ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВА РАДИОДА НУТҚНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ВА АДАБИЙ ТИЛ МЕЪЁРЛАРИ МАСАЛАЛАРИ
Abstract
Ушбу мақолада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида амалга оширилаётган янги ислоҳотлар ҳамда янгидан ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг фаолияти таҳлил қилинади. Сухандон, диктор ва бошловчиларнинг касбий этикаси, нутқ маданияти, адабий тил меъёрларига риоя этиши, шунингдек, кийиниш маданиятига оид масалаларда учраётган камчиликлар кўрсатилади. Шу билан бирга, телевидение ва радио нутқининг ўзига хос хусусиятлари, машҳур дикторларнинг маҳоратига доир илмий таҳлиллар ва қизиқарли тадқиқотлар келтирилади.
Full text
RESEARCH AND DEVELOPMENT TADQIQOT VA TARAQQIYOT ISSN: 3030 – 3281 Volume II, Issue 10 (2025) © 2025, the Author(s). Published by IMFAKTOR. This is an open access article under the CC BY license http://creativecommons.org/licenses/by/4.0/ 34 “Тилни ҳурмат қилмаслик, унга беэътибор бўлиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Тарихга холис кўз билан қарайдиган бўлсак, ўзбек адабий тили имло қоидаларини яратиш бир қанча тарихий даврларни бошидан кечирган. Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”. – Ш АВКАТ МИРЗИЁЕВ [1. Б.170]. ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВА РАДИОДА НУТҚНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ВА АДАБИЙ ТИЛ МЕЪЁРЛАРИ МАСАЛАЛАРИ Гўзал ХОЛИҚУЛОВА¹ 1 Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари номзоди. https://doi.org/10.5281/zenodo.17625198 Аннотация Ушбу мақолада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида амалга оширилаётган янги ислоҳотлар ҳамда янгидан ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг фаолияти таҳлил қилинади. Сухандон, диктор ва бошловчиларнинг касбий этикаси, нутқ маданияти, адабий тил меъёрларига риоя этиши, шунингдек, кийиниш маданиятига оид масалаларда учраётган камчиликлар кўрсатилади. Шу билан бирга, телевидение ва радио нутқининг ўзига хос хусусиятлари, машҳур дикторларнинг маҳоратига доир илмий таҳлиллар ва қизиқарли тадқиқотлар келтирилади. Калит сўзлар: сухандон, диктор, бошловчи, эфир нутқи маҳорати, телевидение нутқи, радио нутқ. ОСОБЕННОСТИ РЕЧИ НА ТЕЛЕВИДЕНИИ И РАДИО И ВОПРОСЫ ЛИТЕРАТУРНО-ЯЗЫКОВЫХ НОРМ Аннотация В данной статье анализируются новые реформы, осуществляемые в Национальной телерадиокомпании Узбекистана, а также деятельность недавно созданного Общественного совета. Особое внимание уделяется вопросам профессиональной этики, нормативности речевого поведения и соблюдения литературно-языковых норм ведущими, дикторами и тележурналистами, включая аспекты культуры одежды. Кроме того, рассматриваются результаты исследований, посвящённых специфике телевизионной и радиоречи, а также профессиональному мастерству известных дикторов. Ключевые слова: ведущий, диктор, телеведущий, мастерство эфирной речи, телевизионная речь, радиоречь, культура эфира, нормы литературного языка, культура речи, национальные ценности, правильное произношение. SPECIFIC FEATURES OF SPEECH ON TELEVISION AND RADIO AND ISSUES OF LITERARY LANGUAGE NORMS Annotation This article examines the recent reforms implemented within the National Television and Radio Company of Uzbekistan, as well as the activities of the newly established Public Council. Particular attention is given to shortcomings observed in the professional ethics, cultural conduct, adherence to literary language norms, and dress code of presenters, announcers, and hosts. The article also reviews notable studies addressing the distinctive features of television and radio speech, along with analyses of the vocal and communicative skills demonstrated by prominent announcers. Keywords: presenter, announcer, host, broadcast speech skills, television speech, radio speech, broadcast culture, literary language norms, speech culture, national values, correct pronunciation.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 10-SON | 2025 \ 35 Бугунги кунда барча соҳалар қатори Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 сентябрда қабул қилинган ПФ-141-сонли фармони – “Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг мамлакат медиамаконидаги ўрнини янада ошириш ҳамда фаолиятига замонавий ёндашувларни жорий этиш тўғрисида”ги ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ва самарали ишлар олиб борилмоқда. Фармон билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, 2024 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 октябрдаги 188-сонли баёни билан Кенгаш таркиби тасдиқланиб, унга таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва фаол жамоат арбоблари киритилди. Сўнгги йилларда “ижтимоий тармоқлар таъсири кучайиши натижасида радио ва телевидениега эҳтиёж йўқолади” деган тор қамровли ва илмий асосга эга бўлмаган фикрлар кенг тарқалмоқда. Ачинарлиси, бундай қарашларнинг тарқалишига айрим олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган шахслар ҳам ҳисса қўшмоқда. Тарихий манбаларга мурожаат этилганда, XIX аср охири – XX аср бошларида матбуот тизимида янги тур – радио пайдо бўлгани маълум. “Радио” атамаси юнонча radij – “нур таратиш” маъноларини англатади. Ахборотни электрон техника ёрдамида узоқ масофаларга ва кенг ҳудудларга етказиш имконияти шаклланиши билан бир қаторда, дикторлик фаолиятининг пойдевори ҳам айнан шу даврда яратилди. XX аср ўрталарига келиб медиа соҳасида яна бир инқилобий янгилик – телевидение ихтиро қилинди. “Телевидение” атамаси грекча сўздан олинган бўлиб, “узоқдан кўриш” маъносини билдиради. “Телевизор” эса телевидение орқали узатиладиган сигналларни тасвир ва овоз кўринишида қабул қиладиган аппарат ҳисобланади [2, Б. 157]. Ушбу даврлардан буён радио ва телевидение жамиятнинг маънавий-маърифий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, халқимизга билим, маданият ва маънавият тарқатиб келмоқда. Маънавий тарбия ва жамоат манфаатларига хизмат қилар экан, радио ҳам, телевидение ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Хайриддин Султонов Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида радио ва телевидение фаолияти юзасидан қимматли фикрларни билдириб, қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Бугунги кунда медиа майдонида мураккаб жараёнлар кечмоқда. Жамият ҳаётида таълимтарбия, одоб-аҳлоқ ва маънавий-маърифий йўналишларда кузатилаётган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш зарур. Жамоатчилик кенгаши аъзолари МТРК ходимларига мавжуд муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсата оладиган, соатлаб маҳорат дарслари ўтиш қобилиятига эга илғор зиёли шахслардир.” Аммо бундай мураккаб ва ўта масъулиятли соҳа вакилларининг фаолиятига фақат танқидий муносабат билдириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш, амалий кўмак кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, аҳолининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тизимли ўрганиш, томошабинлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мазмунан бой ва қизиқарли телерадио дастурлар тайёрлаш, эфирнинг бадиий савияси ва маънавий-ғоявий мазмунини янада юксалтириш, халқчил ва оммабоп кўрсатувлар ҳамда эшиттиришлар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланади [3]. Х. Султоновнинг таъкидлашича, Миллий телерадиокомпаниянинг замонавий медиа муҳитида рақобатбардош бўлиши, жумладан, BBC, CNN, “Ал-Жазира”, NHK, EuroNews [4] каби нуфузли халқаро оммавий ахборот воситалари билан тенглашиши учун уни цензура ва бошқа маъмурий тўсиқлардан холи ҳолда ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бирга, мамлакатимиз янгиланган Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган асосий тамойилларни ҳаётга татбиқ этишда МТРК имкониятларидан самарали фойдаланиш, хусусан, Ўзбекистоннинг мустақил, суверен, дунёвий ва ижтимоий давлат экани ҳақидаги ғояларни миллий ва жаҳон жамоатчилигига таъсирчан тарзда етказиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, миллий қадрият ва анъаналаримизни ҳимоя қилиш ва бойитишда телерадиоканалларнинг ўрни беқиёслиги таъкидланди. Дарҳақиқат, бугунги кунда МТРК фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни синчковлик билан ўрганиб, уларнинг самарали ечимини ишлаб чиқиш соҳадаги мутахассислар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, эфир маданияти, касб этикаси, эстетик меъёрлар, адабий тил нормалари, нутқ маданияти ва миллий қадриятларга риоя этиш масалалари сухандон (диктор ва бошловчи)ларнинг билим ва касбий савияси билан бевосита боғлиқ.
RESEARCH AND DEVELOPMENT | VOLUME II | ISSUE 10 | 2025 \ 36 Афсуски, айрим ҳолларда бошловчиларнинг адабий тил меъёрларига тўлиқ амал қилмаслиги, жонлиликка эришиш мақсадида нутқни шевалар билан аралаштириши, суҳбат жараёнида ортиқча ва сохта кулги ҳамда бемаънo жестлардан фойдаланиши, экран олдида турли хил ўта ёрқин соч турмаклари билан намоён бўлишга интилиши, баъзан эса йигитларнинг эфирда калта шим ва пайпоқсиз кўринишда ўтириши каби ҳолатлар кузатилмоқда. Шунингдек, бўрттирилган гримдан фойдаланиш ва кўрсатув ҳамда суҳбатларга тайёргарликсиз келиш каби камчиликлар ҳам учраб туради. Бундай камчиликларни бартараф этиш, аввало, теле режиссёрларининг масъулиятига ҳам боғлиқ. Айрим режиссёрларда “бошловчи учун эркинлик муҳим” деган бирёқлама қарашлар мавжуд бўлиб, рейтингни ошириш ва аудиторияни кенгайтириш айнан шундай эркинликка боғлиқ, деган фикр ҳам учрайди. Албатта, кадрдаги эркинлик суҳбат ва кўрсатув динамикаси учун муҳим омил саналади, аммо бу эркинликни “ҳар ким истаганини қилиши мумкин” деган тушунча билан чаташтирмаслик зарур. Масаланинг илмий жиҳатларига мурожаат қилар эканмиз, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришлари мазмун ва вазифасига кўра, асосан, уч услубга ажратилади: ахборий, маънавиймаърифий ва кўнгилочар турлар. Ушбу форматлардаги нутқ оддий оғзаки нутқдан қатор хусусиятлари билан фарқ қилади. Тингловчи ва томошабин ахборотни равон, осон ва қизиқиш билан қабул қилиши учун нутқ муайян талабларга жавоб бериши лозим. Радиодаги нутқнинг асосий ўзига хослиги – овоз орқали таъсир этишга йўналтирилганидир. Радио тингловчиси тасвирни кўрмайди, шу боис нутқ тиниқ, равон, образли ва интонацион жиҳатдан бой бўлиши, ритмнинг сезиларли бўлиши, жумлалар эса содда ва ихчам тарзда қурилиши талаб этилади. Радиода сухандоннинг дикцияси биринчи даражада аҳамиятга эга бўлиб, овоз орқали эмоционал таъсирни шакллантириш унинг асосий вазифаси ҳисобланади. Телевидениедаги нутқ эса бошқа талаблар билан тавсифланади. Бу ерда ахборот овоз билан бирга тасвир орқали тўлдирилади. Шу сабабли телевидениедаги нутқ қисқа ва аниқ, табиий ва таъсирчан бўлиши, мимика ва жестлардан ўринли фойдаланиш, камера билан кўз мулоқотини таъминлаш муҳимдир. Томошабин расмийликка тез зерикади, шунинг учун табиий ва жонли коммуникация телевидение эфирининг асосий шарти бўлиб ҳисобланади. Мавзуга оид тадқиқотларда қуйидаги фикрлар илгари сурилади: “Бадиий сўз санъати театр, кино, радио ва якка ижрочилик каби барча ифода имкониятларини ўзида мужассамлаштирувчи синтетик восита саналади. Бу ҳолат телеимкониятларнинг жуда кенг ва ранг-баранг эканидан далолат беради” [5, Б. 9]. Шу билан бирга, радио ижодиятига оид тадқиқотларда қуйидагилар қайд этилади: “Радио сўз санъатига таянувчи воситадир. Ҳеч бир медиа тури радио каби кенг тингловчилар оммасига эга эмас. Радио дикторлик ва радиотеатр ижрочилиги ўзининг ўзига хос хусусиятларига эга. Радио ижрочиси қўл ҳаракатлари, мимика, жусса ҳолати каби ифода имкониятларидан маҳрум бўлгани боис, унинг ички кечинма ва мантиқий ифода воситаларига бўлган талаб ортиб боради. Радио ижрочиси барча ижодий имкониятларини онгли равишда овозга, товуш орқали ифодаланадиган маъно ва ҳис-туйғуларга йўналтириши зарур” [6, Б. 9]. Умуман олганда, сухандон (диктор ёки бошловчи)нинг асосий профессионал маҳорати тўғри талаффуз, ортиқча “м-м-м”, “э-э-э”, “а-а-а” каби тўлдирувчи товушларни қўлламаслик, тиниқ овоз, тўғри нафас олиш техникасидан фойдаланиш ва нутқ услубини мазмун ва мақсадга мос танлай олиш каби талабларни ўз ичига олади. Ахборий кўрсатувларда нутқ расмий, кўнгилочар кўрсатувларда – енгил ва самимий, маънавий-маърифий контентда эса таъсирчан ва тарбиявий мўлжалланган бўлиши лозим. Адабий тил меъёрлари масаласига мурожаат этар эканмиз, тилнинг барқарор ва мустаҳкам ривожланиши, аввало, матбуот ва нашриётлар фаолиятига, шунингдек, таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларга боғлиқ эканини қайд этиш лозим. Бироқ энг муҳим омиллардан бири маданият ва санъат муассасаларида хизмат қилаётган ходимларнинг масъулиятидир. Чунки айнан улар нутқ маданияти, адабий тил меъёрлари ва тилнинг истиқболини таъминлаш йўлида узлуксиз меҳнат қиладилар. Маънавиятнинг асосий мезони давлат тили экан, мамлакат мустақиллигининг барқарорлиги ҳам, аввало, давлат тилининг ижтимоий ҳаётда қай даражада мустаҳкам ўрин эгаллагани билан белгиланади. Зеро, тил миллатнинг ўзлиги, тарихи ва маданиятини ифодаловчи асосий маънавий қадрият ҳисобланади. Шу билан бирга, тил ижтимоий тараққиёт жараёнида ҳам улкан аҳамиятга эга. 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва ўзбек тилининг давлат тили деб эътироф этилиши Ватанимиз тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланади.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 10-SON | 2025 \ 37 Ушбу қонун халқимиз “Тилга эътибор – элга эътибор” деган ҳикматини амалда тасдиқлаб, узоқ йиллар давомида камситилган ва қиёфаси бузилаётган ўзбек тилини иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётда муҳим воситага, адабиёт ва санъат тараққиётини белгилайдиган асосий омилга айлантирди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида телевидение ва радио эшиттиришлари давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам олиб борилиши қатъий белгиланган. Мазкур меъёрнинг мазмун-моҳияти қуйидагиларни ўз ичига олади: Биринчи, ўзбек миллий маданият ва қадриятларини телевидение, радио ва даврий матбуот орқали тарғиб қилиш, ўзбек тилида давра суҳбатлари, маърифий кечалар ташкил этиш, халқ университетларида мунтазам машғулотлар ўтказиш каби ташаббуслар давлат тилининг нуфузини оширади. Иккинчи, мамлакатда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида телерадиоэшиттиришларни турли тилларда ҳам олиб бориш имкони яратилади. Учинчи, давлат тилида фильмлар ва телеспектакллар яратиш миллий санъатнинг ривожланишида муҳим ўрин тутади. Хорижий кинофильмларни давлат тилига таржима қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Заруратдан келиб чиқиб, мамлакатда яшовчи турли миллат ва элатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, бундай фильмларни бошқа тилларга ҳам таржима қилиш мумкин. Тўртинчи, хабарлар, тақризлар, шарҳлар, кинотеатр афишалари ва репертуарлари, сценарийлар ўзбек тилида тузилиши, зарур ҳолларда эса бир вақтнинг ўзида бошқа тилларда ҳам тайёрланиши лозим. Ушбу талаб радио ва телевидение орқали бериладиган эълонларга ҳам дахлдордир [7, Б. 26]. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритаётган сухандон, диктор ва бошловчиларнинг нутқий маҳорати ҳақида сўз юритар эканмиз, тил ва нутқ маданиятига нисбатан масъулиятли муносабатнинг муҳим эканини таъкидлаш зарур. Телетомошабин дикторни фақат кўриш билан чекланмай, унинг нутқини диққат билан эшитади. Агар нутқ аниқ, равон, таъсирчан ва ижодий жозибага эга бўлса, у юқори профессионаллик сифатида қабул қилинади. 1970–1980 йилларда радио ва телевидениеда фаолият кўрсатган дикторларнинг нутқ маданияти ҳозирга қадар намунали деб баҳоланиши бунга яққол мисол бўла олади. Моҳир сухандон, шоир ва халқимиз севган диктор Муслимбек Йўлдошевнинг “Силсила” асарида ўзбек дикторчилиги ривожига катта ҳисса қўшган бир қатор шахслар – Ўктам Жобиров, Мирзоҳид Раҳимов, Галина Мельникова, Насиба Мақсудова, Фарҳод Мусажонов, Дилором Умарова, Абдумўмин Ўтбосаров, Мақсуд Юнусов, Санжар Саъдуллаев кабиларнинг касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва нутқ маданияти ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Муаллиф айниқса Ўктам Жобировнинг эфирга тайёргарлик жараёнига жиддий ёндашувини мисол сифатида келтиради: “Ўктам ака йигирма минутлик кўрсатув учун соатлаб тайёргарлик кўрар, матннинг ҳар бир белгисигача эътибор бериб чиқар эдилар… Қайси сухандон ўзи билиб гапираётганини, қайси бири ёдлаб олган матнни айтаётганини томошабин жуда яхши фарқлайди”, – дея таъкидлайди [8, Б.175]. Ушбу тараққиёт манзарасини тўлдирувчи бошқа бир қатор машҳур дикторлар – Қодир Маҳсумов, Туйғуной Юнусхўжаева, Насиба Қамбарова, Даврон Зуннунов, Неъматжон Эгамбердиев, Ҳури Сафарова, Раҳматилла Мирзаев, Раъно Ашрапова, Клара Халилова, Абдулла Матназаров, Аҳмаджон Мирзаев, Давлат Турдиалиев, Шухрат Қаюмов, Рустам Хотамов, Носиржон Деҳқонов, Гулсара Иброҳимова, Муҳаммаджон Хўжаев, Маъмуржон Абдиев, Эрназар Ёрбеков, Дилфуза Юсупова, Шокир Юсупов, Баҳодир Маъдиев кабиларининг нутқий маҳорати ҳам мазкур соҳада юқори ўрнак сифатида тилга олиниб келинади. Ёш авлоддан Жамшид Умрзоқов, Ғолибназар Қурбонов, Хулкар Бўриева, Ислом Қорабоев каби дикторлар устозлар анъаналарини давом эттираётган салоҳиятли ижодкорлар сифатида эътироф этилмоқда. Диктор нутқ маданияти, адабий тил меъёрларига риоя қилиш, тиниқ ва равон талаффуз, услубга мос нутқ олиб бориш, шу билан бирга шахсий фазилатларнинг юксак даражаси билан белгилаб берилади. Чунки эфир орқали мулоқотнинг самарадорлиги сухандоннинг ахлоқий-психологик хусусиятлари – хушмуомалалилик, камтарлик, инсонийлик, виждонлилик каби фазилатлар билан бевосита боғлиқ. Мазмунли мулоқот ва таъсирчан нутқ учун самимийлик ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Сухандон (диктор, бошловчи) касбий фаолиятда юқори натижага эришиши учун саҳна нутқи, нутқ техникаси, бадиий ўқиш ва актёрлик маҳорати бўйича пухта билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Бу маҳорат унинг нутқида нуқсонлар пайдо бўлмаслигини таъминлайди ҳамда кўрсатув жанрига хос ҳис-туйғуларни тингловчига аниқ ва таъсирчан етказиш имконини яратади. Профессор Маҳкам Муҳаммедов таъкидлаганидек: “Сўз санъатининг асосини бадиий адабиёт ташкил этади… Саҳнадаги, радио ва телевидениедаги ижрочидан катта масъулият талаб этилади. Гапирувчи матнни муаллиф номидан ёки ижрочи сифатида ўз қалби ва тафаккури орқали етказиши мумкин; бунинг учун эса кенг дунёқараш, теран фикр ва етук шахсий сифатлар зарур” [9, Б.36].
RESEARCH AND DEVELOPMENT | VOLUME II | ISSUE 10 | 2025 \ 38 Ҳозирги вақтда бошловчиларга нисбатан билимсизлик, дунёқарашнинг торлиги, нутқнинг маиший нутқдан фарқ қилмаслиги, шеваларни аралаштириб сўзлаш каби танқидлар тез-тез тилга олинмоқда. Бироқ бу муаммоларни бартараф этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар жорий этиш масаласи узоқ йиллар давомида етарлича эътибордан четда қолган. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган фармон эса бу йўналишда амалий ишлар бошланишига асос бўлди. Айни пайтда пойтахтдан эфирга узатилаётган давлат телеканалларида 241 нафар сухандон (диктор ва бошловчи) фаолият юритмоқда. Уларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида нутқ маданияти, адабий тил меъёрлари, саҳна нутқи қонун-қоидалари, нутқ техникаси ва матнни тўғри ўқиш бўйича МТРК ва ЎзДСМИ ҳамкорлигида асосий талаблар ишлаб чиқилди ва барча ходимларга етказилди. Ушбу талабларда қуйидаги йўналишлар асосий деб белгиланди: 1. Эфир маданияти. Бошловчи эфирда ўзини ҳар томонлама маданий, вазмин ва масъулиятли тарзда тута олиши, қўлланаётган ҳар бир сўзнинг умуминсоний ахлоқ нормалари, миллий анъана ва қадриятларга мувофиқ бўлиши шартлиги таъкидланди. 2. Касб этикаси. Бошловчи телетомошабин ёки радиотингловчи учун намуна бўлиши, журналистика касбига хос ахлоқий нормаларга риоя этиши, эфирда ўзини тўғри тута олиши ва зарурат туғилганда тўғридан-тўғри эфир шароитида ишлай олиши лозимлиги кўрсатилди. 3. Эстетик меъёр. Ташқи кўриниш – кийиниш, соч-соқол, грим ёки пардоз – меъёрга мувофиқ, мутаносиб ва табиий бўлиши, ташқи имидждаги ҳар бир деталнинг умумий эстетикага мослиги муҳим экани қайд этилди. 4. Адабий тил меъёрлари. Дастурлар давомида сўзларни бузиб талаффуз қилмаслик, шевалардан фойдаланмаслик, талаффуз ва урғуга жиддий эътибор бериш, нотаниш атамалар ва исм-шарифларни тўғри айтиш зарурлиги белгиланди. 5. Нутқ маданияти. Равон, аниқ, мазмунли нутқ, сўз ва ибораларни тўғри қўллаш, дикцияга эътибор қаратиш ва ортиқча “м-м-м”, “е-е-е” каби тўлдирувчи товушлардан воз кечиш талаби киритилди. 6. Миллий қадриятлар. Бошловчи миллий тарих, анъана ва урф-одатларга ҳурмат билан ёндошиши, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиши ва ички ҳамда ташқи сиёсатга нисбатан ишончни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида икки ойлик ўқув дастури ташкил этилди, семинартренинглар ва “Маҳорат дарслари” ўтказилди. Кўпчилик бошловчиларда театр ва саҳна нутқи бўйича базавий кўникмалар йўқлиги сабабli машғулотлар жиддий ташкил этилди ва амалий самара берди. Ҳар бир канал ижодкорлари билан адабий тил, эфир маданияти ва нутқ меъёрлари бўйича суҳбатлар ўтказилди. Натижада давлат телеканаллари эфирларида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра: “Эфирдаги овоз микрофонда табиий ва аниқ янграши лозим. Шева унсурларини аралаштириш, товушларни ямлаш ёки сўзларни ‘чайнаш’ эфир сифатига жиддий путур етказади. Микрофон олдида овозни сунъий йўғонлаштириш ёки ингичкалаштириш эса табиийликни йўқотади” [10, Б.22]. Шу боис, ҳозирда фаолият юритаётган диктор ва бошловчилар махсус комиссия томонидан суҳбатдан ўтказилиб, зарур тавсиялар бериш режалаштирилган. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, МТРК ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг ташкил этилиши сухандон ва бошловчиларнинг профессионал ривожланишига, эфир савиясини юксалтиришга қаратилган тизимли ишларнинг йўлга қўйилишига хизмат қилмоқда. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бошловчилар учун қўйилган қатъий талаблар ўз самарасини бермоқда. Таклифлар: 1. Телесериаллар режиссёрлари билан адабий тил меъёрлари, саҳна нутқи ва тил маданияти масалалари бўйича доимий мулоқот ташкил этиш. Жараёнда шевавий нутқдан ортиқча фойдаланишга йўл қўйилмаслиги муҳим. 2. Телевидение бошловчилари учун радиода амалий тажриба орттириш амалиётини қайта тиклаш. Бу тарихда ўзини оқлаган ва профессионал нутқни шакллантиришда самарали бўлган методдир. 3. “Маданият ва маърифат” телеканалида “Ғазал бўстони” кўрсатувини қайта жорий этиш. Бу ёшларнинг маънавий ривожланиши ва нутқининг равон ўсиши учун муҳим аҳамиятга эга.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 10-SON | 2025 \ 39 4. “Ёшлар” телеканалида “Талабаман”, “Ёшлар шижоати” каби кўрсатувлар аудиториясини кенгайтириш мақсадида ЎзДСМИ диплом спектакллари ва қисқа метражли фильмларни эфирга жойлаш. Бу ёш ижодкорларнинг намоён бўлишига шароит яратади. 5. “Устозлар маслаҳати” номли махсус давра суҳбати ташкил этиш. Унда нафақат бошловчи ва сухандонлар, балки буюк актёрларнинг нутқий маҳорати ва адабий тилга муносабати муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқ.
RESEARCH AND DEVELOPMENT | VOLUME II | ISSUE 10 | 2025 \ 40 Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. Мирзиёев Ш.М. Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари. – Тошкент: “Ўзбекистон” НМИУ, 2020. 2. Ўзбек тили изоҳли луғати. 2-жилд. – Москва: “Рус тили”, 1981. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши. 2025 йил 19 декабрда ўтказилган илк мажлис баённомаси. 4. Халқаро телеканаллар ҳақида маълумотлар: – ВВС (British Broadcasting Corporation), 1922. – CNN (Cable News Network), 1980. – Al Jazeera, 1996. – NHK (Nippon Hōsō Kyōkai), 1926. – Euronews, 1993. 5. Иномхўжаев С. Бадиий ўқиш асослари. – Тошкент: “Ўқитувчи”, 1973. 6. Ўша манба. 7. Абдумажидов Ғ. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонунга шарҳлар. – Тошкент: “Адолат”, 1999. 8. Йўлдошев М. Силсила. – Тошкент: “Адиб”, 2013. 9. Муҳаммедов М. Нигоҳ. – Тошкент: ЎзДСИ, 2010. 10. Юсупов Ш. Бошловчилик. – Тошкент: ЎзДСМИ, 2014. 11. Хидирова Р. Телевидениеда санъат мавзусининг ёритилиши // Санъат таълими йилномаси, 4-жилд. – Тошкент: ЎзДСИ, 2009. 12. Худойқулов М. Оммавий ахборот воситаларининг вужудга келиш асослари // Санъат таълими йилномаси, 4-жилд. – Тошкент: ЎзДСИ, 2009. 13. Введенская Л.А. Словарь ударений для дикторов радио и телевидения. – Москва: МарТ, 2006.
TADQIQOT VA TARAQQIYOT | II-JILD | 10-SON | 2025 \ 41 ИЛМИЙ ТАҚРИЗ Мақола: “Телевидение ва радиода нутқнинг ўзига хослиги ва адабий тил меъёрлари масалалари” Муаллиф: Гўзал ХОЛИҚУЛОВА, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари номзоди Тақриз этилаётган мақола замонавий медиамакон нуқтаи назаридан жуда долзарб бўлган мавзуга – телевидение ва радиода ишлатилаётган нутқнинг сифати, унинг адабий тил меъёрларига муносабати, эфир маданияти ва сухандонлик мактаби анъаналарининг сақланиши ҳамда ривожи масалаларига бағишланган. Мақола журнали таҳририяти томонидан қабул қилингани унинг илмий ва амалий аҳамияти юқори эканидан далолат беради. Мавзунинг долзарблиги ва мақоланинг мақсади Мақолада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президент фармони ва “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси, МТРК ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг ўрни медиамаконни ислоҳ қилишнинг муҳим институционал асоси сифатида таҳлил этилади. Муаллиф телевидение ва радио эфирларидаги нутқ маданияти, касб этикаси, эстетик меъёр, адабий тил қоидалари, шу жумладан, миллий қадриятларга муносабат масалаларини комплекс равишда кўриб чиқади. Шу жиҳатдан мақола нафақат тилшунослар, балки журналистика, санъатшунослик, медиа менежмент ва таълим соҳалари мутахассислари учун ҳам долзарб илмий-амалий манба ҳисобланади. Илмий-назарий ва манбашунослик асослари Мақолада қатор муҳим манба ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланилгани кўринади. Хусусан: − Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари; − “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонун ва унга берилган шарҳлар; − Ш.М. Мирзиёев асарларида тил ва маънавият масалаларига оид фикрлар; − бадиий ўқиш, сўз санъати, эфир нутқига оид классик ва замонавий тадқиқотлар; − МТРК ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мажлиси материаллари. Бу манбаларнинг тизимли тарзда қўлланилиши мақоланинг назарий асосини мустаҳкамлайди, хулоса ва таклифларининг ишончлилигини оширади. Муаллиф, шунингдек, радио ва телевидение ривожига оид тарихий маълумотларни қисқа, аммо мазмунли шаклда бериб, мавзуни кенг контекстда кўрсатишга эришган. Мақоланинг тузилиши ва мазмуннинг изчиллиги Мақола тузилиши жиҳатидан мантиқан изчил ва яхлит: 1. Кириш қисмда тилга ҳурмат, давлат тилининг мақоми, адабий тил меъёрларининг тарихий шаклланиши ва уларнинг маънавият билан узвий боғлиқлиги асослаб берилади. 2. Кейинги бўлимларда МТРКда олиб борилаётган ислоҳотлар, Жамоатчилик кенгашининг ташкил этилиши, миллий медиамакондаги муаммо ва вазифалар очиб берилади. 3. Навбатда телевидение ва радио нутқининг ўзига хос хусусиятлари, жанр ва услубий турлари (ахборий, маънавий-маърифий, кўнгилочар) илмий тасниф асосида ёритилади. 4. Алоҳида эътибор сухандон, диктор ва бошловчиларнинг касбий портретига, уларнинг нутқий маҳорати, дикцияси, талаффузи, нутқ техникаси, саҳна нутқи ва актёрлик кўникмаларига қаратилади. 5. Давлат тили қонунининг 16-моддаси талаби доирасида телерадиоэшиттиришларда давлат тилининг ўрни, кўп тилли эфир амалиёти ва миллиймаданий сиёсатнинг медиадеги инъикоси таҳлил қилинади. 6. Якуний қисмда амалий таклиф ва тавсиялар – режиссёрлар билан ишлаш, радиода тажриба орттириш тизимини тиклаш, “Ғазал бўстони” каби кўрсатувларни қайта жорий қилиш, “Устозлар маслаҳати” каби махсус форматларни йўлга қўйиш каби амалий ечимлар таклиф этилади. Илмий янгилик ва амалий аҳамият Мақоланинг бир қатор муҳим жиҳатлари илмий янгилик ва амалий аҳамиятга эга: − МТРК ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ташкил топиши ва унинг вазифалари нутқ маданиятини юксалтириш контекстида биринчи маротаба илмий таҳлил предмети сифатида ёритилган. − Телевидение ва радио сухандонлари учун ишлаб чиқилган аниқ мезонлар (эфир маданияти, касб этикаси, эстетик меъёр, адабий тил меъёрлари, нутқ маданияти, миллий қадриятлар) илмий тасниф асосида умумлаштирилган. − МТРК ва ЎзДСМИ ҳамкорлигида амалга оширилган икки ойлик ўқув дастурлари, маҳорат дарслари ва семинар-тренинглар мисолида “амалий модел” таклиф этилгани мақоланинг катта афзаллик томонидир.
RESEARCH AND DEVELOPMENT | VOLUME II | ISSUE 10 | 2025 \ 42 − Сухандонлик мактаби намояндаларининг тажрибаси (Муслимбек Йўлдошев, Ўктам Жобиров ва бошқалар) ҳозирги авлод бошловчилари билан қиёс қилинган ҳолда таҳлил этилиши орқали касбий мерос ва давомийлик масаласи илмий муаммо сифатида кўтарилган. Ушбу жиҳатлар мақолани назарий мулоҳаза билан чекланмаган, балки аниқ амалий тавсиялар берувчи, қўлланма хусусиятига эга илмий иш сифатида баҳолаш имконини беради. Баён услуби, терминологик маданият ва илмий меъёрлар Мақолада қўлланилган тил ва услуб, умумий ҳолда, илмий омма учун тушунарли, меъёрий ва услубан бир хил. Терминлар – “эфир маданияти”, “касб этикаси”, “эстетик меъёр”, “нутқ маданияти”, “адабий тил меъёрлари” каби тушунчалар изчил ва мақсадга мувофиқ қўлланган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилган аннотация ва калит сўзлар мақоланинг халқаро илмий айланмада имкониятларини кенгайтиради, бу эса журнал учун ҳам, муаллиф учун ҳам ижобий кўрсаткич ҳисобланади. Айрим мулоҳаза ва тавсиялар Мақола умумий ҳолда юқори савияда ёзилганини инобатга олган ҳолда, қуйидаги мулоҳазаларни келтириш мумкин (улар мақоланинг умумий қийматини камайтирмайди, балки кейинги тадқиқотлар учун йўналиш бўла олади): − Телевидение ва радио эфирини таҳлил қилишда муайян эмпирик корпус (масалан, муайян канал, маълум вақт оралиғидаги дастурлар)ни қисқача статистик ёритиш мақоланинг эмпирик базасини янада мустаҳкамлаши мумкин эди. − Ёш авлод дикторлари нутқини таҳлил қилишда замонавий медиа психология ва медиалингвистика методлари (масалан, аудитория қабулини ўрганиш)га қисқача мурожаат мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Бироқ ушбу мулоҳазалар мақолани қайта ишлаш зарурлигини эмас, балки кейинги тадқиқотлар учун истиқболли йўналишлар мавжудлигини кўрсатади. Тақриз этилаётган мақола медиамакондаги долзарб муаммоларни илмий асосда ёритиши, манба ва норматив ҳужжатларга таянилган мустаҳкам назарий базаси, меъёрий илмий баён услуби ҳамда амалий жиҳатдан татбиқ этиш мумкин бўлган аниқ таклиф ва тавсиялари билан ажралиб туради. Унда телевидение ва радио эфирларида нутқ маданияти, адабий тил меъёрлари ва касбий стандартларни такомиллаштиришга қаратилган муҳим илмий-амалий хулосалар берилгани мақоланинг қийматини янада оширади. Шу жиҳатлар мақолани миллий медиамаконда нутқ маданиятини юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим илмий иш сифатида баҳолаш имконини беради. Шу асосда профессор, Г. Холиқулованинг “Телевидение ва радиода нутқнинг ўзига хослиги ва адабий тил меъёрлари масалалари” номли мақоласини нашр қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланади. Disclaimer © This scientific review has been prepared by the editorial board of the “RESEARCH & DEVELOPMENT” journal and is intended solely for use within the journal’s internal expert evaluation process and editorial activities. This review is protected by copyright law, and its content may not be distributed, reproduced, or used for commercial purposes without the prior permission of the editorial board. The review has been prepared to assess the scientific quality, content, and methodological aspects of the author’s (authors’) work. It does not represent the personal opinion of the author(s) nor should it be interpreted as the official position of the journal. The editorial board bears no responsibility for the implementation, outcomes, or consequences of the recommendations, conclusions, or comments contained in this review. The review is provided to ensure transparency in the editorial process and to maintain quality control over scientific publications.