ШЕЪРИЙ АСАР ТАҲЛИЛИГА ДОИР МУЛОҲАЗАЛАР ( Лоиқ Шерали ижоди мисолида )
Full text
484 ШЕЪРИЙ АСАР ТАҲЛИЛИГА ДОИР МУЛОҲАЗАЛАР ( Лоиқ Шерали ижоди мисолида ) ФАЙЗУЛЛОЕВ Бахтиёр Бобожонович, академик Бобожон Ғафуров номидаги Хӯжанд ДУ доценти, филология фанлари номзоди (Тожикистон) Эл.почта: [email protected] DOI: https://doi.org/10.5281/zenodo.17933097 Аннотация: Мақолада адабиёт ӯқитишда шеърий асарларни таҳлили қилиш масаласига эътибор қаратилди. Мазкур мавзу замонавий тожик шеърияти-нинг илғор вакилларидан бири Лоиқ Шералининг айрим шеърлари мисолида кӯрсатиб ӯтилди. Таянч сӯз ва иборалар: анъана, ноанъанавий дарс, таржима, эркин таржима, матн, таҳлил ва талқин, антология, дастур, шеърий жанрлар, қиёсий усул, шеърий компонетлар. Аннотация: Статья посвящена анализу поэтических произведений в обучении литератуы. Данная тема была проиллюстрирована на примере некоторых стихотворений Лоика Шерали, одного из ведущих представителей современной таджикской поэзии. Ключевые слова и выражения: традиция, нетрадиционный урок, перевод, свободный перевод, текст, анализ и интерпретация, антология, программа, поэтические жанры, сравнительный метод, поэтические компоненты. Annotation: The article is devoted to the analysis of poetic works in teaching literature. This topic was illustrated by the example of some poems by Loik Sherali, one of the leading representatives of modern Tajik poetry. Key word sand phrases: tradition, non-traditional lesson, translation, free translation, text, analysis and interpretation, anthology, program, poetic genres, comparative method, poetic components. Маълумки, адабий таълимда лирик турга мансуб асарларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш ҳийла мушкул педагогик жараён ҳисобланади. Таниқли шеършунос олим Сувон Мели “Шеърни таҳлил қилиш қийин иш. Лекин ҳар қандай шеър таҳлил қилиниши керак...”, - деган ӯринли фикрни билдиган эди. Дарҳақиқат, шундагина шеърий асар бадиий фактдан адабиётшунослик фактига айланади ва китобхон онгида тугал қиёфага эга бӯлади. Шунинг учун ҳам турли илмий ва илмий-методик адабиётларда мазкур масалага доир кӯплаб маълумотлар мавжуд. Лириканинг шундай турлари борки, улар ҳақида муайян назарий маълумотларга эга бўлмасдан туриб, уларни идрок этиш мумкин эмас. Масалан, маснавий, мухаммас, туюқ, чистон, рубоий, мувашшаҳ ва муаммо каби мумтоз лирик жанрлар ҳақида назарий маълумоти бўлмаган ўқувчи бу турдаги асарлардан таъсирлана олмайди. Бунинг учун ӯқувчиларга олдиндан ҳар бир жанр ҳақида назарий маълумот бериш зарурияти пайдо бўлади. Энг
485 асосийси, болаларнинг адабий билимини оширмасдан, мавжуд тарихий фактларни ӯзлаштирмасдан, жамият тарихини англамасдан бадиий сӯз санъатини англаб олишга эришиб бӯлмайди. Шу нуқтаи назардан ўқувчиларга бадиий асарлар таҳлили, унинг ўзига хос хусусиятларига доир дастлабки адабий-назарий тушунчалар ҳақида ӯрта мактабларда маълумотлар бериб бориш адабий таълимдаги бугунги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан таниқли методист олим Қозоқбой Йӯлдошев таъкидлаганидек: “Бӯлажак адабиёт ӯқитувчилари бадиий асарни таҳлил қилиш йӯл-йӯриқларини ӯрганмас экан, адабиёт ӯқитувчиси ночорлигича, адабиёт дарслари зерикарлигича, асардан чиқариладиган хулоса “ижтимоий насиҳат” лигича қолаверади “ [ 5, 35 ]. Мактабда лирик жанрларни ўрганиш ва умуман шеърий асарлар таҳлилига доир мутахассис олимлар томонидан қилинган илмий ва методик характердаги ишларни кузатиш мумкин. Жумладан, А. Ҳожиаҳмедованинг «Мактабда аруз вазнини ўрганиш» (Тошкент, 1995), А.Зуннуновнинг « 4-10синфларда адабий-назарий тушунчаларни ўрганиш» (Тошкент,1974), А.Абдуқодировнинг «Бермоқ тизими таълими» (Хужанд, 2001), «Аруздан беш дарс» (Хужанд, 2001), Қазоқбой Йўлдошевнинг «Адабиёт ўқитишнинг илмийназарий асослари» (Тошкент, 1996), Боқижон Тўхлиевнинг «Адабиёт ўқитиш методикаси» (Тошкент, 2010), каби яна бошқа ишларни ҳам кӯрсатиш мумкин. Истиқлол даврида янги миллий мафкурани юзага келди. Бу ҳол мактаб ва маориф тизимида ҳам янги ислоҳотлар зарурлигини кун тартибига қӯйди. Жумладан, мактабда адабиёт фанини янги давр талаблари асосида ўрганиш учун энг аввал адабиёт дастури мундарижасини қайта кўриб чиқиш, уларни мукаммаллаштириш вазифаси мутахассислар зиммасига қӯйилди. Энг асосийси, бадиий асарларни баҳолашда маълум кӯрсатма ва қолиплардан воз кечилди. Мустақиллик даври ӯзининг мустақил дарсликларини ҳам яратиш учун имконият яратди. Атомдан кучли (А.Каҳҳор) бўлган адабиётни мактабда ўқитиш масаласи ҳар бир давр адабий таълимидаги муҳим ва асосий вазифалардан бири бўлиб келган. Собиқ Шўролар давлати инқирозга юз тута бошлаган даврда Россия газеталаридан бирида бир мактаб ўқувчисининг мактуби эълон қилинади. Мактубда: «Мен адабиётни яхши кўраман, аммо мактабдаги адабиёт фанини ёмон кўраман» - деб ёзган эди унда. Ўқувчи қизнинг ушбу мактуби матбуотда кескин баҳс мунозараларнинг юзага келишига сабаб бўлган эди. Кўплаб адабиёт муаллимлари, мутахассислар, шоир ва ёзувчилар, олимлар мунозарага
486 киришиб, мактабдаги адабиёт дарсликлари чиндан ҳам давр талабларига жавоб бера олмайдиган ҳолатга келиб қолганлигини асосли далиллар билан исботлаб, ўқувчининг эътирози ҳаққоний эканлигини якдиллик билан тасдиқлашганди. Ва зудлик билан Россия маорифи тизимида адабиёт дарсликлари янгилаш ҳамда сифатини тубдан ӯзгартириш борасида аниқ вазифалар белгиланган эди. Бундай ҳолат эндигина мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир мустақил республикалар маорифи олдидаги долзарб вазифалардан бирига айланди. Қисқа вақт ичида таълим тизимида янги тамойил талаблари устуворлаша бошлади. Жумладан, Тожикистон Республикасида ҳам ӯзбек тилида таҳсил олаётган ӯқувчилар эҳтиёжини қодириш мақсадида дастлаб «Ватан адабиёти» деб номланган 5–11–синфлар учун мўлжалланган янги ўқув-методик қўлланма мажмуа юзага келди [ 1, 260 ]. Мазкур ўқув–қўлланмада тожик адабиёти вакиллари ижодидан танлаб олинган намуналарни ӯриганишга эътибор қаратилганлиги билан аҳамиятга эга эди. Ӯқувчилар ӯзбек адиблари ижодини ӯрганиш билан бирга тожик мумтоз ва замонавий адабиётидан берилган намуналарни ҳам ӯзбек тилида ӯқиб, яқиндан танишиш имкониятига эга бӯлишди. Кейинроқ эса ундаги ҳар бир мавзулар турли синфлар учун нашр қилинган адабиёт дарсликлари мундарижасидан ӯрин олди. Жумладан 11-синф адабиёт дарслигида Лоиқ Шералининг ҳаёти ва ижодидан баъзи намуналар берилган бўлиб, улар буганги кунга қадар дастур доирасида ўрганиб келинмоқда [ 8,196-201]. Бунда ӯқувчилар дастлаб шоир таржимаи ҳоли билан танишиб сўнг унинг «Шоҳнома» илҳомлари», «Ҳайёмнома», «Тош китоб», «Модарнома» туркум асарларидан берилган намуналар билан бевосита яқиндан танишиб борадилар. Лоиқ Шералининг адабиёт дастури ҳамда дарслигидан жой олган лирик мероси тематик жиҳатдан ғоят ранг-баранглиги билан ӯқувчи эътиборини ўзига тортади. Агар « Шоҳнома» илҳомлари »да кўпроқ инсон фожиаларини кўрсатиш орқали одамларни огоҳликка даъват этса, «Модарнома» турку-мидан жой олган ҳар бир шеърда оналарга хос бўлган буюклик ва танҳолик каби фазилатлар ӯзга хос маҳорат билан чизиб берилган. Айниқса, Она – Ватан, она – халқ, она – табиат тушунчалари полифоник тасвир усулини юзага келтира олганки, бу шоирнинг чин маънодаги бадиий кашфиётлари дейишга имкон беради. Бундан ташқари, Лоиқни Она – Ватан куйчиси эканлигини кўрсатувчи «Ватан тупроғи», « Юксакликлар », « Ифтихор », «Тилак » сингари шеърлари ҳам келтирилган. Шунингдек, уни миллий шоир сифатида шуҳратини тараннум этувчи «Она тили » шеърининг ҳам таҳлили ўқувчиларга тақдим этилган.
487 Биринчи ӯринда Лоиқнинг лирик мероси билан ўқувчиларни таништи-риш жараёнида шоир шеърияти сув ичган адабий манбаларни, янада аниқроғи, шоир шеърларининг маънавий заминини аниқ далиллар асосида кўрсатиб беришдан иборат. Лоиқ бир гал ўзининг шоирлиги хусусида гапириб беришни сўраган мухбирга: « Агар мен ўзимни шоир десам, форс адабиётида шундай шоирлар борки, улар асрлар қаъридан туриб қаҳ-қаҳа отадилар...», - деган эди. Устоз шоирнинг ӯзига хос ижоди ҳамда шахсияти ҳақида Асқар Маҳкамнинг Лоиққа бағишланган хотира китобида шундай фикрлар берилган: « У ( Лоиқ Шерали – Б.Ф.) форс шеъриятининг сўнгги шогирди эди гўё. Кейин устод мақомига кўтарилди. Лоиқ шогирдлик ёки муридликни сидқидилдан ўтади. Хожа Ҳофиз даргоҳида муридлик қилди. Шайх Саъдийга таҳорат суви берди, буюк Мавлавийнинг остонасини супурди…» [ 2, 392 ]. Албатта, бу эътирофда устоз шоирга нисбатан шарқона эҳтиром акс этганлиги маълум бӯлади. Аслида Лоиқ шеърияти билан тиллашмоқчи бӯлган таржимон ҳамда шоир шеърларини шогирдларига етказмоқчи бӯлган ӯқитуви ҳам тажрибага, шоирлик ҳамда таржимонлик шунингдек, педагогик маҳоратига эга бӯлиши билан бирга “сӯз сеҳиргари” деган номга лойиқ бӯлган Ҳофиз Шерозий даҳосидан хабардор бӯлиши, Шарқда ахлоқ отаси мақомига эга бӯлган Шайх Саъдийнинг панду ӯгитларидан баҳраманд бӯлган бӯлиши, Паҳлавий тилда “Қуръон”,- деган юксак мақомга эга бӯлган Жалолиддин Румийнинг маснавийси таъсирида камолга етган бӯлиши лозим. Чунки бу бебаҳо чашмаларидан Лоиқ шеърияти доимо сув ичгани аниқ. Шоирнинг қуйидаги мисралари бунга гувоҳлик беради: Фалак гардишидан оҳфиғон ютдик, Ишқ ичра кўп ғаму кўп армон ютдик. Оналар кўксидан оқ сут эмдигу Тарих сийнасидан барча қон ютдик. Эй, кўзёш, йўлимнинг соф булоғи бўл, Эй, нола, умримнинг хуш сўроғи бўл. Кексайган чоғимда ассо бўл, қалам, Эй, шеър тобутимнинг қўнғироғи бўл. Бу мисраларда рамз ва образли фикр юксак шоирона усулда баён этилган бўлса-да, Лоиқ Шералининг мумтоз форс-тожик шоирларининг ижод мактабидан сабоқ олганлиги, уларга шогирд тушганлиги бор ҳақиқат. Унинг асарлари билан мукаммал ҳолда танишиш жараёнида бунга гувоҳ бӯлиш мумкин.
488 Иккинчидан, Лоиқ ижодини ўрганишдаги муҳим нуқталардан яна бири унинг асарларидаги анъана, янгилик ва маҳорат масалаларига ўқувчилар эътиборини қаратиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Адабиёт доимо анъаналар силсиласида камол топади. Аммо фақат анъаналар билан яшайдиган адабиёт заволга маҳкумдур. Анъана заминида кашфиётлар яратиш, адабиётнинг такомилини, унинг ривожини белгилайди. Шу нуқтаи назардан қаралса, Лоиқ шеърияти тафаккур ва туйғулар товланиши янги-янги намуналардир. Буни шакл ва мазмунда хам ифода имкониятларини излаш, уни реалликка айланлиришда кузатиш мумкин. Замонавий тожик шеъриятида Лоиқ амалга оширган янгилик шундан иборат эдики, у янги мавзу ва ғояларни қадимий форсий шеър қолипида, яъни ғазал, рубоий жанрларида ифода эта олди. Аниқроғи, Лоиқ янги тожик назмида бу адабий шаклларда тоза руҳ ва жон бағишлай олганлигини рубоийлари мисолида ҳам кузатиш ӯринлидир. Учинчидан, шоир асарларини ўқувчиларга янада мукаммалроқ ва янада аниқроқ ҳолатга етказишда, таълим тизимидаги мавжуд қиёсий усулдан фойдаланиш ҳам яхши самара беришини ӯз тажрибамиз давомида кузатдик. Лоиқнинг тожик халқининг чин фидойи ўғлони эканлигини, уни ҳақиқий миллий шоир сифатида ўқувчиларга тақдим этишда «Она тили» шеъри ҳар жиҳатдан эътиборлидир. Фикримизча, ушбу шеър таҳлил қилинаётганида худди шу ном ҳамда шу мавзуда ёзилган авар шоири Расул Ҳамзатов ва Ӯзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Она тилим” шеъларига таҳлил жараёнида эътибор қаратиб, шеърий матнларни қиёсий усулга таяниб таҳлил қилиш муҳим янги илмий хулосалар чиқаришга имконият яратади. Бу эса адабиётдаги адабий таъсир ва ижодий ӯзига хослик деб аталган адабий анъанани ӯқувчилар янада чуқурроқ англаб етишлари учун имкон пайдо бӯлади. Лоиқ шеъри: Барча йўқмишлар олдида эса, Буниси баридан ёмон жаҳонда. Она тил йўқолган сенинг олдингда, Гапираверади минг хил лисонда… Расул Хамзатов шеъри: Авар сўзин тинглаб кирди менга жон, Оҳиста тирилдим ва шунда билдим: Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон, Жонимга Масиҳдир шу она тилим Майли: ким қай тилдан завқу шавқ олса,
489 Менинг ўз тилимга минг жоним фидо. Эрта она тилим агар йўқолса, Мен бугун ўлишга бўлурман ризо. Абдулла Орипов шеъри: Минг йилларким булбул каломи, Ўзгармайди яхлит ҳамиша. Аммо шўрлик тўтининг ҳоли Бошқаларга тақлид ҳамиша. Она тилим, сен борсан шаксиз, Булбул куйин шеърга соламан. Сен йўқолган кунинг шубҳасиз Мен ҳам тўти бўлиб қоламан. Келтирилган ҳар учала шеърий матнларда она тилининг қудрати, уни авайлаб асраш, тил ҳар бир миллатнинг мавжуд эканлигини дунёга кўрсата олувчи ва тасдиқловчи муҳим ҳужжат эканглиги бадиий жиҳатдан асослаб берилган. Тўртинчидан, шоирнинг бетакрор шеърият оламига ўқувчиларни олиб кира олишнинг энг биринчи йўли унинг шеърлари матни ҳисобланади. Шундай экан, адабиёт ўқитувчилари шоир шеърларининг оригинал вариантини ўқувчилар ҳукмига етказа олиши ҳам муҳим эстетик қиммат касб этади. Аввало, болалар бу жараёнда форс-тожик тилининг гўзаллигини, унинг ӯзга хос назокатига ҳамда чинакам шеърият тили эканига ишонч ҳосил қилишлари, шубҳасиз. Бешинчидан, ӯқувчиларни Лоиқ Шерали мероси билан ошно этишда унинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган таниқли шоирлар Сирожиддин Саййид, Асқар Маҳкам, Одил Икром, Сайфуллохон Қорхонов, Жамшид Примов ва яна кӯплаб таржимонларнинг таржимонлик маҳоратларини таъкидлаш билан бирга уларнинг Лоиқ ижодидан амалга оширган энг сара таржималаридан баъзи намуналарни танлаб олиб, ўқувчиларга ёд олдириш ҳамда уларни ифодали ўқишларига эътибор қаратиш замонавий адабий таълимдаги асосий вазифалар сирасига киради. Шу ӯринда Лоиқнинг ӯзбек тилига истеъдодли шоир ва моҳир таржимон Одил Икром томондан маҳорат билан таржима қилинган ушбу “Бу ёмғирли тунда...” шеърини кузатиш мақсадга мувофиқдир: Бу ёмғирли тунда, маҳзун кечада
490 Онам кулбасини ӯйладим бир зум. Унинг чакка ӯтган томини эслаб, Дилимда бир дунё йиғлади юм-юм. Балки, рӯза тутиб Рамазон ойи, Қилмаган гуноҳин оқлаётгандир. Ифтор чоғи шифтдан томган чаккалар, Балки қулоғига ёқмаётгандир. Эски жойнамозда ӯтириб, балки, Юракдан Худони ӯйлайди ҳамон. Балки паст овозда Парвардигордан Сӯраб ӯтиргандир жаннатдан макон... Бир вақт қувноқ эди мунғайган онам, Узун сочлари ҳам тим қора эди. Сочидан таралган қатиқнинг ҳиди Бир хазина эди, бир чора эди. Енгини шимариб тирсакка довур, Минг битта тадбирни ӯйлаб топарди. Гӯё, у тақдирнинг қаттиқ қӯлидан Бизнинг ризқимизни юлқиб оларди... Онагинам! Менинг жаннати онам! Жойинг жаннатлиги гарчанд тайиндир. Лекин, томдан чакка ӯтган бу кунлар, Билмайман, негадир, жуда ғамгиндир... [ 4, 152 -154 ] Ушбу шеърда онаизорнинг кулбаси, унинг чакка ӯтган томи, шунинг-дек, эски жойнамоз, рамазон ойи, унда тутилган рӯза, Яратганга қилинаётган ҳар тунги ибодатлар, онанинг пажмурда қиёфаси бир пайтлар узун бӯлган тим қора сочлари ва улардан таралган қатиқнинг ҳиди, тирсакка довур шимарилган енг каби бир-биридан табиий, ҳаётий, миллийлик акс этиб турган тимсолу ташбеҳлар ҳамда бетакрор ҳар бир бадиий детал устод Лойиқ шеъриятида бадииятга қандай нақшланган бӯлса, Одил Икром таржимасида
491 ҳам худди шундай мисраларга нақши нигор бӯла олганлиги билан шеърхон қалбига яқиндир. Бундай тасвирлар ҳар бир шеър ихлосмандини ӯзига таниш ва қадрдон бӯлган дунё сари етаклайди. Энг муҳими, шеърхонда азиз зот саналган Онаизорни қӯмсаш ҳиссини юзага келтиради. Олтинчидан, шоир таржимаи ҳоли бўйича маълумот беришда унинг умр баёни, шарҳу ҳоли ифода этилган автобиографик мазмундаги асарларидан ҳам ўз ўрнида фойдалана олиш шоир шахсияти билан боғлиқ масалаларни янада теранроқ англаш имкониятини беради. Шу ӯринда таниқли олим ва зукко истеъдод эгаси Ӯзбекистон ёзувчилар иттифоқи аъзоси Сиддиқ Мӯминнинг қуйидаги Билмоқчи бӯлсанг гар шоир наслини Аждодин сроқлаб ёғдирма савол. Синчиклаб ӯқиб чиқ ҳар бир сатрини Шу эрур мукаммал таржимаи ҳол. мисралари юқоридаги фикрларимизни тасдиқлашга ёрдам берадиган бадиий далилдир. Бундан ташқари, шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда анъанавий дарс усуллари билан кифояланиб қолмасдан, адабий таълимдаги замонавий ноанъанавий, ностандарт (машварат дарс, семинар дарс, конференсия дарс, саҳна дарс, крассворд дарс ) каби қатор дарс усулларидан фойдаланиш билан бирга шеърий асар таҳилининг қуйидаги яъниобразлар бӯйича таҳлил, сюжет бӯйича таҳлил, шеърий вазн хусусиятига кӯра таҳлиллаш , бадиий санъатлар ҳамда асосий ва ёрдамчи шеърий компонентлар бӯйича таҳлил қилиш турларидан ӯз ӯрнида фойдаланиш дарс самарадорлигини таъмин-лашга хизмат қилувчи усуллар сирасга киради. Ва, ниҳоят, еттинчидан, бошқа мавзулар каби ўқувчиларни Лоиқ Шералининг бой ижодий мероси билан ошно этишга бел боғлаган адабиёт ўқитувчиси ҳар жиҳатдан намуна бўлиши бугунги адабий таълимдаги асосий талабларидан биридир. Айниқса, ўқитувчи иложи борича қуруқ ялтироқ, жимжимадор, насиҳатомуз гаплардан имкон қадар тийилган ҳолда унинг ўрнига шоирнинг эстетик оламини “мана мен”,- дея кўрсата олувчи шеъларидан намуналардан кўпроқ ёд билишлари, дарс жараёнида уларни ифодали бир ҳолатда ўқувчиларга етказа олиш маҳорати болаларда эстетик завқни уйғотада ва уларни гўзаллик оламига ошно этишга хизмат қилади. Шунингдек, дарс жараёнида шоир бадиий маҳоратига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бунинг учун адабиёт ўқитувчиси дарсдан ташқари ӯтказиладиган тўгарак машғулотларида, синфдан ташқари тадбирларда шоир
492 ҳаёти ва ижодига доир мавзуларни тизимли тарзда кенгроқ режада ӯрганиб боришлари адабий таълимдаги эътиборга лойиқ ишлардан ҳисобланади. Устоз Лоиқ тўртликларидан бири «Мен дўстлар кўнглига баҳор келтирдим... » деб бошланади. Бугунга келиб ҳар икки қардош ва ён қӯшни бӯлган – Янгиланаётган Ӯзбекистон ва Мустақил Тожикистон Республикаларида амалга оширилаётган кӯплаб хайрли ишлар қаторида китобга ва китобхонликка бӯлган эътибор, китобхонлик маданияти билан боғлиқ масала бугунги кунга келиб, давлат сиёсати даражасга айлангани қувонарлидир. Бу ҳол эса ҳар бир китобхоннинг қалбга Лоиқ шеърияти каби баҳор ва баҳорий кайфият улашиши, шубҳасиз. Устоз Лоиқнинг гўзал бой лирик мероси фақат шоирнинг тобути устидаги қўнғироқ бўлиб қолмасдан, балки XX аср замонавий тожик шеърияти кошонасининг баланд овозга эга қўнғироғи янглиқ яна кӯп йиллар давомида акс-садо бериб туришига шак-шубҳа йӯқ, албатта. ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 1. Абдуқодирова А. Ватан адабиёти. – Хӯжанд: “ Раҳим Жалил”, 2003. 2. Асқар Маҳкам. Оқ китоб. Роман, шеърий қисса ва бадиҳалар. Душанбе: “ Ирфон”, 2008. – 544 саҳ. 3. Ваҳҳобов А., Қозиxонов М. Таълими адабиёт дар мактаб. -Душанбе: «Маориф», 1988. 4. Замонавий тожик шеърияти антологияси. Тузувчи ва таржимон Одил Икром. - Хӯжанд: “Ношир”, 2017. – 336 бет. 5. Йӯлдошев Қ. Адабиёт ӯқитишнинг илмий назарий асослари. –Тошкент: “Ӯқитувчи ”, 1996. 6. Йӯлдошев Қ., Йӯлдошева М. Адабиёт ӯқитиш методикаси. Дарслик, -Тошкент: “Ӯқитувчи ”, 2022. 7. Лоиқ. Куллиёт. 2 ҷилд. –Хӯжанд: “Раҳим Жалил”, 20012008. 8. Мӯминов Б., Шоназаров Ю., Назаров Э. Адабиёт. Тожикистон ӯрта умумтаълим муассасаларининг таълими ӯзбек тилидаги 11 – синфи учун дарслик. – Душанбе: “Душанбе - Принт ”, 2019. – 256 саҳ. 9. Раҳмонов В. Шеър санъатлари. – Тошкент : « SHARQ », 2020. 10. Тӯхлиев Б. Адабиёт ӯқитиш методикаси. Дарслик, Тошкент, 2010. 11. Тӯхлиева Д. Ғазал таҳлил қилиш методикаси. Монография. - Тошкент, 2023. 12. Ӯзбек филологиясининг долзарб масалалари . (32-китоб) - Хӯжанд: “Кова”, 2023. 13. Ҳусанбоева Қ. Адабиёт ӯқииш методикаси ва муаммоли таълим. Ӯқув-методик қӯлланма.- Тошкент: “ InnovatsiyaZiyo “, 2022.