СОВЕТ ТУЗУМИ ИНҚИРОЗИ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОН ССРДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАР (1970 ЙИЛЛАРНИНГ ОХИРИ – 1985 ЙИЛЛАР)
Abstract
Мақолада 1970-йилларнинг охири ва 1985-йиллар оралиғидаги Ўзбекистон ССРда юз берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар таҳлил қилинган. Асосий эътибор совет тузумининг инқирози, унинг иқтисодий ва мафкуравий таназзули, жамиятда пайдо бўлган ижтимоий зиддиятлар ҳамда миллий онг уйғониши жараёнларига қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги раҳбар кадрлар сиёсати, “пахта иши” деб ном олган сиёсий жараён ва унинг аҳоли онгига таъсири таҳлил этилган. Мақолада тарихий манбалар, архив материаллари ва илмий тадқиқотлар асосида совет тизимининг таназзулининг ички сабаблари ёритилган. Шу орқали Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасидаги сиёсий муҳит ва ижтимоий кайфият илмий жиҳатдан асослаб берилган.
Full text
9 СОВЕТ ТУЗУМИ ИНҚИРОЗИ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОН ССРДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАР (1970 ЙИЛЛАРНИНГ ОХИРИ – 1985 ЙИЛЛАР) Б. Пасилов, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети доценти, т.ф.н. Аннотация. Мақолада 1970-йилларнинг охири ва 1985-йиллар оралиғидаги Ўзбекистон ССРда юз берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар таҳлил қилинган. Асосий эътибор совет тузумининг инқирози, унинг иқтисодий ва мафкуравий таназзули, жамиятда пайдо бўлган ижтимоий зиддиятлар ҳамда миллий онг уйғониши жараёнларига қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги раҳбар кадрлар сиёсати, “пахта иши” деб ном олган сиёсий жараён ва унинг аҳоли онгига таъсири таҳлил этилган. Мақолада тарихий манбалар, архив материаллари ва илмий тадқиқотлар асосида совет тизимининг таназзулининг ички сабаблари ёритилган. Шу орқали Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасидаги сиёсий муҳит ва ижтимоий кайфият илмий жиҳатдан асослаб берилган. Калит сўзлар: Совет тузуми, инқироз, ижтимоий жараёнлар, миллий сиёсат, “пахта иши”, тоталитар тизим, Ўзбекистон ССР. Abstract. The article analyzes the socio-political processes that took place in the Uzbek SSR between the late 1970s and 1985. The focus is on the crisis of the Soviet system, its economic and ideological decline, the emergence of social contradictions, and the awakening of national consciousness. It also examines the personnel policy in Uzbekistan, the political campaign known as the “Cotton Affair,” and its impact on public consciousness. Based on historical sources, archival materials, and scholarly studies, the article reveals the internal causes of the collapse of the Soviet system. Thus, it provides a scientific explanation of the political atmosphere and social attitudes in Uzbekistan on the eve of independence. Keywords: Soviet system, crisis, social processes, national policy, “Cotton Affair,” totalitarian regime, Uzbek SSR. 1970 йилларнинг охири -1980-йилларнинг бошларида совет тарихининг аввалги даврларидагидек, Ўзбекистон Коммунистик партияси республикадаги асосий сиёсий куч бўлиб қолаверди. Республика Компартияси КПССнинг таркибий қисми ўлароқ, “етакчи сиёсий куч” сифатида нафақат қонун чиқарувчи органлар ва ижроия ҳокимият, ижтимоий ташкилотлар фаолиятини назорат қилишни давом эттирди, балки халқ хўжалигининг барча соҳаларини бошқариб, жамият ҳаётида кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга ҳар томонлама таъсир ўтказди. Советлар, касаба уюшмалари ва комсомол каби ижтимоий-сиёсий ташкилотлар, шаклан мустақил ташкилотлар саналса-да, асли амалиётда улар коммунистик партия томонидан илгари сурилган кўрсатма ва вазифаларини
10 бажарарди. Ўзбекистон Коммунистик партияси мазкур ташкилотларда ишлаётган ўз аъзолари орқали улар устидан сиёсий раҳбарликни амалга оширар эди. Бу даврда жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётини мафкуралаштириш янада кучайди. Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар сиёсий тус кучли акс этиб, улар батамом КПСС мафкурасига хизмат қилишга бўйсундирилган эди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаси Ўзбекистон Компартиясининг қатъий назорати остида эди. Партия органлари республиканинг маданият ва илм-фан соҳаси ходимларига тўғридан-тўғри кўрсатмалар берарди. Улар адабиёт ва санъат намоёндаларига “марксча-ленинча билимга эга бўлиб, ўз фаолиятларида унга оғишмай амал қилишлари учун “социалистик маданиятнинг” халқчиллик ва партиявийлик байроғини баланд кўтаришларини” шарт қилиб қўйган эди. 1 Компартиянинг раҳбарлик роли юридик жиҳатдан асосий қонуний ҳужжатлар – СССР Конституцияси 2 ва Ўзбекистон ССР Конституциясида 3 мустаҳкамлаб қўйилган эди. Гарчи Советлар мазкур ҳужжатларда қонун чиқарувчи орган сифатида белгиланган бўлса-да, уларнинг фаолияти батамом Коммунистик партиянинг директивалари, қарор ва кўрсатмалари асосида юритилар эди. Мавжуд вазият тақазоси билан Советлар, ижрои қўмиталар, касаба уюшмалари, комсомол ва бошқа ижтимоий-сиёсий ташкилотлар ўзларининг амалий фаолиятларида партия органларининг қарор ва дастурларига оғишмай амал қилар эдилар. Совет ҳокимиятининг илк даврида шаклланган амалиёт давом этиб, партия органлари қонун чиқарувчи органларга тўғридан-тўғри кўрсатмалар берарди, чунки совет сиёсий тузуми айнан ушбу тамойилга асосланган эди. Компартия томонидан директив тартибда Советларга “бошқарув органлари устидан назорат фаолиятини ошириб бориш, мансабдор шахслар ва барча даражадаги хўжалик раҳбарлари фаолиятини талабчанлик билан баҳолаш, ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлаш ва қонунлар нуфузини оширишга эришишни таъминлаш” каби буйруқлар берилган 4 . Аммо, амалда эса, куч ишлатиш министрликлари ва маҳкамалар ҳамда раҳбар коммунистлар советлар назоратидан четда қолиб кетарди, чунки партия комитетлари барча органлар, шу жумладан советлардаги раҳбар кадрларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш билан шуғуланарди 5 . Шу боисдан ҳам фақатгина партия аъзоларигина совет органларининг раҳбарлари бўлиши мумкин эди холос. Советлар раҳбарлари эса ўз навбатида аввалом бор уларни тайинлаган партия юқори органлари, яъни уларнинг раҳбарлари олдида маъсул (подотчетны) бўлиб, уларга ҳисобот бериб турарди. 1 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. 1988. С. 153. 2 Қаранг: Конституция (Основной закон) СССР. М.: Политиздат, 1978. 3 Қаранг: Конституция (Основной закон) Узбекской ССР. Ташкент: Узбекистан, 1978. 4 КПСС в резолюциях и решениях съездов, конференций и пленумов ЦК (1898–1988). Т. 14. 1981–1984. М.: Политиздат, 1987. сс. 507-508. 5 КПСС в резолюциях и решениях съездов, конференций и пленумов ЦК (1898–1988). Т. 14. 1981–1984.
11 1980-йилларнинг бошлари Ўзбекистон тарихида мураккаб ва зиддиятларга тўла давр бўлди. 1983 йилнинг ноябрида республикани деярли йигирма йил бошқариб келган Ўзбекистон КП МҚнинг биринчи секретари Ш.Р. Рашидов вафот этди. 1960-1970-йиллар давомида юз берган ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётдаги кўплаб ижобий ўзгаришлар унинг номи билан боғлиқ эди. Унинг ўлимидан сўнг Ўзбекистон КП МҚ биринчи секретари қилиб И.Б. Усмонхўжаев сайланди 1 . Айнан у раҳбар бўлган даврда Ўзбекистонда республика ва ўзбек халқига қарши қаратилган Марказнинг кенг кўламли қатағон сиёсати авж олди. 1984 йилнинг 23 июнида бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси МҚ XVI Пленумида ва унинг қарорларида республикада “қонунчиликни” ўрнатиш учун кураш қуллаб-қувватланди. Мазкур Пленум қарорларида “салбий кўринишларга қарши курашни бўшаштириб бўлмаслиги тўғрисидаги КПСС МҚнинг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, айрим партия, совет, касаба уюшма, комсомол ташкилотлари, маъмурий ва хўжалик органлари социалистик мулкнинг талонтарож қилиниши, порахўрлик, олиб-сотарлик, ...кўзбўмачилик, қўшиб ёзишларнинг олдини олишда қатъиятсизлик ва сусткашликка йўл қўйганликлари намоён бўлганлиги” таъкидланди 2 . Шунингдек ушбу ҳужжатда “...либерализм, шахсий таркибни тарбиялашдаги жиддий камчиликлар қонунни ҳимоя қилувчи органларга ҳам хосдир. Айрим партия қўмиталари, халқ депутатлари советларининг ижрои қўмиталари ўзларини обрўсизлантирган айрим раҳбар ходимларни жавобгарликдан озод қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай амалиёт аксилижтимоий характерга эга бўлиб, ... кадрлар тизимини издан чиқармоқда” каби салбий ҳолатлар қайд этилган 3 . Шундай қилиб, Марказ томонидан Ўзбекистонга ва миллий кадрларга нисбатан қатағон чораларини кучайтирилиши Ўзбекистон КП МҚнинг XVI Пленуми томонидан маъқулланди. И.Б. Усмонхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон сиёсий раҳбарияти Марказнинг партия органлари, прокуратураси, ИИВ тазйиқига қарши тура олмади. 1983 йилдаёқ “Ўзбекистонда адолат ва қонунчиликни ўрнатиш учун” СССР Бош Прокуратурасининг Т. Гдлян ва В. Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи ташкил этилиб, республикага жўнатилди. Аслида эса бу тергов гуруҳи барча тоифадаги мансабдор раҳбарларга, уларнинг қариндошларига, республиканинг оддий одамларига нисбатан Марказда ўйлаб топилган “пахта иши”, яъни “ўзбек иши” бўйича суд жараёни остида қонунсизликни авж олдирди. Ўзбекистонда беш йилдан зиёдроқ давом этган бу тергов гуруҳининг фаолияти натижасида 70 киши жиноий жавобгарликка тортилиб, 19та иш судга оширилиб, 40 киши судланди 4 . Гдлян ва Ивановларнинг тергов гуруҳи айбдорлар сафини кенгайтириш мақсадида порахўрлик бўйича асоссиз айблов амалиётини кенг жорий этиб, гумон қилинган шахсларни ва гувоҳларни ноқонуний ҳибсга олиш, дўқ-пўписа, қўрқитиш йўли билан “айбини тан олувчи кўрсатмалар” беришга мажбур қилди. 1 Правда Востока. 1983, 4 ноября. 2 Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси архиви. Ф. 58, рўйхат. 356, иш. 7, в. 8. 3 Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси архиви. Ф. 58, рўйхат. 356, иш. 7, вв. 8-9. 4 Правда Востока. 1990, 10 мая.
12 Улар ҳибсга олинганларни ҳақорат қилиб, уларнинг инсоний қадрқимматларини паймол қилишди ва ўлим жазоси билан қўрқитишди. Авваллари Ўзбекистонда ишламаган, ўзбек халқининг ўзига хос хусусияти, урф-одати ва ҳаёт тарзи ҳақида тасаввурга эга бўлмаган, аммо махсус ваколатларга эгаси бўлган 200 кишидан иборат терговчилар гуруҳи фаолияти устидан раҳбарлик ва назорат қилишда СССР Прокуратурасидан алоҳида диққат-эътибор талаб этиларди. Айни пайтда, республиканинг олий мансабдор шахсларининг “жиноий фаолиятини” тергов қилиш ҳақида гап борарди. Аммо, фаолиятлари қонунчиликка қатъий роия қилишдан иборат бўлиши лозим бўлган Гдлян ва Иванов гуруҳининг қонунга зид усуллари айнан СССР Бош Прокуратурасидаги бош прокурор ўринбосарлари Катусов ва Побежимовлар каби айрим раҳбарлар томонидан қўллаб-қувватланди. “Ўзбек миллионерлари яширган жойдан” тергов гуруҳи томонидан олиб қўйган қиммат-баҳо буюмлар ва пуллар эса телеведение кўрсатуви учун бир хонага жойлаштирилди. Ўзбекистондаги маъмурий буйруқбозлик тизимининг нуқсонли жиҳатлари ва КПСС миллий сиёсатининг самарасизлиги кадрлар сиёсатини амалга оширишда ва Марказнинг республикадаги миллий кадрларга бўлган муносабатида намоён бўлди. 1980-йилларнинг бошларидаги Ўзбекистон КПнинг ХХ съездида кадрлаш билан ишлаш масалалари кўриб чиқилиб, унда “хўжалик ва маданий қурилиш жабҳаларини ўзида чуқур билим ҳамда юксак партиявийликни мужассам этган интизомли раҳбарлар билан мустаҳкамлаш... Партия, давлат ва режали иқтисод интизомига қатъий риоя қилиш ва топширилган вазифани бажаришда уларнинг шахсий масъулиятини ошириш” каби вазифалар илгари сурилди 1 . Кадрлар сиёсатидаги ҳолат ва муаммолар 1981 йилнинг май ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон КП МҚнинг пленумида ҳам муҳокама этилди. Унда республика раҳбарияти ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг бу соҳадаги айрим салбий жиҳатларигагина эътибор қаратди: “...партиянинг айрим вилоят қўмиталари, шаҳар қўмиталари, район қўмиталари, бошланғич ташкилотлари кадрларни суст ўрганмоқдалар, уларни масъул лавозимларга тайинлашда хатоларга йўл қўймоқдалар, партия ва давлат интизомини бузаётган раҳбарларга нисбатан муросасозликка бормоқдалар”. 2 Аммо уч йилдан кейин, Ўзбекистон Компартиясининг кадрлар сиёсати тоталитар Марказнинг тўғридан-тўғри кўрсатмаси билан республика КП МҚнинг XVI пленумида (1984 йил, июнь) қаттиқ танқид остига олинди. Бу пленумда “сўнгги йилларда Ўзбекистонда жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги ва кадрлар сиёсатида қўпол хатолар мавжуд эканлиги, дабдабавозлик, ўз-ўзини мақташ муҳити вужудга келганлиги, қонунчиликни бузиш кенг қулоч ёйганлиги, порахўрлик ва бошқа кўринишдаги салбий ҳолатлар” юз берганганлиги таъкидланди. 3 1 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. – Т. 4. сс. 154-155. 2 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. С. 163. 3 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. – С.252-253
13 Ўзбекистон сиёсий раҳбарияти салбий кўринишларнинг сабабларини таҳлил эта туриб, асосли равишда “республиканинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида партия раҳбарлигида йўл қўйилган жиддий хатолар ва адашишларга кўплаб муаммоларни ечиш амалиётида жорий қилинган юзакичилик (субъективизм) натижасидагина йўл қўйилиши мумкин эди, ... раҳбар ходимларни жой-жойига қўйиш эса, баъзида ишчанлик салоҳиятига қараб эмас, балки шахсий садоқатига, яқинлигига ёки қариндошлик муносабатларига, ҳамюртлигига қараб амалга оширилган”лигини кўрсатиб ўтди 1 . Исбот сифатида айрим далиллар келтирилиб, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва бошқа айрим вилоятларнинг партия ташкилотларида ошна-оғайнгарчилик (протекционизм), лаганбардорлик, хушомадгўйлик шароитида кадрлар масаласи ҳал қилинганлиги кўрсатиб ўтилди 2 . Амалда эса кадрлар сиёсатидаги салбий кўринишлар нафақат Ўзбекистонга, балки бутун СССРга, шу жумладан КПСС МҚ ва собиқ Иттифоқнинг бошқа сиёсий институтларига ҳам хос эди. Иккинчидан, “кадрларни танлаш тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш ленинча тамойили”, деб номланмиш сиёсат авваломбор иттифоқдош республикалардаги миллий, айниқса юқори ва ўрта бўғиндаги кадрларга нисбатан ишончсизликка асосланган эди. Шу боис ҳам амалиётда бирор бир партиявий меъёрлар ёки қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб қўйилмаган тартиб мавжуд эди. Унга кўра, миллий иттифоқдош республикалардаги иккинчи шахс доим рус ёки ҳеч бўлмаганда славян миллатига мансуб шахслардан бўлиб, улар иттифоқ марказининг “кўзи ва қулоқлари” эди. Шундай қилиб, ҳокимиятнинг марказий органлари тарафидан маҳаллий миллий кадрларга нисбатан муайян ишончсизлик мавжуд эди. Ўзбекистон миллий кадрларига нисбатан Марказ томонидан бўлган ишончсизлик, айниқса, Ш.Р.Рашидов бошқарувидан кейин, яъни республика КП МҚга И.Б.Усмонхўжаев раҳбарлик қилган даврда яққол намоён бўлди. Москва ва Ленинграддан, шунингдек Россия, Украина ва Белоруссиянинг турли минтақаларидан Ўзбекистонга ҳокимият органларининг олий ва ўрта бўғинига ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига мансуб катта миқдордаги партия, совет, хўжалик кадрлари, суд, прокуратура ва милиция ходимлари юборилди. Уларнинг аксарият қисми нафақат Ўзбекистондаги шароит билан таниш, балки ўзбек халқи, бу ердаги маҳаллий аҳолининг урф-одатлари ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган шахслар эди. Лекин шунга қарамай, республикага кадрларнинг катта “десанти” ташланди. Ўзбекистон КП МКнинг биринчи секретари И.Б.Усмонўжаев бошчилигидаги республиканинг иродасиз раҳбарлари миллий кадрларга нисбатан ишончсизликка ўзларининг эътирозларини билдириш, шунингдек республика шаънини камситилишига тўсқинлик қилиш ўрнига, аксинча, КПСС МКдан Ўзбекистонга марказий аппарат, РСФСР ва бошқа республикаларнинг 1 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. – С. 255. 2 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. – С. 255.
14 йирик партия ташкилотларидан партия, совет ходимларини йўллаш амалиётини давом эттиришни қатиян талаб қила бошладилар. Ўрта бўғин раҳбарлар заҳирасини яратиш мақсадида марказий шаҳарлар ва СССРнинг бошқа республикаларидаги техник олий ўқув юртларида мутахассисларнинг амалиёт ўташи ва ўқишини кенгайтиришни, шунингдек, Ўзбекистонга ишлаш учун юборилаётган ёш мутахассислар сонини кўпайтиришга кўмаклашишни сўради 1 . Аммо Ўзбекистон сиёсий раҳбарияти фаолиятида аниқ-равшан позиция, ирода бирлиги бўлмагани, шу фаолиятнинг бўшлиги республикага қимматга тушди. Биринчи раҳбарларнинг йўл қўйиб бериши сабабли бу ерда ўзига хос “пинҳоний кабинет” таркиб топди ва у куч ишлатиб, тазйиқ ўтказиш ва орқаворотдан туҳмат қилиш йўли билан республиканинг чинакам манфаатларига мутлақо алоқаси бўлмаган авантюристик қарорларни юклади. Маҳаллий кадрлар ва бошқа минтақалардан жўнатилган кадрларнинг сунъий тарзда кучайтирилган қарама-қаршилиги тузатиб бўлмайдиган сиёсий ва маънавий зарар етказди. Бошқа минтақалардан жўнатилган кадрларнинг баъзилари республика эҳтиёжлари ва кулфатларига ҳамдард бўлиш у ёқда турсин, балки партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзларининг раҳбар лавозимларига тайинланишларини ўзбошимчалик қилиш учун берилган ёрлиқ (мандат) деб қабул қилдилар. Халқнинг жуда бой тарихи ва маданиятини, ўлканинг ўзига хос ноёб хусусиятларини билмаган ва билишни ҳам истамаган бу одамлар республика ҳаётини босиб-янчиб, қинғир ўзанга солишга киришдалар” 2 . И.Б. Усмонхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон сиёсий раҳбарияти мавжуд салбий кўринишларни ўзидан соқит қилиш учун республиканинг собиқ раҳбари Ш. Рашидовни айбдор қилди: – “Ўзбекистон КП МҚнинг собиқ биринчи котиби Ш. Рашидов айби билан партия комитетларида, республикани ижтимоийиқтисодий ривожлантиришнинг барча даражадаги раҳбариятида нуқсонли иш юритиш услуби ўрнатилиб, танқид эътиборсиз қолдирилди ва ўз-ўзини танқид қилиш йўқ эди. Партия ҳаётининг меъёрларидан, ижтимоий адолатдан ва совет қонунлари талабларидан қўпол чекинишларга қатъий баҳо берилмади. Кадрларни бамаслаҳат, ленинча тамойил бўйича ишчанлиги, сиёсий ва аҳлоқий сифатларига қараб танлаш ва жой-жойига қўйиш ўрнини қариндошлик, ҳамюртлик, шахсий содиқлик ва баъзан ғараз ниятлар эгаллаб, жиддий хатоларга йўл қўйилди...” 3 . Кейинчалик,Ўзбекистон тарихи ва Рашидов фаолиятининг мураккаб даври билан боғлиқ бўлган ижтимоий-сиёсий жараёнларга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қуйидагича баҳо берилди: “Ҳамиша тарихнинг ҳар қандай бурилиш паллаларида ҳам босиқ-вазминлик, холислик ва масъулият зарур. 60-80йилларда содир бўлган барча воқеаларни айрим шахсларнинг айби билан бўлган 1 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. . . сс. 404-405. 2 Правда Востока. 5 июня 1990г.; Каримов И. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –бб. 176-177. 3 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан... сс. 402-403.
15 эди, деб ўчириб ташлаш ва худди шу асосда ўша даврда, ҳамма нарса бир хил нохуш бўлган эди, чаплаб ташлаш мумкин эмас” 1 . “Шароф Рашидов фаолиятига баҳо беришда худди ана шу позициялардан ёндашиш лозим бўлади. У биз эндиликда турғунлик йиллари деб атаётган даврда, қарийб чорак аср мобайнида республикага раҳбарлик қилиб яшади ва ишлади. Агар олий адолат мавжуд бўлса, бизнинг эътиқодимизга кўра, халқ фикри олий ҳақиқатдир, худди ана шу адолат, худди ана шу ҳақиқат, ўша кишининг номи билан боғлиқ бўлган, республика ҳаётидаги ўзгаришларда катта аҳамиятга эга бўлган улкан ўзгаришларни рад эта олмайди. Тўғри, ўша даврда хўжакўрсинчилик ва рапортбозлик, дабдаба ва кўзбўямачилик, ошнаоғайнигарчилик ва фитна ҳам авж олган эди. Хўш, айнан Рашидов ўша барча воқеаларнинг асосчиси бўлган эдими? Ва бугун биз якдиллик билан қоралаётган иллатлар фақат унинг ўзигагина хос бўлганми? Ахир, худди шундай ҳодисалар бошқа республикалар ва минтақаларда ҳам рўй бермаганмиди? Брежнев ва унинг атрофидаги шахсларнинг масъулиятини ҳам унутмаслигимиз керак. Биз Рашидов номи билан боғлиқ бўлган барча салбий нарсаларни қоралаймиз. Бу салбий нарсалар биз учун мақбул эмас. Ўтмишнинг бу иллатидан покланишимиз керак. Бусиз олға қараб ҳаракат қила олмаймиз. Шу билан бир қаторда, ўша даврдаги қилмишларни эндиликда ҳаётдан кўз юмган битта шахснинг ўзигагина боғлаб қўя олмаймиз. Боз устига Рашидовни бугун фош этаётганларнинг аксарияти ўша вақтлар анча баланд лавозимларда у билан бирга ишлаган эди Шундай экан, ҳозир унинг номини сотишга йўл қўйиб бўлмайди” 2 . Таъкидлаш жоизки, бу каби салбий кўринишлар билан боғлиқ бўлган ижтимоий-сиёсий жараёнлар совет тоталитар бошқарув шаклининг маҳсули, сиёсий тузумнинг нуқсонлари бўлган эди. Умуман, 1970 йилларнинг охири -1985 йиллардаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни баҳолашда, бу даврдаги айрим шахсларнинг ўз лавозимларини суистемол қилиши билан боғлиқ воқеаларда бир одамни айблаб, шу асосда мазкур даврда рўй берган ҳамма жараёнларни салбий ҳодисалар сифатида ўчириб ташлай олмаймиз. Ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётда юз берган салбий ҳолатларга қарамай, Ўзбекистон халқлари яратувчанлик меҳнати билан банд бўлиб, одамлар ўз оилалари фароғати ва республика фаровонлиги учун меҳнат қилишиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва маданий салоҳиятини кўпайтириб боришган. Мазкур даврда Марказнинг Ўзбекистонга нисбатан ўтказган зуғуми шунингдек маънавий ҳаётда ҳам ўз аксини топди. 1980-йилларнинг ўрталарида аҳоли ҳаётида “илғор анъана, урф-одат ва маросимларни” қарор топтириш шиори остида миллий, диний анъаналар ва қадриятларга қарши навбатдаги 1 Правда Востока. 24 июня. 1990г.; Каримов И. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б. 185. 2 Каримов И. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –бб. 185-186.
16 кампания бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Компартияси МКнинг қарорида Ўзбекистон Компартияси МКнинг биринчи котиби И. Усмонхўжаевнинг “социалистик турмуш тарзи меъёри ва тамойилларидан жиддий оғиш, уни бартараф этиш ва республика аҳолиси ҳаётига илғор анъана, урф-одат ва маросимларни тадбиқ этиш тўғрисидаги” маълумотномаси маъқулланди. 1 Ушбу маълумотномада у “социалистик турмуш тарзи меъёри ва тамойилларидан жиддий оғиш”га қарши курашни кучайтиришни талаб қилди. Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Компартияси МҚ ҳокимият органлари, министрликлар ва маҳкамалар, ижодий уюшмаларга партия, совет, касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотларнинг сайъи-ҳаракатларини “социалистик турмуш тарзи, аксилижтимоий кўриниш, коммунистик аҳлоқ ва ҳулққа бегона бўлган оғишларни бартараф этишга қатъий” сафарбар қилиш юклатилди. “Совет дафн этиш маросими”ни тадбиқ этиш мақсадида барча қабристонлар қошида жамоат маросим комиссиялари ташкил этилиб, улар бу қарорнинг бажарилишини қаттиқ назорат остига олдилар. Натижада халқ урф-одатлари, анъаналари, маданиятига нисбатан травля кенг қулоч ёйиб, она тилининг қўлланилиш доираси сунъий равишда чекланди. Хатто кейинги вақтларда мавжуд бўлган ва миллий анъаналардан узоқда бўлган графика (ёзув) ҳам қайсидир маънода қаноатлантирмади ва уни модернизациялашга ҳаракат қилинди. Ҳатто миллий кийим ҳам танқид остига олинди. Вазият шу даражага етиб бордики, одамлар халқ анъаналарига мос тўйлар ўтказишга, қариндошларини дафн этишга ҳам қўрқиб қолишди 2 . Шундай қилиб, 1980-йилларнинг ўрталарида Марказнинг ўзбек халқининг миллий қадриятлари, диний урфларига қарши қаратилган сиёсати кучайиб борди. Адабиётлар 1. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Т.: Ўзбекистон, 2011. – 352 б. 2. Абдуллаев Қ. Совет тузуми ва миллий сиёсат муаммолари. – Т.: Фан, 2000. – 278 б. 3. Пулатов М. Шароф Рашидов: шахс ва давр. – Т.: Академнашр, 2014. – 240 б. 1 Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и пленумов ЦК. Том 4. Ташкент. Узбекистан. сс. 350-351. 2 Правда Востока. 4 июня 1990 г.