"СЎНГГИ ТЕМУРИЙ МАЛИКА" ҲИКОЯСИДА ТАРИХНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ
Abstract
Ўзбек адабиётида таниқли ёзувчи Тўлқин Ҳайит қаламига мансуб "Cўнгги темурий малика" ҳикояси бадиий жиҳатдан анча бақувват ҳамда тарих тўғри ва ҳаққоний акс эттирилган асарлар сирасига киради. Маълумки, Тўлқин Ҳайит кўпроқ тарихий мавзуда ижод қилган.Унинг тарихий мавзудаги "Турон тунлари", "Вафо маликаси" каби романлари ҳамда "Ўғузхоннинг сўнгги қурултойи (оқпарча)", "Тилхат", "Қарз", "Минг олтинга сотиб олинган ҳикмат", "Карвон қўнғироғи" каби ҳикоялари фикримиз далилидир.
Full text
297 ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 (Special issue) “СЎНГГИ ТЕМУРИЙ МАЛИКА” ҲИКОЯСИДА ТАРИХНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ Муҳайё Ҳамраева Филология фанлари номзоди, доцент. https://doi.org/10.5281/zenodo.17828530 Ўзбек адабиётида таниқли ёзувчи Тўлқин Ҳайит қаламига мансуб "Cўнгги темурий малика" ҳикояси бадиий жиҳатдан анча бақувват ҳамда тарих тўғри ва ҳаққоний акс эттирилган асарлар сирасига киради. Маълумки, Тўлқин Ҳайит кўпроқ тарихий мавзуда ижод қилган.Унинг тарихий мавзудаги "Турон тунлари", "Вафо маликаси" каби романлари ҳамда "Ўғузхоннинг сўнгги қурултойи (оқпарча)", "Тилхат", "Қарз", "Минг олтинга сотиб олинган ҳикмат", "Карвон қўнғироғи" каби ҳикоялари фикримиз далилидир. Адиб ҳикоя қаҳрамони Соҳибжамол характерини очишда руҳий таҳлил санъатидан унумли фойдаланган: "Соҳибжамолнинг хаёллари узоқ-узоқларга кетади. Бундан бир неча йиллар олдинги қора тунни эслайди. Ўша туннинг заҳми қалбига қора куядек тўшалади; ҳар йили, ҳар сафар ҳилол ой кенг осмон шоҳига айланган лаҳзаларда ундан бахтиёрроқ келинчак йўқ эди: ўшал қора оқшом ширин орзулари кўчасини қалб қони билан ювгани эсида, шодликнинг нархи юз минг тилло бўлганда ҳам, ҳеч бир иккиланмай сотиб олишга тайёр эди, афсус, афсус, ринд эди шу кунгача, ишқини ўғирламоқчи бўлдилар, ўша кундаги Бибисешанбада қўшни Амина кампир четга олиб: “Соҳибжамол, она қизим, сенгина суюклигимга бир гапим бор, Яратганнинг ғазабига учрашсин бу кофирлар, нима бор-ку, Тошқон кофир – ҳосилот, ўша-чи, ўша, қирилиб ўлгур, ўзига ёқмаган киши борки, қулоқ қилопти, ўша ичиб ўтирганда: “Соҳибжамол юрагимдан ўрган, ойдек гўзал париваш, эрини Сибирга сургун қилиб, уни ўзимга хотин қиламан”, дебди яшшамагур! Қизим, бир йўлини топ, эринг жувонмарг бўлиб кетмасин!” – деди кампир ва оғир хўрсинди...". Кўринадики, ёзувчи шахс руҳиятини англаш йўлидаги қарашларни ёрқин рангларда гавдалантиради. Бу бир жиҳатдан инсонни мушоҳадага чорлаб, тириклик дунёсида яшалган ҳар оннинг қадрига етмоққа ундайди. Айниқса, инсон руҳиятини янада тиниқ тасвирлаш мақсадида келтирилган ўринлар китобхон эътиборини тортиши аниқ."...Бу гап момоқалдироқдек гумбурлаб, қувонч оламини дўзахга айлантирди, тўфанг зарбидек қалб деразаларини чил-чил синдирди; машриқдан тонг гўзал инжулар сочганда, унинг дилида фурқат ўти ёқилди, сабо юзидан беозор ўпди, аммо лабини фиғон ариси чақиб, бутун танасига оғриқ солди.Тошқон кофир десалар, у нимага қишлоқ аҳли шундай чиройли, яхши одамни ёмон, дейди, дея ихтилофга борарди, бу гапни эшитгач, қаршисида жафокаш қишлоқдоши эмас, бадаҳд кимса қад ростлади. “Ё Аллоҳ, темурий маликалар ҳеч замонда ўз жуфту ҳалолларига хиёнат қилганмилар?!” дея савол берди ўзига-ўзи. Қалби шу заҳоти: “Йўқ, йўқ!” дея жавоб қайтарди...". Ушбу эпизодда ҳам Соҳибжамол характерида вафодор малика тимсолини кўрамиз. Айниқса, Тошқон кофир қиёфасини тасвирлаш асносида фойдаланган бўёқдор сўзлар образ характерини очишда кўмакчи вазифасини ўтаган. Воқеалар ривожида адиб Соҳибқирон Темур даври билан боғлиқ ҳақиқатни реал тасвирлашга уринади ва буни уддалайди:"...Соҳибжамолнинг кўзларида изғирин турди: “Бегим, Сизни мендан айирмоқчилар!” деди ва ўзини тутолмай ҳўнграб юборди. Эрининг кўзлари косасидан ташқари сирғалди. “Тошқан кофир шу нажас ишни ўзига раво кўрибдими?!
298 ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 (Special issue) Сиз бунга не дейсиз?” деб сўради. Соҳибжамол кўз ёшларини аритди, қўллари мушт тугилди: “Темурий маликалар учун хиёнат ётдир, бегим! Шавкатли бобом бошида тегирмон тоши ўйнаганда, пирлари Хоразм томонларга кетиб, жон сақлашни буюрганлар. Биз ҳам бир муддат, бу кофирлар замони завол топгунча, Афғон томонларда жон сақласак, деган ўйдаман!” – деди эрим нима дейди” деган мулоҳаза билан, бир оз тортиниб, ийманиб...". Кўринадики, лавҳада айни ҳақиқат Соҳибқирон юрт тинчлиги йўлида нимаики қилиш керак бўлса, барини бажаргани акс эттирилган. Бошқача айтганда, Амир Темур ҳақидаги тарихий ҳақиқатнинг бир бўлаги шу ўринда қайд этилади. Адиб ҳикояда 1930 йиллардаги қулоқлаштириш сиёсати билан боғлиқ аччиқ ҳақиқатни ҳам таъсирчан тарзда етказиб беришга интилган:"...Эри бир муддат ўйланиб қолди ва сўнг: “Ҳар куни бир неча оила Сибирга сургун қилинмоқда, бегуноҳ одамлар бурга тўла зиндонларга ташланмоқда, навбат бизга ҳам етиб келибди, бошқа илож йўқ, хоним, гоҳо аёлнинг гапига ҳам кириш керак, дейишади донолар”, деди ва ўрнидан турди: “Темирни қизиғида босган маъқул!..”. Шу ўринда, аёл кишига бўлган ҳурматнинг энг олий белгиси ҳам кўзга ташланган. Адиб кишилар ҳаётидаги маълум биргина воқеа тасвирланиши шарт бўлган ҳикояда нотўғри сиёсат юритилиши натижасида қаҳрамонларнинг дарбадарликда кечган изтиробга тўла кунларини, лек, келгусида миллат фарзандларининг эрк, озодлик учун интилишлари сўнмаганини, ҳаттоки, ўй-хаёлларида эл озодлигини исташдек, энг олий орзуларга кўмилиб яшаганини тасвирлайди. Ҳикоя қаҳрамони темурий малика Соҳибжамол ва унинг эрининг кўнгил тубидаги гўзал истаги юрт озод бўлишини истаб фарзанди аржумандига Ғолиббек деб исм қўйишигача бўлган ҳолатларни аниқ ва ёрқин буёқларда тасвирлаб қўяди. Аммо тириклик дунёсида ҳаёт ҳамиша ҳам бир текис кетмаслиги бизга воқеалар жараёнидан ойдинлашади. Бошқача айтганда, адиб бу вазифани ҳам шараф билан уддалайди"...Аммо бу борада бир неча кўнгилсизликлар юзага келди. Косиб синиб, эри ишсиз қолди. Бу ҳам етмагандай, қўл-оёғи фалаж ҳолда ётиб қолди. Катта рўзғорнинг бутун ташвиши Соҳибжамолнинг елкасига тушди. У қолганқутган бисотини ҳам заргарга элтиб берди, на қилсин, бемор эри ва икки боласини ебичириши керак. Баҳор ойининг ўртасида эрининг аҳволи оғирлашди, табибни чақирган эди, касални даволаш учун неча ўн тилло кераклигини айтганда, Соҳибжамолнинг ҳуши бошидан учиб, ўзини йўқотиб қўяр даражага тушди...". Ҳикояда эр ва хотин ўртасидаги лаҳзалик сўзлашув шарқона одоб доирасида тасвирланади. Айниқса, темурий маликанинг икки фарзанди билан хайрлашиш онида Темурийлар авлодига хос бўлган анъана муносиб давом этиб келаётганига урғу берилгандай назаримизда: "...Давлатбегим анча жиддий, зукко қиз эди. – Она қизим, сен отангга қараб тургин, овқатини доимо вақтида бергин! – дея тайинлади. Ғолиббекка эса: – Сен, ўғлим, Темурийсан, оила посбонисан, опанг ва отангга меҳрибон қўриқчи бўл! Жавонмардлик тўнини кий, кечалари сергак тур, қаттиқ ётиб қолма, ҳар кимни уйга киритма, дўсту душмандан эҳтиёт бўл! Бу ерда мусофирмиз, қўли калта кишилармиз, эҳтиёт қил ўзингни! – деб тайинлади ва ўзи дарвешча кийиниб, катта асони қўлга олди, ёнига кашкул тақиб, ўнг елкасига ола хуржунни осди: – Қани, дуо қилинглар! – деди. Авал эри дуо қилди, сўнгра қизи. Ғолиббек эса онасини бағрига босди. – Онажон, биз сизни кутамиз! – дея уни маҳкам қучди...". Воқеалар ривожида адиб ўзбек миллатига хос бўлган удум ва одатларни ҳам тасвирлаган. Ёзувчи бу жараённи очиб бериш учун "ўзбекчилик ҳали ҳам ўлмабди" деган жумладан ўринли фойдаланган.
299 ResearchBib IF - 11.01, ISSN: 3030-3753, Volume 2 (Special issue) Ҳикояда Соҳибжамол билан кампир суҳбатида мард, оқила, зукко ва меҳрли темурий малика образини тасаввур қиламиз. Адибнинг ютуғи шундаки, қисқагина лаҳзалик сўзлашувда қулоқлаштириш сиёсатининг аянчли оқибатларидан жабр кўрган матонатли ҳамда ориятли ўзбек аёлларининг сиймосини ёритиб бера олган. Бевосита асарни ўқиш мобайнида аждодларимиз ориятли ва ғурурли инсонлар бўлганлигига амин бўламиз. Оғир дамларда ўз номусини сақлаган ўзбек аёлига бўлган ҳурматимиз янада ошади. Темурий маликанинг ҳаётининг энг изтиробли дамларида ҳам ёлғиз суянчиғи Аллоҳ бўлгани, юрагида оилага бўлган муҳаббатининг асосини юртга бўлган муҳаббати ташкил этишини англаймиз. Асарда темурий малика Соҳибжамолнинг бир ярим ой деганда уйига етиб келиши ҳам тасвирланган. Ҳикоянинг сўнггида адиб оила шаънини ҳамма нарсадан устун қўйган ўзбек аёлининг тимсолини гавдалантирган. Адиб ушбу ҳикояси билан бугунги кунларимизда ҳам жамиятимизда ютуққа эришган аёл борки, дунёни ҳайратга кўмган темурий маликаларнинг орамизда муносиб издошлари борлигидан далолат беради демоқчи бўлган тасаввурни уйғотган. Умуман олганда, "Сўнгги темурий малика" ҳикояси тарих тўғри акс эттирилган ҳикоялар сирасига кириши билан муҳим аҳамият касб этган.