ТАРИХИЙ РОМАНДА КОНЦЕПЦИЯЛАРО УЙҒУНЛИК ("УЛУҒБЕК ХАЗИНАСИ" РОМАНИ МИСОЛИДА)
Full text
221 ТАРИХИЙ РОМАНДА КОНЦЕПЦИЯЛАРО УЙҒУНЛИК (“УЛУҒБЕК ХАЗИНАСИ” РОМАНИ МИСОЛИДА) Ғайрат Муродов Бухоро давлат университети профессори, филология фанлари доктори DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17271993 Аннотация: мақолада таниқли ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” концепциялараро муштараклик нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Адабий-бадиий анъаналар синкретизми, жаҳон, айниқса, Марказий Осиё романчилиги ютуқларини ўз поэтик структурасида тажассум этган ушбу асарнинг бадиий-поэтик структурасининг муштарак ва ўзига хос жиҳатлари ёритилган. Калит сўзлар: тарихий роман, тарихий-биографик роман, поетик трансформация, синкретизм, бадиий замон, психологизм. Аннотация: В статье анализируется произведение известного писателя Одила Якубова «Сокровище Улугбека» с точки зрения общности концепций. В поэтической структуре произведения, воплотившего в себе достижения мировых, особенно центральноазиатских, романистов, выделяются общие и уникальные черты художественно-поэтического строя. Ключевые слова: исторический роман, историко-биографический роман, поэтическая трансформация, синкретизм, художественное время, психологизм. Abstract: The article analyzes the work of the famous writer Odil Yakubov “Ulugbek’s Treasure” from the point of view of the commonality of concepts. In the poetic structure of the work, which embodies the achievements of world, especially Central Asian, novelists, common and unique features of the artistic and poetic structure are highlighted. Key words: historical novel, historical-biographical novel, poetic transformation, syncretism, artistic time, psychologism Марказий Осиё бадиий ҳудудида яратилган дастлабки тарихийбиографик романлар (“Навоий”, “Абай йўли”)да бош қаҳрамонлар (Алишер Навоий, Абай Қўнонбоев) ҳаётининг деярли бутун даври ёки муҳим бир босқичи хронологик изчилликда бадиий ифодасини топган бўлса, кейинги адабий-бадиий тараққиёт босқичи (60-80-йиллар)да бу усул сақланиб қолиниши билан бир қаторда бошқача, янгича йўллар орқали ҳам берила бошланди. Масалан, ўзбек адиби О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”да қисқа бадиий замон тасвирланиб, асосий эътибор бош қаҳрамонлар ва турли персонажларнинг ички дунёси бадиий тадқиқига қаратилган. Марказий Осиё тарихий-биографик романи генезиси, бадиий тараққиёти, поетик трансформацияси адабий-бадиий, маданий-маърифий тафаккурнинг ҳам, жамиятнинг, тузумнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи, дунёқараши,
222 таълимотларининг ҳам даражаси, мезонлари, талаб ва эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлиқ. Масалага ана шу нуқтаи назардан қаралса, Туркистон халқларининг айрим буюк аждодларига тарих илмида ҳам, бадиий адабиётда ҳам зиддиятли муносабатда бўлинганлигини кузатиш мумкин. 60-80-йилларда бадиий тафаккур, адабий-бадиий жараённинг ривожланиши ва шунга мувофиқ равишда тарихий романчиликнинг тараққиёти натижасида ўзбек адабиётида “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” каби йирик эпик асарлар яратилди. Бу романларни тадқиқ этиш тарихий романчиликнинг тадрижи, диалектикаси, даврлараро, асарлараро ворисийлик, адабий-бадиий жараён оқимининг ички, мураккаб алоқабоғланишлари, шунингдек, улкан эпик шаклдаги эврилиш, ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида маълум бир қарашларга келишга имкон беради. Бу тарихий романлар адабий жамоатчилик, китобхонлар томонидан яхши қабул қилинди, танқид ва адабиётшунослик намоёндалари уларга юқори баҳо бердилар. Хусусан, ўзбек адиби Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи ўз психологизми, шиддатли драматизми, бадиий образларнинг нисбатан тўлақонлиги билан кўпчиликнинг эътиборига тушди, баҳс – мунозараларга асос бўлди. Профессор У.Норматовнинг фикрига кўра, О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” асари тарихий роман бўлиши билан бир қаторда психологик роман ҳамдир[1: 24] Н.Владимирова 60-70-йилларда ёзилган ўзбек романларини тадқиқ этар экан, “Улуғбек хазинаси” даги икки асосий бадиий хусусиятни: а) сюжет драматизми; в) психологик таҳлилни ажратиб кўрсатган[2: 259] Тарихий роман тадқиқотчиси А.Каттабеков ёзишича, “Улуғбек хазинаси”га драматик материал ва ўткир коллизиялар асос қилиб олинган[3: 9899] С.Мамажонов эса О.Ёқубов романи тарихий далиллар ва шахслар бадиий таҳлилининг ажойиб намунаси эканлигини қайд этган. “Улуғбек хазинаси” фақат мунаққид ва адабиётшунослар томонидангина эмас, давримизнинг атоқли сўз санъаткорлари томонидан ҳам ижобий баҳоланган. Буюк адиб Чингиз Айтматовнинг эътироф этишича, бу-юксак ва олижаноб проза намунаси. Бадиий қуввати жиҳатидан салмоқдор тарихий роман. Бошқирд адиби Мустай Карим романнинг ғоявий қудрати, эмоционал
223 таъсир кучи жуда зўрлиги, чин замонавий асар даражасига кўтарилганини таъкидлаб кўрсатган[4: 419] Юқоридаги каби фикр-мулоҳаза, баҳо, талқин ва эътирофлар Одил Ёқубов эпик ижодига мансуб биринчи тарихий романнинг адабий-маданий ҳаётда ўзига хос ҳодиса бўлганлигини, бадиий жиҳатдан пишиқлигини, хусусан, бош қаҳрамон бадиий структурасининг баркамол барпо этилганлигини тасдиқлаб турибди. “Улуғбек хазинаси” тарихий романининг бош қаҳрамони – машҳур темурийзода, соҳибқирони акбарнинг севимли набираси, Мовароуннаҳр ҳукмдори, аллома Мирзо Улуғбек. Табиийки, муаллиф тарихий шахс бадиий образини роман майдонида юзага келтирар экан, унинг таржимаи ҳоли, сиёсий, ҳарбий, илмий, маданий-маърифий фаолияти тўғрисидаги маълумот, ахборотлар билан танишган ва улардан фойдаланган. Тарихий манбалар (Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Навоий, Бобур ва бошқа муаллифларнинг рисола, тазкира, мемуарлари) Муҳаммад Тарағай Улуғбекни адолатли подшоҳ, олим, фан ташкилотчиси, илмий мактаб асосчиси сифатида таърифлайди. Роман муаллифи тарих ҳақиқатига мутаносиб тарзда тарихий шахсга хос олижаноблик, инсонийлик, маърифатпарварлик хусусиятларини бош қаҳрамон тимсолида мужассамлаштиришга эришган. Шунингдек, бу асар марказий персонажи тадқиқи унда бадиий адабиётнинг этук намуналарига хос бир талай белги-аломатлар мавжуд эканлигини кўрсатади. Бу масалага эътиборни қаратган С.Мамажонов “Улуғбек хазинаси” билан “Навоий” романи, “Мирзо Улуғбек” фожиаси каби асарлараро муайян боғланишлар борлигини кўрсатган эди. Тадқиқотчининг фикрича, тарих ва ҳукмдор, ҳукмдор ва халқ, шахс ва жамият, уруш ва тинчлик каби муҳим муаммолар бу асарларни ўзаро яқинлаштириб туради. Кўриняптики, адабиётшунос нафақат романчилик, шунингдек, бошқа жанр намуналари орасидаги типологик, генетик-шажаравий муносабатлар хусусида фикр юритяпти. Агар масалага кенгроқ ва чуқурроқ қарайдиган бўлсак, “Улуғбек хазинаси” тарихий-генетик, бадиий-шажаравий, типологик жиҳатдан Марказий Осиё тарихий романчилигининг этук намуналари – “Ўткан кунлар”, “Абай йўли”, “Навоий” эпик асарларига бориб боғланишини кўрамиз.
224 “Улуғбек хазинаси” йирик эпик асар, тарихий роман сифатида янги романчилик мактабига мансуб. Унда мана шу бадиий-поетик майдонга хос типологик, генетик-алоқавий, адабий-бадиий хусусиятлар, белги-аломатлар мавжуд. Бу фикрни “Ўткан кунлар” ва “Улуғбек хазинаси” романларининг қиёсий-типологик таҳлилида кўрса бўлади. Авваламбор, бу икки романни муҳит ва шахс, давлат ва ҳукмдор, уруш ва тинчлик, адолат ва ижтимоий зулм, ишқ-муҳаббат сингари йирик, оламшумул муаммолар ўзаро боғлаб турибди. А.Қодирий романининг етакчи қаҳрамонларидан бири Юсуфбек ҳожи “манфаати шахсиятидан кечиб фақат эл бахти учун бош тикканлар жамоаси”[5: 320]ни орзу қилади. Унинг фикрича, шундай жамоа саъй-ҳаракати билан адолатли давлат пойдеворини тиклаш ва халқнинг бахтиёр, фаровон яшашига эришиш мумкин. “Манфаатпарастлар таъсири”, “мансабпараст, дунёпараст, шуҳратпараст муттаҳамлар”, “боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонни тўнғизхона қилишга ҳозирланган итлар”нинг кирдикорлари туфайли ҳожини умидсизлик чулғайди, у дунёдан этак силкиш (ижтимоийсиёсий фаолиятдан четланиш)га мажбур бўлади. “Улуғбек хазинаси”даги бош қаҳрамон 40 йиллик маданий-маърифий, сиёсий фаолиятида Мовароуннаҳр тараққиётига хизмат қилиб, жуда кўп эзгу, савоб ишларни амалга оширади. Бироқ мамлакатдаги жоҳил, худбин, калтабин кимсалар гуруҳи фитнаси туфайли подшоҳликдан кетиш, қолган умрини сиёсатдан, ҳукмронликдан четда ўтказиш ниятида бўлади. Бу мақсад ҳам муяссар бўлмай, жаҳолат кучлари қутқуси билан қатл этилади. Кўриняптики, икки тарихий роман фалсафий-бадиий концепцияларида шахс ва муҳит, давлат ва сиёсий арбоб тасвирида муштараклик мавжуд. Бу далил, янги романчилик мактаби бадиий анъаналари, ижодий принциплари бардавомлигини тасдиқлаяпти. “Абай йўли” роман-эпопеясидаги Абай, “Навоий” романидаги Алишер Навоий, “Юлдузли тунлар”даги Мирзо Бобур образларини бадиий сарзамин- “Ўткан кунлар”даги ана шу ғоя, концептуал нуқтаи назар боғлаб, яқинлаштириб турибди. Бу романларнинг барчасини адолатпарвар давлат ёки жамоат арбоби образи ўзаро туташтиради. Алишер Навоий, Улуғбек, Бобур, Абай – буларнинг бари тарихий шахс бўлиши билан бирга, ўз замонларининг илғор, инсонпарвар шахслари, эзгу, олижаноб орзу-ниятлар йўлида ҳаракат этган атоқли зотлардир.
225 “Замонавий романчилик мактаби”нинг кейинги босқичларидаги вакиллари ўз эпик асарлари учун устод А.Қодирийдан фарқли равишда тўқима образни эмас, аниқ тарихий шахсни бош қаҳрамон қилиб оладилар. Ушбу фарқтафовутга қарамай, “Ўткан кунлар” билан бу романларнинг марказий персонажлари орасида муштараклик бор. Давлат, мамлакат, инсоният кўламида фикрлаш, инсонпарварлик “Ўткан кунлар”, “Абай йўли”, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар” тарихий романлари қаҳрамонларига хос этакчи хусусиятлардир. “Улуғбек хазинаси” билан юқорида айтиб ўтилган бадиий асарлар, хусусан, “Ўткан кунлар” бадиий конфликти орасида типологик, генетикшажаравий жиҳатдан алоқадорлик мавжуд. Адабий-бадиий анъаналар синкретизми, жаҳон, айниқса, Марказий Осиё романчилиги ютуқларини ўз поетик структурасида тажассум этган “Улуғбек хазинаси” бадиий матн, йирик эпик шакл сифатида бир талай специфик, индивидуал хусусият, аломатларга ҳам эга, албатта. Бу тарихий романнинг бош қаҳрамони, персонажлари сюжет-композицион қурилмаси ва бошқа бадиий узвларда намоён бўлган. “Улуғбек хазинаси” ҳақида фикр юритган аксарият тадқиқотчилар бош қаҳрамон образининг психологиялаштирилганлигини қайд этганлар. Романда нафақат Мирзо Улуғбек, унинг нобакор, падаркуш ўғли Абдуллатиф, хиёнаткор амир Жондор ҳамда бошқа ижобий ва салбий персонажлар образида ҳам мана шу хусусият устувор. Жаҳон эпик адабиёти, хусусан, янгича эвропа адабий оқимлари тажриба, изланишлари, бадиий ютуқларидан баҳраманд бўлган, уларни жиддий ўқибўрганган адиб инсон руҳиятининг чуқур, мураккаб, қарама-қаршиликларга тўла манзаралари, эврилишлари тасвирини, табиийки, эпик сюжет имкониятлари билан қўшиб, далиллаб бериш орқали романга хос тафаккур кенгликларини яратишга эриша олган. Foydalanilgan adabiyotlar: 1. Норматов У. Етуклик. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1982. 2. История узбекской советской литературы в 5-томах. . – Ташкент: Фан, 1988. Т.3. 3. Каттабеков А. Тарихий ҳақиқат ва бадиий маҳорат. – Тошкент: Фан, 1980. 4. Каримов Н., Мамажонов С., Назаров Б., Норматов У., Шарафиддинов О. XX аср ўзбек адабиёти тарихи. – Тошкент: Ўқитувчи, 1999. 5. Қодирий А. Ўтган кунлар. Меҳробдан чаён. –Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1992.
226