scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

ИҚБОЛ МИРЗО ШЕЪРИЯТИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

Киргизова Гулноза Мамадалиевна

Full text

383 ИҚБОЛ МИРЗО ШЕЪРИЯТИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР Киргизова Гулноза Мамадалиевна Фарғона давлат университети ўқитувчиси DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17272183 Аннотация: мақолада Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо шеърий маҳорати ўзбек халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиёт, жаҳон шеърияти анъаналари ҳамда миллийлик ва бадиий тил имкониятлари ёрдамида шаклланганлиги асосланган. Калит сўзлар: шеърий маҳорат, миллийлик, образ ва образлилик, мусиқий оҳангдорлик. Аннотация: В статье утверждается, что поэтическое мастерство народного поэта Узбекистана Икбола Мирзо формировалось под влиянием устного узбекского народного творчества, классической литературы, традиций мировой поэзии, а также возможностей национального и художественного языка. Ключевые слова: поэтическое мастерство, народность, образность, музыкальная мелодичность. Annotation: The article argues that the poetic skill of the people's poet of Uzbekistan Iqbol Mirzo was formed with the help of Uzbek folk oral creativity, classical literature, traditions of world poetry, as well as the possibilities of national and artistic language. Keywords: poetic skill, nationality, image and imagery, musical melodiousness. Аргентиналик мумтоз ёзувчи, улуғ шоир ва моҳир адабий-танқидчи Хорхе Луис Борхес “Шеърий китоб мўъжизали тажрибалар тўпламидир” [1:258] дея ёзган эди. Шоир тажрибаси эса ҳаётни муттасил кузатишда, тинимсиз изланиш, ўқиш ва ўрганишдан юзага келади. Ўқиш, ўрганиш, оддий кундалик ҳаётда рўй берган воқеа-ҳодисалар ижодкор учун ижодий таъсир ҳамда муайян фикрнинг юзага келишида туртки вазифасини бажаради. Мазкур фикрлар Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо шеъриятига ҳам тегишлидир. Иқбол Мирзо шеъриятига[2:3] ўзбек халқ оғзаки ижодининг таъсири ифода равонлиги, мураккаб ташбеҳлару тасвирий воситалардан ҳоли бўлган сиқиқ ифодаларда залворли фикрни ифодалашида кўринади. Ўзбек халқ қўшиқларидаги меҳр-оқибат, ёр ва диёр мадҳи шоир ижодида “ўқ томир” бўлиб ўтади ва янгича талқинини топади. Мавсум-маросим қўшиқларидан “Рамазон”, “Бойчечак” Иқбол Мирзо шеъриятига янгича ёндашувлар асосида таъсир кўрсатади. Халқ мақоллари, маталлари шоир шеъриятида ўзгача вазифани бажариб, даврнинг долзарб муаммоларини ёритишга хизмат қилади. Шоир шеъриятига Шарқ мумтоз адабиёти намояндаларидан Алишер Навоий ижодига хос бир фалсафий фикрни ғазал бандлари давомида турли 384 ҳаётий воқеалар билан таққослаш воситасида теран акс эттириш, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она юртга беқиёс соғинч туйғулари ҳамда ўзакдош сўзлар такроридан фойдаланиб, таъсирчан фикр, жозибадор оҳангдорлик яратиш, Бобораҳим Машрабнинг шеърий санъатларидан моҳирлик билан фойдаланиб, ишқ мавзусининг таъсирчан ифодасини юзага келтириш, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий асарларидаги халқона, равон ва содда тасвирий ифода, Муҳаммад Фузулийнинг ёрқин, жозибадор услуби, Маҳтумқулига хос бўлган даврнинг муҳим ахлоқий-маънавий муаммоларини оммабоп тарзда талқин эта билиш маҳоратидан таъсирланди ва бетакрор ижод намуналарини яратди. Иқбол Мирзо шеърий маҳорати такомилида А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, А.Ахматова, М.Цветаева каби рус, И.В.Гёте, Г.Гейне, Ж.Г.Байрон каби Ғарб адабиёти намояндаларидан таъсирланиш муҳим ўрин тутди. А.С.Пушкин шеърларидаги ижтимоий-сиёсий мотивлар муҳаббат мавзусининг ижтимоий-сиёсий муаммолар билан уйғунликда акс этиши, Г.Гейне шеъриятидаги риторик сўроқ воситасида ички кечинмаларнинг самимий ифодасини юзага чиқариш услуби, Ж.Г.Байрон ижодидаги умр ва абадийлик, муҳаббат ва мангулик, ўлим ва абадий борлиқ ҳақидаги фалсафий фикрлардан ижодий ўрганиш бадиий маҳорати такомилида муҳим ўрин тутди. Ўзбек халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиётдаги образлар талқинидаги ўзига хослик, лирик “мен” кечинмаларидаги миллийлик, жаҳон адабиётидаги реалистик тасвир услуби Иқбол Мирзо шеърий маҳорати юксалишида таъсир манбаи вазифасини ўтади. Интим туйғулар, ижтимоий-сиёсий муаммоларнинг содда, равон, таъсирчан, лўнда ифодалаш маҳоратининг юзага келишида ушбу таъсир манбалари муҳим ўрин тутди. Иқбол Мирзо шеър мусиқийлиги ва оҳангдорлигини таъминлаш, шу орқали фикр таъсирчанлигини юзага чиқариш учун сўз такрорлари (анафора, инфора, эпифора, саъж, композицион халқа, композицион занжир), товуш такрорлари (эвфоник воситалар, аллитерация, ассонанс), ритм, пауза, нақорат, изосиллабизм, цезурадан моҳирлик билан фойдаланади. Натижада ушбу воситалар орқали юзага келган оҳангдорлик банд, қофия, вазн туфайли бўй кўрсатган мусиқийлик билан уйғунлашгани ҳолда тасвирланаётган образ, ғоя ва фикр салмоқдорлигини таъминлайди. Шоир образ ва образли ифода таъсирчанлигини, тасвир ҳаққонийлиги ва ҳаётийлигини фикр ҳамда туйғу уйғунлигини таъминлаш орқали юзага чиқаради. Иқбол Мирзо шеърларида сўзнинг маъно қатламларидан моҳирлик 385 билан фойдаланиш орқали фикр ва туйғу ифодасидаги салмоқдорлик юзага чиқади. Айниқса, бу шоирнинг мумтоз шеърий санъатларни моҳирлик билан муайян ғоя ва фикр ифодасига хизмат қилдирганлгида кўзга ташланади. Иқбол Мирзо шеърларида миллийлик, аввало, лирик “мен”нинг шу миллати фарзанди сифатида фикрлашида кўринади. Шоир миллий образлар, миллий картина ва манзараларни миллийликни ўзига сингдирган деталлар воситасида ёритишга эришади. Шоир шеърларида она юрт, тарихий шахслар, урф-одатлар ҳамда қадриятларимиз тасвири орқали миллийлик таъминланиб, таъсирчан, ҳаётий ифода юз кўрсатади. Шоирнинг поэтик маҳорати тасвирланаётган образ ва воқеликка мос оҳангдорлик ва мусиқийликни таъминлашида, миллий образ, миллий картина, миллий деталлар воситасида халқона ифода ва тасвирларнинг яратишида кўринади. Иқбол Мирзо шеъриятидаги юксак бадиийлик сўзнинг маъно товланишларидан, шеърий санъатлардан, халқ қўшиқларига хос ифода соддалигидан, равон оҳангдорликдан, тилимизнинг бой лексик имкониятларидан ўринли фойдаланишида кўринади. Қофиянинг шеърий контекстдаги улкан имкониятларидан самарали фойдаланган Иқбол Мирзо унинг жуфт, кесма, аралаш ва эркин турларидан фойдаланиб, фикрнинг изчил ривожи, оҳангдорликнинг бандлар давомидаги юксалиб бориши, туйғу-кечинмалар ифодасига уйғун бўлишини таъминлайди. Шоир омонимик ва паронимик қофиялардан аксарият ўринларда фойдалангани ҳолда сатрлардаги маъно товланишларини юзага чиқаради. Маълумки, шеърнинг вазн хусусиятлари унинг бадиияти билан уйғунликда аҳамиятга эга бўлади. Профессор О.Шарафиддинов таъкидлаганидек, “Адабиёт, фақат бадиияти орқалигина, яъни теран ҳаётий мазмуни, муҳим ҳаёт ҳақиқатини одамларни ҳаяжонлантирадиган, тўлқинлантирадиган бадиий шаклларда ифодалагандагина жамият эҳтиёжини қондира оладиган қудрат касб этади”[1:351]. Иқбол Мирзо шеъриятида қўлланилган турли вазнларни ҳам, аввало, муайян ният, фикр ифодаси билан боғлиқликда юз кўрсатганини кўриш мумкин. Иқбол Мирзо шеърларида бармоқнинг етти, тўққиз, ўн бир, ўн икки бўғинли вазнларидан, эркин вазннинг турлича туроқланишларидан ўринли фойдалангани ҳолда, кечинма ва туйғулардаги ҳаяжонли ҳамда ғалаёнли ҳолатларни оҳанг уйғунлигида ифодалайди. Шоир вазннинг фикр таъсирчанлигидаги, образнинг ҳаётий ифодасидаги муҳим ўрнини таъминлашга 386 эришади. Бунинг учун катта ритмик пауза, кичик ритмик пауза, цезура, изосиллабизм, параллелизмнинг оҳанг жилоларидан самарали фойдаланади. Банд майдони қанчалик кенг бўлса, шеърда тасвирланаётган образ, мавзу, қўйилган муаммо шунчалик кенг ва батафсил ифодаланишини теран англаган шоир иккиликдан токи ўн иккиликкача бўлган бандланишга мурожаат қилади. Шунингдек, банд тизимига мос бўлган туроқланиш, вазн, қофия ҳамда ритмдан фойдаланиб, фикрнинг таъсирчан ифодасини таъминлайди. Шеър тузилишини мукаммаллаштириш, ундаги қофия, вазн, банд тизимларининг муҳим ўрнини чуқур англаган шоир салмоқдор фикр, таъсирчан оҳанг уйғунлигини юзага чиқаради. Бу ўз навбатида даврнинг долзарб муаммоларини, ижодкорнинг унга фаол муносабатини туйғу-кечинмалардаги долғали жараёнларни шеърда ўзига хос тарзда акс этишига олиб келади. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Борхес Л.Х. Сирли мўъжиза. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2019. 2. Иқбол Мирзо. Кўзларингга термулсайдим. Биринчи жилд. – Тошкент: “Sharq” нашриётматбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2020. 3. Иқбол Мирзо. Кўнглингда нима бор, билмайман. Иккинчи жилд. – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. 2020. 4. Шарафиддинов О. Танланган асарлар. – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2019.