scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

ЎЗБЕКИСТОН ЗАМОНАВИЙ РАНГТАСВИРИДА ТАРИХИЙ ПОРТРЕТ ЖАНРИ: ЎТМИШ БИЛАН МУЛОҚОТ ЭҲТИЁЖИ

Имамов Азизхон Авазханович

Abstract

Ушбу мақола мустақиллик йилларида Ўзбекистон рангтасвирида тарихий портрет жанрининг ролига бағишланган. Мақолада замонавий рангтасвирда тарихий мавзунинг актуаллашувини белгилаб берган муҳим ижтимоий-маданий омиллар таҳлилдан ўтказилиб, буюк аждодлар портретини яратиш устида изланиш олиб борган рассомлар, бу жараёнда кўзга ташланган асосий тенденциялар, янги изланишлар ва муаммолар кўриб чиқилган. Тадқиқот натижасида мустақиллик йиллари миллий рангтасвирда реалистик, шартли-декоратив ва рамзий шаклга эга тарихий портрет турлари юзага келгани аниқланди.

Full text

SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 326 ЎЗБЕКИСТОН ЗАМОНАВИЙ РАНГТАСВИРИДА ТАРИХИЙ ПОРТРЕТ ЖАНРИ: ЎТМИШ БИЛАН МУЛОҚОТ ЭҲТИЁЖИ Имамов Азизхон Авазханович Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти, Тошкент, Ўзбекистон https://doi.org/10.5281/zenodo.17471023 Аннотация. Ушбу мақола мустақиллик йилларида Ўзбекистон рангтасвирида тарихий портрет жанрининг ролига бағишланган. Мақолада замонавий рангтасвирда тарихий мавзунинг актуаллашувини белгилаб берган муҳим ижтимоий-маданий омиллар таҳлилдан ўтказилиб, буюк аждодлар портретини яратиш устида изланиш олиб борган рассомлар, бу жараёнда кўзга ташланган асосий тенденциялар, янги изланишлар ва муаммолар кўриб чиқилган. Тадқиқот натижасида мустақиллик йиллари миллий рангтасвирда реалистик, шартли-декоратив ва рамзий шаклга эга тарихий портрет турлари юзага келгани аниқланди. Калит сўзлар: тарих, санъат, рангтасвир, жанр, портрет, шахс, образ, реализм, декоративизм, рамзий-метафорик. Тарихий тафаккурни бадиий тафаккур билан уйғунлаштириш жараёни ўзига хос мураккабликка эга. Бу машаққатли вазифани амалга ошириш учун рангтасвир устаси ўтмиш ҳақиқатини чуқур идрок этиш баробарида, бугунги кун талабини ҳам ҳис қила олиши лозим. Мазкур масалани бевосита таҳлил қилган А.Ҳакимов, “Аксар ҳолларда рассомлар ўтмишнинг ўзгармаган ва бадиий жиҳатдан муҳим аҳамиятга молик образларини яратган ҳолда эмас, балки воқеа-ҳодисаларни сиёсий ёки мафкуравий талабларга мувофиқ акс эттириб тарихчиларга” [9, 1 б.] айланишини қайд этган. Мавжуд ҳолат, замонавий рангтасвирда тарихий портрет жанрининг ривожи сиёсий-ижтимоий, маданий омиллар билан узвий боғлиқлиқлигини кўрсатади. Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг жамият маънавий ҳаётида юз берган муҳим ўзгаришлар юз берди. Миллий ўзликни англашга бўлган интилиш энг аввало, халқнинг буюк сиймолари шахсини ва фаолиятини чуқур ўрганишга ундади. Санъатнинг барча турларида, шу жумладан, рангтасвирда ҳам улуғ аждодлар билан ўзига хос маънавий мулоқат ўрнатиш эҳтиёжи юзага келди. Миллат маърифатпарварлари илгари сурган “Мозийга қараб иш кўриш” ғояси билан қувватланган бу интилиш рангтасвирда тарихий мавзуга бўлган эътиборнинг кучайишига олиб келган асосий омиллардан бирига айланди. “Бу санъат турида юз берган “ўз-ўзини англаш” жараёни қўлга киритилган профессионал кўникмалар ёрдамида тизимли равишда тарихий-фалсафий ва бадиий меросни қайта англаш ғояларини шакллантира бошлади” [1, с. 125]. Шундай қилиб, ўтган асрнинг 90-йилларида ўзбек халқининг давлатчилик тарихида муҳим ўрин тутган шахсларнинг сиймосини очиб бериш рангтасвир ижодкорлари учун муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Мазкур тамойил санъатнинг умумий қонуниятларига бўйсунишини ва минтақавий характерга эгалигини ҳам ҳисобга олиш зарур. Н.Аҳмедова таъкидлаганидек, бу даврда Марказий Осиёдаги миллий рангтасвир SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 327 мактабларида юз берган муҳим янгиликлардан бири “тарихий-ватанпарварлик мавзуи билан боғлиқ бўлиб, тарихий картина ва тарихий портрет каби жанрларнинг ривожланиши учун янги туртки берди. Ҳар бир республикада тарихий арбоблар, шоир ва файласуфларнинг портретлари галереяси вужудга келди” [1, с. 127]. “Совет даври рассомларининг тарихий жанрга бағишланган асарлари умумбашарий-сиёсий ва тарбиявий аҳамият касб этиб, жамият ривожининг ҳар бир босқичида давр мафкурасини акс эттирган” [6, 25 б.] бўлса, мустақиллик йилларида миллий тарихимизда улкан из қолдирган ҳукмдор ва саркардалар, давлат арбобларининг намунавий портретларини яратишга бўлган умумий интилиш авж олди. М.Набиевнинг “Амир Темур” (1994), А.Икромжоновнинг “Мирзо Улуғбек” (1996), Т.Курязовнинг “Жалолиддин Мангуберди” (2011), Р.Худойбергановнинг “Султон Абу Саид Мирзо” (1999), А.Алиқуловнинг “Муҳаммад Султон” (1998), “Алишер Навоий” (2005) портретларида тарихий шахсларнинг ибратли образлари ишлаб чиқилди. Масалан, А.Икромжонов мўқаламига мансуб тарихий портретлар реалистик ёндашуви билан ажралиб туради. Мустақиллик йилларида ижодий етукликка эришган рассомнинг “Мирзо Улуғбек” портретида темурий ҳукмдорнинг чуқур идрок этилган образи очиб берилган. А.Икромжонов Улуғбек қиёфасида Амир Темур сиймосига хос хислатларга яққол урғу бериш орқали уни Самарқанд тахтининг муносиб меросхўри сифатида талқин этади. Улуғбекнинг либоси ва у ўтирган тахт тасвирида сарой ҳашамати, қаҳрамон қиёфасида эса ҳаётий ҳаққонийлик тамойили устунлик қилади. Портретнинг кўкраккача тасвирлангани темурий ҳукмдорнинг юз қиёфасига диққатни жалб этиш, унинг маънавий қиёфасини чуқур англаш имконини берган. Бу талқин шакли А.Икромжоновнинг Мирзо Улуғбек сиймосига бағишланган кейинги портретларида ҳам муваффақиятли ривожлантирилган. Хусусан, буюк темурийзода тик ҳолатда глобус билан бирга тасвирланган “Улуғбек портрети” (2000)да ҳукмдорлик ва олимлик сифатлари ўзаро уйғунлашиб, янада ёрқин кўриниш касб этган. Орқа фонда тасвирланган Самарқанднинг юлдузли осмони ҳам Улуғбекнинг фалакиёт соҳасидаги изланишларига ишора қилиб, мусаввирнинг маълум тарихий давр билан мулоқоти шаклан ва мазмунан кенгайиб борганини намойиш этади. Тарихий жанрда ижод қилиб келаётган етакчи рассомлардан бири А.Алиқуловнинг “Муҳаммад Султон” портретида ҳам қаҳрамон образи ва интерьер ўртасида рамзий боғлиқлик мавжуд. Ушбу асарда Амир Темурнинг суюкли набираси бўлган жасур шаҳзоданинг ёвқур сиймоси билан юзлашамиз. Нафис кошинлар билан безатилган сарой ичида, бошдан-оёқ қуролланган кўринишда намоён бўлувчи Муҳаммад Султон чинаккам мард саркарда сифатида таассурот уйғотади. Бироқ уни қуршаб турган қоронғулик, мавҳум интерьер барвақт ўлим топган валиаҳд шахзоданинг фожиали тақдирига ишора қилади. Портрет фонида яратилган муҳит воситасида рассом тарихий шахснинг ҳаёти билан боғлиқ муҳим хулосаларни етказиб беришга муваффақ бўлган. С.Рахметовнинг “Султон Аҳмад Мирзо” (2001) портретида ҳам темурийлар даври учун хос шоҳона либос, турли анжомларга алоҳида урғу берилган. Лекин, ҳашаматли сарой муҳити Султон Аҳмад образи билан чинаккам уйғунлик ҳосил қилган, деб айтолмаймиз. Қаҳрамон қиёфаси ўта маиший, типик қиёфада талқин этилган бўлиб, бу жараёнда бир ёқламаликка йўл қўйилгани сезилади. Юқоридаги камчиликларни мустақиллик йилларида яратилган бошқа тарихий портретларда ҳам аниқлаш мумкин. Ортиқча тафсилотларга берилиш, образнинг руҳий таҳлилига етарлича эътибор SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 328 қаратмаслик тарихий мавзудаги асарларга путур етказган салбий омилга айланди. Натижада Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби йирик сиймолар жўн кўринишда талқин этилган, санъатшунослар тили билан айтганда, “тарихий услубда кийинтирилган” портретлар шодаси пайдо бўлди. Тарихий шахслар образи устида изланиш олиб борган рассомлар орасида Т.Курязовни ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Рассомнинг “Жалолиддин Мангуберди” (2011) портретида сўнгги хоразмшоҳнинг ҳаққоний образи ёрқин очиб берилган. Т.Курязов мўғулларга қарши курашган жасур саркарда қиёфасини акс эттирар экан, биринчи навбатда, қаҳрамоннинг фожиали тақдирини кўрсатиб беришга интилади. Жалолиддин бир қўлида шамшир тутган ҳолатда тасвирланган бўлиб, исталган сонияда душман билан жангга киришга тайёр. Асарда қўлланган колорит, тушкун табиат манзараси ёш султон бошидан кечирган оғир синовларга урғу бериб, зиддиятли руҳни янада кучайтиради. Хоразм тарихи билан боғлиқ мавзуларга кенг эътибор қаратган Т.Курязов ўтмиш сиймоларини талқин этишда ўзига хос эркин ёндашувларга ҳам мурожаат қилади. Буни “Абул Ғози Баҳодирхон” (1999), “Зебинисо” (2004), “Исломхўжа” (2006), “Бобораҳим Машраб” (2007), “Замаҳшарий” (2012), “Паҳлавон Маҳмуд” (2022) каби асарларда яққол кўриш мумкин. Масалан, “Абул Ғози Баҳодирхон”, “Исломхўжа”, “Паҳлавон Маҳмуд” сингари тарихий асарлар бутун ҳаётини мамлакат тақдири билан боғлаган ватанпарвар шахсларнинг шартли портретлари ҳисобланса, “Зебинисо”, “Бобораҳим Машраб” картиналаридаги образлар ўзига хос руҳиятга эга лирик қаҳрамонлар сифатида гавдалантирилган. 1990-2000-йилларда тарихий шахсларнинг ҳаққоний, яхлит образини яратишга қаратилган умумий тамойил билан уйғун равишда мустақил характерга эга ёндашувлар ҳам шаклланди. Бунга ёрқин мисол сифатида Ж.Умарбековнинг “Алишер Навоий” (1991), “Соҳибқирон Амир Темур” (1995), С.Абдуллаевнинг “Хожа Аҳмад Яссавий” (1993), А.Маматованинг “Шоҳ Машраб”, “Абу Али ибн Сино” (1994), Т.Саъдуллаевнинг “Беҳзод”, “Бобур” (1995), “Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро” (1999), О.Муиновнинг “Тўмарис”, “Бибихоним” (1996), А.Нуриддиновнинг “Бобур Мирзо”, “Армон” (1996), О.Қозоқовнинг “Шоир” (1997) асарларини келтириш мумкин. Уларда ўтмиш одамларининг умумлаштирилган, рамзий-аллегорик характерга эга образини яратиш бирламчи аҳамият касб этади. Тарихий портретда рамзий-метафорик ёндашувлар ривожи айни пайтда, умуминсоний, миллий ва фалсафий қарашарнинг янгиланиши билан боғлиқлигини қайд этиш лозим. Бу масала мустақиллик йилларида жадал изланишлар олиб борган янги авлод ижодкорлари учун принципиал аҳамиятга касб этди. Зеро, “рассомларда миллий ўзликни англашга бўлган интилишнинг кучайиши, миллий тарихга, анъанавий маданият поэтикасига қизиқиш уйғотди. Натижада, бир томондан, санъатда модернизм тенденциялари кучайиб, тасвирий ифоданинг янги пластик шаклларини излаш, иккинчи томондан, ижодкорларнинг миллий тарихга, ўтмиш санъатига муносабати янгилангани яққол намоён бўлди” [7, с. 351-352]. Мисол учун “Мустақилликдан олдинги йилларда Ж.Умарбеков ижодида фалсафиймаданий контекст устунлик қилган бўлса, 1990-йилларга келиб асосий эътибор декоратив жиҳатларга қаратилган. Унда формал сифатлар, ранглар уйғунлиги ва пластик ритмлар эстетикаси етакчи ўрин тутди. Бу хусусиятлар Ж.Умарбековнинг “Соҳибқирон Амир Темур” (1995), “Заҳириддин МуҳаммадБобур” (1996) портретларида яққол акс этган. SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 329 Уларда рассом қаҳрамонларнинг реалистик қиёфаси билан чекланишни истамаган. “Соҳибқирон Амир Темур” асарида қудратли ҳукмдорнинг рамзий сиймоси тасвирланган бўлса, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” портретида лирик руҳият устунлик қилади” [4, 103 б.]. Тарихий шахслар қиёфасини поэтик кўринишда очиб беришга қаратилган бу талқин шакли А.Нуриддиновнинг “Бобур Мирзо”, “Армон”, О.Қозоқовнинг “Шоир” асарларида ҳам устуворлик қилади. Бу жараёнда мусаввирлар тарихий шахс қалбига йўл топиб, у билан руҳан ҳамдард бўлишга интилганини кўрамиз. “Унда инсон маънавий дунёсининг ташқаридан назар солуви одамлар учун яширин бўлган ички моҳиятини ўрганишга бўлган интилиш устуворлик қилади. Унга кўра, бу турдаги Шарқ одамлари атрофидаги дунёни тўлдириб турган барча объектларни англашга ва шахснинг ижтимоийлашувини ёқловчи Ғарб типидаги шахслардан фарқли ўлароқ, ўз қалбида юз берувчи ҳодисаларга эътибор қаратади ва уни олий қадрият сифатида қабул қилади” [2, 8 с.]. Ўтмишда яшаган шоир сиймосига оригинал мурожаатни Р.Шодиевнинг “Машраб” (2016) асарида ҳам кўриш мумкин. Унда тасаввуф йўлини танлаган дарвеш-шоир сиймоси шартли кўринишда: бир қўлида китоб икинчисида эса танбур ушлаган ҳолатда акс эттирилган. Машрабни мўъжизавий сирли табиат дунёси қуршаб туради. Бунда шоирнинг афсонага айланган ҳаёт йўлига ўзига хос урғу бор. Машраб босиб ўтган йўл зиддиятли қора ва қизғиш доғлардан иборат. “Р.Шодиев ички ҳис этиш туйғуси билан маънавийфалсафий анъанани сеза олади ва картинада Шарқда анъанавий саналган Ҳақиқатни изловчи саёҳатчи Шоир тушунчасига яқин келади” [3, 24 с.]. Ўтмишда яшаган буюк аждолар сиймоси билан ўзига хос диелектик мулоқот ўрнатиш, ўз қиёфасида уларнинг суратини тиклашга бўлган интилишни автопортрет жанрида ҳам ривож топди. Агар бу изланишларга кенг доирада назар солинса, автопортрет – ўзбек рассомлари ижодида кечган тарихий-фалсафий эврилишларнинг ўзига хос экзистенциал ифодасига айлангани маълум бўлади. Ш.Абдуллаеванинг рамзий мазмунга эга “Автопортрет” (1994)и бунинг ёрқин мисолидир. Унда муаллиф “ўзини афсонавий Шарқ маликаларга хос либосда тасвирлаш орқали тарихий қаҳрамон ролига киришга интилади. Оч мовий, охра рангдаги суртмалар уйғунлиги асарга ўтмиш нафасини берувчи муҳитни ҳосил қилган. Устоз Чингиз Аҳмаров рангтасвирига хос нафис шарқона талқин билан боғлиқ бу ёндашув “Суғд қизи” (1996)да ҳам давом этиб, мозийдаги гўзал аёл қиёфасида рассом аслида ўз автопортретини акс эттирганини пайқаш қийин эмас. Мустақиллик йилларида ижод кўплаб рассомлар сингари Ш. Абдуллаева учун ҳам аждодлар билан маънавий ришталарни тиклаш бирламчи аҳамият касб этади. Шу боис бу автопортретларда мусаввирнинг ҳаққоний, индивидуал образини очиб бериш вазифасига жиддий эътибор қаратилмаган” [5, 28 б.]. Юқорида таҳлил қилинган рассомлар ижоди мустақиллик даври рангтасвирида тарихий портрет жанри муҳим ўрин тутишини тасдиқлайди. Мазкур жанрда олиб борилган ижодий тажрибалар кўлами ва характери уларни маълум тамойилларга ажратиш имконини беради. Масалан, 1990-йилларда рассомлар реалистик ёндашувларга таянган ҳолда, ўтмиш қаҳрамонлари акс этган ҳаққоний портретларни яратишга ҳаракат қилишди. Шу билан бирга, тарихий шахсларнинг ноанъанавий талқиндаги декоратив, фалсафийпоэтик образларини яратиш борасида ҳам кўплаб изланишлар амалга оширилди. Натижада, мустақиллик даври рангтасвирида ўзига хос хусусиятларга эга тарихийрелистик, шартли-декоратив, тарихий-метафорик талқиндаги портретлар юзага келди. SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 330 Сўнгги йиллардаги жараёнга назар солинса, ўзбек рангтасвирида ўрта асрлар Шарқ Ренессанси билан боғлиқ мавзуларга эътибор ошиб, улар қаторига яқин ўтмишдаги муҳим воқеалар, йирик давлат арбоблари, санъаткорлар, шоир ва ёзувчиларнинг образини очиб берувчи асарлар ҳам қўшилиб бормоқда. Шунга қарамай, тарихий мавзу талқини билан боғлиқ ижодий тажрибалар аввалги кўламини йўқотганини қайд этиш лозим. Бугунги кунда тарихий портрет жанридаги изланишларни рағбатлантириш учун республика миқёсидаги танловлар билан бирга, “Туркистанский римейк” [8, с. 142-151] каби замонавий лойиҳаларнинг ташкил этилиши ҳам самарали натижа бериши мумкин. Бу йўналишда қўлга киритиладиган ижодий ютуқлар бой тарихимизга янада кенг назар солиб, буюк аждодларимиз билан диалектик мулоқот ўрнатиш, уларнинг даҳосини янада теран англаш учун хизмат қилади. Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати: 1. Ахмедова Н. Живопись Центральной Азии XX века: традиции, самобытность, диалог. – Ташкент: SCD, 2004. – 224 с.; 2. Ахмедова Н. Каландар. – Москва: Фонд Марджани, 2021. – 128 с.; 3. Ахмедова Н. Эҳтиросли ранглар йўлидаги изланишлар: Раҳмон Шодиевнинг ранглар олами // – San’at. – Тошкент, 1999. – № 1. – Б. 22-25.; 4. Имамов А. Мустақиллик даври Ўзбекистон рангтасвирида тарихий мавзу талқини // Ёш олимлар ахборотномаси. – Тошкент, 2022. – № 4. – Б. 102-106.; 5. Имамов А. Портретда ўтмиш, бугун ва келажак ўйлари // San’at. ‒ Тошкент, 2023. ‒ № 3. ‒ Б. 27-29.; 6. Умарова Д.Б. Мустақиллик даври Ўзбекистон рангтасвирининг асосий тенденциялари. Cанъат. фан. бўй. фал. док. (PhD) дис. – Тошкент: ЎзР ФАСИ, 2020. – 159 в.; 7. Хакимов А. Искусство Узбекистана: история и современность. ‒ Ташкент: San’at, 2010. – 504 с.; 8. Хакимов А. Новая узбекская живопись. ‒ Ташкент: San’at, 2014. – 218 с.; 9. Ҳакимов А. Ўзбекистон рассомлари тарихий онгининг шаклланиш тамойиллари // Moziydan sado. ‒ Тошкент, 2018. ‒ № 3. ‒ Б. 1-5.