scieee AI-readable full text Open interactive document viewer

МИНТАҚАВИЙ ВА ГЛОБАЛ ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ ЎРНИ

Маматқобилов Турсунмурод Дониёрович

Abstract

Мақолада глобал ва минтақавий хавфсизлик, Касбий ва Қора денгизга чиқиш имкониятлари, Туркий давлатлар ҳамкорлигининг ижтимоий-маънавий аҳамияти ҳамда умуминсоний қадриятлар иқтисодий ҳамкорлик ва ўрта йўлак ҳақида фикр билдирилади.

Full text

SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 344 МИНТАҚАВИЙ ВА ГЛОБАЛ ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ ЎРНИ Маматқобилов Турсунмурод Дониёрович Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, сиёсий фанлар кафедраси дотсенти, сиёсий фанлар номзоди https://doi.org/10.5281/zenodo.17471068 Аннотация: Мақолада глобал ва минтақавий хавфсизлик, Касбий ва Қора денгизга чиқиш имкониятлари, Туркий давлатлар ҳамкорлигининг ижтимоий-маънавий аҳамияти ҳамда умуминсоний қадриятлар иқтисодий ҳамкорлик ва ўрта йўлак ҳақида фикр билдирилади. Калит сўзлар: Дунё бозори, туркий давлатлар, ватанпарварлик, барқарорлик, таълим маънавият, умуминсоний қадриятлар, аждодлар мероси, тарихий анъаналар ва логистика. Аннотация. В статье выражено мнение о глобальной и региональной безопасности, выходе к Черному морю, социальной и нравственной значимости сотрудничества тюркских государств, общечеловеческих ценностях. Ключевые слова: Мировой рынок, тюркские государства, патриотизм, стабильность, духовность, общечеловеческие ценности, наследие предков, исторические традиции. Abstract. The article expresses an opinion about global and regional security, access to the Black Sea, the social and moral importance of cooperation between the Turkic states, and universal human values. Key words: World market, Turkic states, patriotism, stability, spirituality, universal values, ancestral heritage, historical traditions. Бугун жаҳон миқёсида глобал муаммолар урчиган, турли хил ғоявий курашлар кучайган бир даврда тинчлик, осайишталик ва барқарорлик масаласи бирламчи ўринда турибди. Шунинг учун ҳам айрим давлатлар ва минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, ҳамдўстлик ҳамда кенгаш ва ташкилотларга бирлашиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Мақсад – тинчлик, барқарорлик ва осайишталикни таъминлашдан иборатдир. Шундан келиб чиқиб ўз фикримизни баён этадиган бўлсак, бундан уч йил олдин, яъни 2022 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган ушбу тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти ҚосимЖомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этганди. SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 345 Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда ушбу кўп томонлама тузилманинг котибияти раҳбарлари қатнашишди. Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган бўлиб, бу БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади. 2022 йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан музокара ўтказди. Учрашувда олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Фаол ишбилармонлик алоқалари, жумладан, шу кунларда икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида ўтказилаётган қўшма бизнес форум самарали натижалар бераётгани мамнуният билан қайд этилди. Барча иштирокчи давлат раҳбарлари билан ўзаро музокаралар ўтказган мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Саноат, кимё тармоғи, фармацевтика, банк-молия, транспорт ва логистика соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича механизмлар яратиш ишларини тезлаштиришга келишиб олди. Гуманитар алмашинув дастурларини, энг аввало, таълим, маданият ва кинематография соҳаларида фаол давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Бугунги кунда Туркий давлатлар кескин геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари билан боғлиқ мураккаб синовларни бошидан кечирмоқда. “Шу сабабли ҳозирги таҳликали вазиятда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир. Биз ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодирмиз”[1], деганди Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Давлат раҳбари сўнгги бир йил давомида Ташкилотга Туркиянинг раислиги чоғида турли йўналишлар бўйича анча ишлар амалга оширилгани, ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашганини алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон ҳам ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси”ни самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилотнинг нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш нияти давлатимиз раҳбари томонидан билдирилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилган йиғилишда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, кузатувчи мамлакат Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саммитнинг фахрий меҳмони – Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ташкилот бош котиби Бағдод Амреев иштирок этди. SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 346 Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг тегишли ташкилотлари ўртасида рақамли инсон ресурслари тизимлари тўғрисида англашув меморандумлари имзоланганди. “Аввало, ҳамкорлигимизнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашимиз мақсадга мувофиқ. Мамлакатларимизнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди. Бундан ташқари, давлатларимиз орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолмоқда”, дея ўз фикрини давом эттирди. “Ана шу режамизга эришиш учун, ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этаман. Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва “давра суҳбат”лари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради. Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари”ни қабул қилишимиз муҳим бўлади”[2], деганди Ўзбекистон етакчиси. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қўшма инвестиция фондини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Қайд этилишича, бу ишлар, энг аввало, ўзаро савдони кескин ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этишга қаратилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган автотранспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Туркий давлатлар ташкилотининг бошқа аъзо ва кузатувчи мамлакатларини ҳам тааклиф қилди. Президент кун тартибидаги яна бир стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб масала – бу транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш эканини урғулади. “Биз транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапираяпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак. Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда. Биз транспорт ва транзит салоҳиятимизни тўла ишга солиш учун нималар қилишимиз керак, Қандай қўшимча чоралар кўриш керак, уларни қайси муддатда ва кимлар амалга оширади, деган саволларга жавоб топишимиз лозим”[3], деганди Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Шунингдек, саммитда қабул қилинаётган Дастур асосида транспорт вазирлари томонидан йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқишни ҳамда Туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик масаласини кучайтиришни ҳам таклиф қилди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматлари бугунги зиддиятли даврда ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб, минтақада хавфсизликни ишончли таъминлаш устувор йўналиш эканини урғулади. “Сўнгги пайтларда жаҳоннинг турли нуқталаридаги зиддиятли воқеалар туркий дунёнинг умумий хавфсизлигига ҳам таъсир ўтказаяпти. Бундай мураккаб вазиятда терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматларимиз доимий алоқада бўлиши SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 347 ҳамда ҳамкорликни кучайтириши лозим”[4], деганди Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон етакчиси Ташкилот давлатлари Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев, саммит иштирокчилари эътиборини яна бир долзарб масалага қаратди. “Бугунги кунда ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни албатта жиддий ташвишга солади. Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак. Афғон масаласи бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш мақсадида ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларини мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз”[5], деди. Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон етакчиси туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур тадбир қарорига кўра Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти таъсис этилди. Саммит якунида етакчилар Самарқанд декларацияси ва бошқа бир қатор ҳужжатларни имзоладилар, “Яшил макон” умуммиллий дастури доираси келиб чиқиб Регистон мажмуасида дарахт экдилар. Мазкур ташкилотга 2019 йилда аъзо бўлган мамлакатимиз туркий тилли давлатлар ташкилотини тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ички ва ташқи сиёсатда ўзининг муҳим ўрнини эгаллади. Шунингдек, ҳарбий блокдан ҳоли бўлган бу ташкилотга аъзо давлатларнинг мудофаа салоҳияти ҳам босқичма-босқич кучайиб бораётганлиги бугунги глобал муаммолар таъсирига тушиб қолишни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 23 сентябр куни БМТ бош Ассамблеясининг 80 - сессиясидаги нутқида: “Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришни таклиф этамиз (ҳозирда беш давлат: Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШ унинг доимий аъзоси) [6], - деган фикрни қайд этганлигида ҳам жуда катта мантиқ мавжуддир. Шунингдек, Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг 6,6 фоизгача қисқаргани, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача ошгани, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 9 фоиздан 42 фоизгача етгани айтиб ўтилди. Давлат раҳбари педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этди. Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўттиз бешдан зиёд йўналишларда амалий ҳамкорлик олиб борилаётгани, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб, бу кўрсаткич 2030 йилга қадар икки баробар ошиши кутилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон етакчисининг “Янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш” ташаббуси 2025 йил 6-7 октябр куни Азарбойжон Республикаси Габала саммитидаги энг муҳим ғоялардан бири бўлди. Унга кўра, туркий давлатлар ўзаро савдо, инвестиция, саноат ва технология соҳаларида ягона экотизим яратиши лозим. Шавкат Мирзиёев таклиф этган “Туркий давлатлар иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгаш” тузиш ва уни Тошкентда жойлаштириш ташаббуси Ўзбекистоннинг SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 348 мавқеини янада мустаҳкамлайди. Машинасозликдан то “яшил энергетика”гача, қишлоқ хўжалигидан то фармацевтикагача бўлган соҳаларда “Туркий саноат альянси” ғояси эса истиқболдаги иқтисодий ривожланишнинг туркий омилкорлигини оширади. Бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи стратегик аҳамият касб этмоқда. Президентимиз бу йўналишда ҳам муҳим таклифни билдирди: туркий давлатлар органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда жаҳон етакчиларига айланиши мумкин. Шу мақсадда органик маҳсулотларимизни ягона бренд билан жаҳон бозорига чиқариш ғояси илгари сурилди. Ўрта коридор ҳозирда қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғланса, минтақадаги кўп тармоқли, стратегик имкониятлар тизими вужудга келади. Сунъий интеллект, рақамлаштириш ва креатив иқтисодиёт туркий ҳамкорликнинг янги драйверлари сифатида қайд этилар экан, бунда ташаббус туркий давлатлар учун инновация ва билим соҳасида ягона майдон яратишга имкон беради. Бу эса ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Габала саммити туркий халқларнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий яқинлашувида янги босқични бошлаб берди. Чунончи Ўзбекистон географик жиҳатдан ташкилотнинг марказида жойлашган, транспорт коридорларини ривожлантириш биз учун аҳамиятли, чунки. “ўрта йўлак” ёки “ўрта коридор” ва бошқа логистик транспорт йўлаклари орқали товарларни тезроқ, арзонроқ хавфсиз ҳамда қулайроқ етказиб бериш имконияти яратилади. ТДТ давлатлари билан иқтисодий муносабатларни кенгайтириш Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозорлар очади. Маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт ва божхона тўсиқлари камайса, тадбиркорларимизга енгиллик бўлади. Ҳамкор давлатлар билан биргаликдаги турли саноат лойиҳалари, қўшма корхоналар, технологиялар трансфери Ўзбекистон иқтисодиётига ёрдам беради. Янги иш ўринлари, инновацияларни жалб этиш имкони пайдо бўлади. “Яшил энергетика”, қайта тикланадиган энергия, стратегик минераллар, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби йўналишлардаги ҳамкорлик ҳам муҳим. Таълим соҳасида ҳам туркий университетлар, илмий лойиҳалар, адабий меросларни биргаликда тарғиб қилиш Янги Ўзбекистоннинг маданий нуфузини ошириш, олимлар ўртасида малакали алмашинувларни йўлга қўйиш айни муддоадир. Дунёда ҳукм суриб турган беқарорлик, можаролар ва геосиёсий зиддиятлар фонида туркий давлатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва муштарак позицияда бўлиш заруриятини туғдирмоқда. Нафақат минтақавий балки глобал хавфсизлик таҳдидлари туфайли стратегик ҳамкорлик, хавфсизлик алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкор давлатлар билан ташкил этилган биргаликдаги машғулотлар Ўзбекистон учун хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Демак, туркий дунёнинг яқин ҳамкорлиги барча аъзо ва кузатувчи давлатлар учун катта манфаат келтиради. Агар ҳамжиҳат бўлсак, савдо ҳажмлари кескин ортиб, маҳсулотларимиз туркий давлатлар бозорларига эркин чиқади, логистика харажатлари эса анча камаяди. Ахир, умумий аҳолиси 160 миллиондан зиёд, 4,25 миллион квадрат километр ҳудудни қамраб олган бу ташкилот улкан иқтисодий, маданий ва геосиёсий салоҳиятга эгалигининг ўзи тинчлик, барқарорлик ва инсонпарварлик тамойилларининг ҳаётийлигини таъминлайди. SCIENTIFIC AND THEORETICAL CONFERENCE “DECORATIVE AND APPLIED ART OF THE TURKIC WORLD: HISTORY, MODERNITY, AND FUTURE PROSPECTS”, OCTOBER 23, 2025 349 Бугун мамлакатимизнинг Осиё, Европа ва Жаҳон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашувида Туркий давлатлар ташкилоти асосий омил саналади. Ўзбекистоннинг Касбий ва Қора денгиз портларига чиқиш имкониятлари ошади. Натижада, Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий – иқтисодий, маданий ва маърифий ҳамкорлиги янги босқичга чиқади. Фойдаланилган адабиётлар 1. “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари”// “Янги Ўзбекистон” газетаси, Т.: 2022 йил, 11 ноябрь. 2. “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари”// “Янги Ўзбекистон” газетаси, Т.: 2022 йил, 11 ноябрь. 3. “Самарқанд – Туркий тамаддуннинг қадимий бешиги”// “Халқ сўзи” газетаси, Т.: 2022 йил, 11 ноябрь. 4. “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари”// “Янги Ўзбекистон” газетаси, Т.: 2022 йил, 12 ноябрь. 5. “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари”// “Янги Ўзбекистон” газетаси, Т.: 2022 йил, 12 ноябрь. 6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи. “Халқ сўзи” газетаси, 2025 йил 24 сентябр