва Эргаш Жуманбулбуллар ўртасидаги алоқа ва боғланишлар қонуниятлари ҳақида дабдурустдан бир нарса дейиш қийин. Шунга қармай, бундай боғланишларнинг ёзма адабиётнинг фольклорга ҳамда фольклорнинг ёзма адабиётга маълум “озиқ манбаси” бўла олишини яна бир марта тасдиқлайди. Уларнинг бошқа жиҳатлари устида эса ҳали анча-мунча бош қотиришлар, илмий изланишларнинг амалга оширилиши тақазо этилади. Бу ҳозирча келажакнинг иши бўлиб турибди. Адабиётлар рўйхати: 1. Алишер Навоий. Ҳайрат ул-аброр. Порсо Шамсий илмий-танидий тексти асосида достонни изоҳлар билан нашрга тайёрловчилар А.Ҳайитметов ва И.Ҳаққулов. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 7-жилд. – Тошкент: Фан, 1991. 176-бет. 2. Тўра Мирзаев, Жаббор Эшонқулов. “Якка Аҳмад” ва “Эрназархон” достонлари ҳақида. – Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари. 100 жилдлик. Ўн бешинчи жилд. Якка Аҳмад. Достонлар (Эргаш Жуманбулбул ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан ва Раҳматулла Юсуф ўғли вариантлари). – Тошкенг: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2016. 12-бет. 3. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 6-жилд. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашриёти, 2004, 243-бет. (– Б.704) 4. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 7-жилд.– Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашриёти. 2004, 243-бет. (– Б.704) 5. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 8-жилд. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашриёти, 2004, 243бет. (– Б.704). Батафсил маълумот учун яна қаранг: Исҳоқов Ё. Сўз санъати сўзлиги. – Тошкент: O‘zbekiston, 2014, 224-226-бетлар.