scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

МУРОДХЎЖА СОЛИҲИЙ (МУҲАММАД СОЛИҲХЎЖА ЎҒЛИ) ИЛМИЙ-АДАБИЙ ФАОЛИЯТИ (1870-1953- йиллар)

Бобур Темурович Ғиёсов

Full text

473 МУРОДХЎЖА СОЛИҲИЙ (МУҲАММАД СОЛИҲХЎЖА ЎҒЛИ) ИЛМИЙ-АДАБИЙ ФАОЛИЯТИ (1870-1953йиллар) Бобур Темурович Ғиёсов Тарих фанлари номзоди, доцент. Алфраганус университети Toшкент, Ўзбекистон DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17272295 Aннотация. Мазкур илмий мақолада моҳир таржимон Муродхўжа Солиҳийнинг илмий салоҳияти, форс тилининг билимдони, шарқшунос олимнинг ҳаёт йўли ва сермаҳсул илмий-маърифий фаолияти илмий фактлар ва манбалар асосида ёритилган. Мақолада шунингдек, Муродхўжа Солихий домла қаламига мансуб машҳур “Гулистон” асарининг таржимаси ҳақида таҳлилий фикрлар билдирилган. Таянч сўзлар ва иборалар: шарқ тиллари, калом ва фиқҳ илми, тил қоидалари, ислом фалсафаси, нутқ санъати, шарқшунос, моҳир таржимон, энг тўлиқ таржима. Аннотация: В данной научной статье изложены высокие интеллектуальные способности переводчика Муродхўжа Солихий,его владение персидским и арабским языками, жизненный путь и высокопродуктивная научно-духовная деятельность на основе научных фактов и источников. Также в этой стстье отмечены рассуждения о переводе изветного произведения “Гулистон”, которого осуществил Муродхўжа Солихий. Ключевые слова и фразы: восточные языки, калам и фикх, правила языка, исламская философия, искусство речи, востоковед, искусный переводчик, самый полный перевод. Буюк форс шоири Саъдий Шерозийнинг машҳур «Гулистон» асарини ўзбек тилига ўгирган таржимонлардан бири Муродхўжа домла Солиҳий эди. Муродхўжа домла 1870 йилда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасидаги Тарвонбоши маҳалласида таваллуд топган. У мактабда савод чиқариб, адабиёт, тарих, форс ва араб тилларидан сабоқ олди. Сўнг мадрасада таҳсилни давом эттириб, турк, форс, араб тиллари, ислом фалсафаси, жамиятшунослик, жўғрофия фанларини катта қизиқиш ила ўрганди, Шарқ тиллари, ислом тарихи, калом ва фиқҳ илмларининг чуқур билимдони бўлиб етишди. Муродхўжа домла таҳсилни Бухорода олганлар ва 1905 йили «Шарҳи Али шарҳи ақоид» асарини, 1917 йилда эса араб тилида яна бир асарни Бухорода нашр қилганлар[1:1]. Шундан кейин Муродхўжа домла Шайхонтоҳурдаги Эшонқули Додхо мадрасасида мударрислик қилади. Истеъдодли қалам соҳиби ХХ аср бошларида Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этадилар.[3:34]. У Мунаввар қори Абдурашидхонов бошчилигидаги ислоҳотчилар сафига мансуб бўлиб, 474 миллатни қолоқликдан халос этишга, янги даврга муносиб кишилар қаторидан жой олишга интилди. “Жадидчилик” деб ном олган маърифатпарварлик ҳаракатига уюшган миллат фарзандлари Туркистон халқини диний ва дунёвий илмлар билан қуроллантириш, янги усул ва услубдаги мактабларини очиш, миллий театрни яратиш, газета, журнал, китоб ноширлигини амалга оширишни биринчи галдаги вазифалардан санадилар. Жадидлар янгича маориф ва таълим, европача илм-фанни жорий этиш ва уни ёйиш тарафдори эдилар. 1917 йил май ойида Тошкентда ўтказилган Мусулмон ўқитувчиларининг қурултойида янги усулдаги мактаблар уч босқичга – қуйи, ўрта ва юқори босқичга бўлиниши ҳақида қарор қабул қилинди. Асосий ўқитиладиган фанлар сирасида ислом таълимоти асослари, она тили, рус тили, арифметика, табиатшунослик, тарих (Ўзбекистон ва Россия тарихи), жўғрофия бор эди. Қурултойда ташкил этилган мусулмон ўқитувчилар Кенгаши раиси этиб Муродхўжа Солиҳхўжаев сайланди [1:133-134]. 1918 йилдан эътиборан Тошкентда янги усулдаги мактаблар кўпая бошлади. ХХ аср 20-йилларининг бошларида Муродхўжа домла Тошкентнинг Хадра мавзесида жойлашган Навоий номидаги таълим-тарбия техникумида фаолият кўрсатиб, миллатни уйғотиш борасида жиддий ишлар олиб борди [6:274]. 20-30-йилларда Муродхўжа домла Тошкентнинг Эски шаҳрида дарс берди. Устознинг шогирдларидан бири – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, профессор, педагогика фанлари доктори Асқар Зуннуновнинг ёзишича, “домла тил қоидаларини, уни ўқитиш усулларини мукаммал билган устоз эдилар” [6:133-134]. Муродхўжа Солиҳий шеърият санъатидан ҳам анча мунча хабардор бўлган, байтлар битган. Жумладан, назм вакили 1029 йили Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи босилиб чиқиши билан муаллифга бағишлаб шеърий мадҳия ёзган[3:35]. Шунингдек, Муродхўжа домла Саъдийнинг “Гулистон”идаги аксарият шеърларни ҳам ўзига хос маҳорат ила ўзбек тилига таржима қилган. Муродхўжа Солиҳий домла форс тилида ёзган шеърлари ҳам бор. Хусусан, 1910 йилда “Мифтаҳ ул-адаб” номли арабча китобнинг интиҳосида Муродхўжа домланинг шеърларидан намуналар жой олган [5:3]. Собиқ мустабид тузумнинг қатағон сиёсати авж олган, жадидларни НКВД томонидан таъқиб қилинаётган йилларда илм фидоийси Бўстонлиқ томонларда жон сақлаб, ижод билан шуғулланишда давом этди. Афсуски, 475 домланинг қанчадан қанча сафдошлари, мустақиллик ва тараққиёт тарафдорлари бошига кўп кулфатлар ёғилди. Иккинчи жаҳон уруши даврида шўролар ҳукумати мамлакатда бироз бўлса-да, диндорларга эркинлик беришни лозим топди. Шу боис 1943 йилнинг октябрида Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назоратининг биринчи таъсис қурултойи чақирилди. Қурултойда Муфти Эшон Бобохон ҳазратлари Диний назоратнинг раиси, шайх Муродхўжа Солихий эса муовини этиб сайландилар[4:23]. 1945 йилда Ўрта Осиё минтақасидаги бир гуруҳ мусулмонлар исломнинг асосий фарзларидан бири бўлмиш Макка ва Мадинага ҳаж сафарини бажо келтирдилар. Бу гуруҳга Эшон Бобохон билан Муродхўжа Солихий бошчилик қилдилар. Сафар қатнашчилари Ашҳобод – Теҳрон – Бағдод – Миср орқали Жидда шаҳрига етиб борганлар, 1945 йилнинг 15 февралида Тошкентга қайтиб келганлар[5:3]. Арабшунос олим Теҳрон шаҳрида эронлик шоир, “Иқдом” газетасининг муҳаррири Аббос Ҳашмий билан суҳбатда бўлган. Бу ҳақда “Иқдом” газетасида ажойиб бир мақола ҳам босилиб чиқади. Ҳаж сафари амалга оширилганлиги ҳақидаги ахборот ва расмлар “Шарқ ҳақиқати” журналининг 1946 йил 3-4сонларида чоп этилади[5:3]. Мазкур ахборот, шунингдек, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диний назорати журналининг 1946 йил 3-4-сонларида ҳам кенг жамоатчиликка маълум қилинади [5:2]. Журналнинг 1946 йил 3-4-сонларида Муродхўжа Солиҳийнинг каттагина мақоласи расмлар билан берилган[5:3]. Ҳаж сафари чоғида Муродхўжа Солиҳий домла ўлкамизда ислом анъаналарининг тикланиши ва ривож топиши ҳақида форс ва араб тилларида ажойиб маърузалар қилган. 1951 йили Муродхўжа домла “Тарихи жадиди Тошканд” асарига тақриз ва илова ёзгани ҳақида маълумотлар мавжуд[5:1]. Шайх Муродхўжа Солиҳий Диний назорат (ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси)нинг раҳбарларидан бири сифатида ўтмишдаги машҳур мусулмон даҳоларига тарихий ёдгорликларни тиклаш ва таъмирлаш, Ўзбекистонда исломий ўқув юртларини очиш, ислом давлатлари вакиллари, шунингдек, Ғарб мамлакатлари дин, илм ва маданият арбобларини қабул қилиш, улар билан расмий учрашувлар ва музокаралар ўтказишда жонбозлик кўрсатдилар. Муродхўжа Солиҳий Диний назоратда фаолият кўрсатар эканлар, Шарқни, қолаверса араб дунёсини урф-одатлари-ю таомилларидан тортиб то илм-фани, адабиёти санъати ва маданиятининг нозик қирраларигача ўргандилар. Бобомнинг хорижий мамлакатлари, хусусан Ҳаж ва Умрага қилган 476 хизмат сафарлари Бобомнинг илгари ўзлаштирган назарий билимларини янада бойитди. Илмий салоҳият соҳиби Шарқ мамлакатлари ҳақидаги билим ва тасаввурларини таълим ҳамда жонли суҳбатлар жараёнида, оммавий ахборот воситалари учун берган интервьюлари орқали халқимизга етказиб келганлар. Бобомлар турли Шарқ мамлакатларига сафар қилар эканлар, у томонлардаги диний ва жамоат арбоблари, олимлари, мутафаккирлари билан ижодий мулоқотларда бўлганлар, ўзбек халқининг бой тарихий мероси, маънавияти, илм-фани ва урф-одатлари ҳақида араб ва форс тилларида маърузалар қилганлар, кўплаб интервьюлар берганлар. Қўлёзма манбаларда ёзилишича бобомлар хоҳ ўзбек тилида бўлсин, хоҳ араб ё форс тилида бўлсин ажойиб нутқ санъатини намойиш қилганлар. Ушбу ўринда таъкидлаш жоизки, хорижий тилларни ҳам ёзма, ҳам оғзаки ифода этишни мукаммал ўзлаштирган таржимонлар, мутахссислар ниҳоятда оз бўлган. У кишининг ташаббуси билан Тошкентда ҳар йили ҳижрий тақвим чоп этилиб, Диний назоратнинг журнали чиқа бошлаган. Бинобарин, Диний назоратдаги халқаро ёзишмалар ва дипломатик протоколни олиб боришда ҳам катта салоҳият соҳибининг хизматларини инкор этиб бўлмайди. Раис муовинининг араб ва форс тилларини пухта ўзлаштирганлиги бу вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда қўл келган. Муродхўжа домла ўзларидан улкан ёдгорлик қолдирдилар. Улар 1909 йилда буюк форс мутафаккири Саъдий Шерозийнинг машҳур “Гулистон” асарини ўзбекчага ўгириб, “Шавқи Гулистон” номи билан нашр эттирдилар. Солиҳий домла ўзбек тилига таржима қилган асарнинг сўзбошисида Шайх Саъдийнинг тарбиявий аҳамиятга молик “Гулистон”и халқимизнинг беқиёс ва бой маънавиятини янада бойитиш йўлидаги яхши ишлардан бири бўлиб қолишига умид қилганлар. Бизнинг давримизда “Гулистон”нинг такроран чоп этилиши бу эзгу ниятнинг рўёбга чиққанлигидан яққол далолатдир[2:6]. “Гулистон” форс насрининг кичик ҳажмдаги новеллаларидан иборат гўзал намунасидаир. Бу асар ўрта аср ҳикоятларида ўзининг нафислиги, ўткирлиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Шайх Саъдий ўзининг “Гулистон” асарини яратиши билан классик форс адабиётида адабий жанрнинг янги тури - новелла жанрининг тамал тошини қўйди ва жанрнинг келгуси тараққиётига катта таъсир кўрсатди. “Гулистон” асари 1258 йилда яратилган бўлиб, форсийдаги аслияти мактабларимизда асосий ахлоқ дарслиги сифатида ўқитилган. Уни ўзбек китобхонларига ўз она тилида етказишга бир неча 477 маротаба ҳаракат қилинган. Жумладан ХIV асрда Сайфи Саройи, ХIХ аср охирида Муҳаммадризо Огаҳий қисқартириб таржима қилган. 1904 йилда “Гулистон”ни Тошкентдаги Ғуломҳасан Орифжонов матбаасида Муродхўжа домла Солиҳхўжа ўғли “Шавқи Гулистон” деб номлаб чоп эттирди. Филология фанлари номзоди Раҳматилла Баракаев ўзбекча таржималар орасида (ҳатто ХХ асрда қилинган таржималарни кўзда тутганда ҳам) “Шавқи Гулистон” энг тўлиқ таржимадир, деб таъкидлайди[3:36]. Муродхўжа домла “Гулистон” таржимасига киришар экан, дастлаб унга тузилган ўнлаб луғат ва шарҳлар билан танишиб, улар асосида аслиятнинг ўзига хос илмий-танқидий матнини ҳам яратган. “Аслида мулла Муродхўжанинг хизматининг ўзиёқ катта таҳсинга сазовор, чунки таржима учун мукаммал матн тузганлар”[2:7]. Муродхўжа домла таржимаси мактаб ва мадраса илм толибларига мўлжалланиб, унда аслият ёнма-ён берилган. Саҳифалар ҳошияларида эса аслиятдаги тушунилиши қийин бўлган арабча ва форсча сўз ва ибораларга изоҳ берилган. Китоб мазмунига мувофиқ саксондан зиёд суратлар билан безатилган. Таржима охирига Шайх Саъдийнинг таржимаи ҳолидан хабардор қилади, иккинчидан, унинг асарлари хусусида маълумот бериш билан бу асарлардан баҳраманд бўлишга ундайди. Шу жиҳатлари билан Муродхўжа домла томонидан бажарилган “Гулистон”нинг таржимаси ундан аввал амалга оширилган таржималардан тубдан фарқ қилади. “Гулистон” яратилгандан буён етти ярим аср ўтди. У ўз вақтида китобхонни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялашга қанчалик беминнат хизмат қилган бўлса бугунги кунда ҳам шу қадар қадрли ва эътиборлидир. Саъдий “Гулистон”ининг ўзбекчага ўгирилган дебочасида: Табақи гул дилингни қилмас чоғ, “Гулистон”имдан ол бир яфроғ. Гул замони беш-олти кундир, бас, Бу “Гулистон” ҳамиша покнафас, дейилган. Ҳақиқатан гул беш-олти кун очилади, “Гулистон” эса мангу барҳаётдир. “Гулистон” ёш авлодни миллий, адабий ва диний қадриятларимиз руҳида тарбиялашга, фарзандларимиз камолотини таъминлашга хизмат қилади. Муродхўжа Солиҳий домла ўз тақдирини юртимиз, халқимиз озодлиги-ю тараққиёти билан узвий боғлаган фидойи, ватанпарвар инсон бўлиши билан бирга юртимизнинг халқаро майдонда ижобий имиджини яратиш йўлида кўп йиллар самарали фаолият кўрсатдилар. Олийжаноблик, хушуомалалик, 478 вазминлилик, меҳрибонлик, юқори маънавият сингари ажойиб инсоний фазилатлар бу улуғ зотга хос нодир фазилатлар эди. Бу инсон ўзларидан зурриётлар қолдирдилар: Маъсуджон Муродов (ўғли) юртимизнинг эътирофли шифокор-кардиологларидан эди, Темур Ғиёсов (набираси) – етук шарқшунос, тарих фанлари доктори, профессор, Зумрадхон Тожиева (набираси) – таниқли педагог, профессор, Равшан Қаюмов (набираси) – ҳарбий хизматчи, қатор ҳукумат орденлари ва медаллари соҳиби, Бобур Ғиёсов (эвара) шарқшуносарабшунос олим, Наргис Тўлаганова (эвара) эса шарқшунос-ҳиндшунос, тарих фанлари номзоди ва ҳоказо. Муродхўжа Солиҳий 1951 йилда кексалиги боис нафақага чиқди ва 1953 10 ноябрда вафот этди. Фидойи олим умрининг сўнгги нафасигача миллатимиз, Она Ватанимиз ва халқимиз манфаатларига хизмат қилди. У Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани Қорасув мавзеси (ҳозирги Фарғона йўли кўчаси)да Жўрабек қабристонига дафн этилган. Аллоҳ уни ўз раҳматига олган бўлсин, жойлари жаннатда бўлсин! Фойдаланилган адабиётлар: 1. Асқар Зуннунов. Ҳаётибрат манбаи. Т.: 2000. 133-134-б.Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. Қўлёзма № 13414. 2. Cаъдий Шерозий. “Гулистон”. Мулло Муродхўжа таржимаси. Т.: “ФАН” нашриёти, 2005.Б.6. 3. Темур Ғиёсов. “Гулистон” асарининг моҳир мутаржими. // “Сиймо”. 2006 йил. Ёз. Б.34. 4. Шамсиддин Бобохонов. Сўнмас зиё. Т.: “Маънавият”. 1998. 23-б. 5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. Қўлёзма № 13414, б.3 6. “Ўзбекистоннинг янги тарихи”. Иккинчи боб.Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Т.: 2000. 133-134-б.